16:31 08.03.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ХЎЖАЛИК СУДЛАРИДА АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ КЕНГ ҚЎЛЛАШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ – ДАВР ТАЛАБИ

4 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди билан ҳамкорликда “Хўжалик судларида ахборот-коммуникация технологияларни кенг қўллашнинг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш – давр талаби” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда O`zLiDeP фракцияси аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, Олий хўжалик суди судья ва ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар хўжалик суди раислари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти хўжалик суди судьялари, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари масалалари Давлат қўмитаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, “Ўзбектелеком” АК ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда, юртимизда истиқлол йилларида суд-ҳуқуқ соҳасининг ислоҳ этилиши, суд ҳокимиятининг тўла мустақиллигини қарор топтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, қонунийликни таъминлашда унинг роли ва аҳамиятини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилаётганлиги таъкидланди. 
Айниқса, кейинги йилларда давлат ва назорат қилувчи органлар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг бевосита мулоқотсиз электрон шаклларини ҳамма жойда кенг татбиқ этиш, даъво аризаси (ариза), шикоят, илтимоснома ва бошқа мурожаатлари, шунингдек унга илова қилинган ҳужжатлар хўжалик судига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда электрон кўринишда юборилиши мумкинлиги, суд ҳужжатлари ва бошқа ёзишмаларни юборишни маълумотлар алмашишнинг электрон воситалари орқали амалга ошириш имкониятини назарда тутувчи электрон ҳужжат алмашинувини жорий этишнинг суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиш (шу жумладан, маълумотларни алмашишнинг электрон воситалари орқали), ишда иштирок этувчи шахсларга суд ҳужжатларини, агар уларда электрон манзиллар мавжуд бўлганда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда электрон почта орқали амалга оширилаётганлигига эътибор қаратилди.
Таъкидлаш лозимки, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, суд ишлари юритишнинг тезкорлигини ошириш мақсадида электрон суд процессини ташкил этиш, хусусан видео, аудио қайд этишни жорий қилиш, шунингдек суд процесси стенографиясининг янги шакллари бўйича таклифларни тайёрлаш белгиланган.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида ўтган йили иқтисодиётнинг барча тармоқларига ва кундалик ҳаётимизга ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш масаласига ўта муҳим эътибор қаратилганлиги, айни вақтда, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш бўйича ишларни келгуси йилларда изчил давом эттириш лозимлиги кўрсатиб ўтилган эди.
Дарҳақиқат, бугунги жадаллик билан ўзгариб бораётган даврда суд-ҳуқуқ тизими ривожини ҳам замонавий ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. 
Хусусан, Президентимизнинг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида 2013 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари учун қулайликлар яратиш мақсадида хўжалик судларида даъво аризалари ва илтимосномаларни электрон шаклда қабул қилиш, 1 июндан бошлаб эса, хўжалик судларида суд муҳокамаси иштирокчиларига суд ҳужжатлари ва бошқа хат-хабарларни маълумотлар алмашинувининг электрон воситалари орқали юбориш тартиблари амалиётга татбиқ этилган. Натижада эса, тадбиркорлик субъектларининг вақти ва маблағлари тежалиши билан бирга одил судловнинг ошкоралиги ҳамда шаффофлиги, судлар фаолиятининг самарадорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида хўжалик судларида суд мажлисларини видеоконференция усулида ўтказиш амалиётини жорий этиш мақсадида Олий хўжалик суди томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда “Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида муҳокама қилинмоқда.
O`zLiDeP фракцияси аъзоларининг фикрича, суд мажлисларини видеоконференция усулида ўтказиш амалиётининг жорий этилиши – ишни кўраётган суддан бошқа ҳудудда жойлашган тадбиркорлик субъектлари учун улар жойлашган ҳудуддан чиқмасдан, вақтлари ва маблағларини тежаган ҳолда суд процессида иштирок этишлари имконини беради. 
Хўжалик процессуал кодексининг амалдаги нормаларига кўра ишларни кўриш ишни кўраётган суднинг биносида ўтказиладиган мажлисда амалга оширилади. Бундай тартиб иш кўрилаётган суддан бошқа ҳудудда жойлашган тарафлар учун, иш кассация инстанцияси суди, яъни Олий хўжалик судида кўрилаётганда эса икки тараф учун ҳам анча вақт ва маблағни талаб этиши табиий ҳолдир.
Статистик маълумотларга кўра, 2011-2013 йиллар мобайнида хўжалик судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларда жами 30 мингдан ортиқ тарафлар вакиллари бошқа вилоятлардан хўжалик судларига келиб кетишган. Шунингдек, мазкур муддат давомида Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси суди томонидан кўриб чиқилган ишларда бошқа ҳудуддан Тошкент шаҳрига кассация инстанцияси суди суд мажлисида иштирок этиш учун 8 мингдан ортиқ тарафлар вакиллари келиб кетган. Бунда суд иштирокчиларининг нафақат транспорт, балки овқатланиш, меҳмонхона харажатларини ҳам инобатга олсак, харажатлар суммаси сезиларли даражада кўпайишини кузатиш мумкин.
Сўзга чиққанлар томонидан қонун лойиҳасида назарда тутилган видеоконференция алоқа тизимининг жорий этилишини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериши, одил судловни таъминлаши, шунингдек, бутун хўжалик судлари тизимининг фаолиятини ташкил этиш ва бу фаолият устидан мониторинг олиб боришда Олий хўжалик суди фаолиятининг самарадорлигини оширади.
Зеро, ушбу тизим ҳар қандай маълумотларни жойлардаги судларга тезкорлик билан етказиш, масофавий йиғилишлар, семинарлар ва конференцияларни ўтказишга имконият яратади. Бунда қуйи суд судьяларининг Олий хўжалик суди томонидан ҳозирги вақтда ўтказилаётган йиғилишларида иштирок этиш учун сарфлаётган маблағи тежалишига эришилади. Бундан ташқари, видеоконференция ускуналари воситасида Олий хўжалик суди раҳбарияти томонидан масофадан туриб жойлардаги фуқаролар қабулини ташкил этиш имконияти ҳам яратилади.
Тадбир иштирокчилари томонидан хўжалик судлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексига қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш, одил судлов фаолиятининг сифат ва самарадорлигини ошириш баробарида, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли, тезкор ҳимоя қилиш борасида қулай муҳитини яратишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди. 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме