18:15 16.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ГАРОВ РЕЕСТРИ - КИЧИК БИЗНЕС РИВОЖИ УЧУН ЯНА БИР ИМКОНИЯТ

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ташаббуси билан республикамизнинг барча ҳудудларида “Тадбиркорлар мулоқот форуми” лойиҳаси доирасида “Гаров реестри – фаровонликни ошириш ва кичик бизнесни ривожлантириш омили” мавзуида амалий мулоқотлар ўтказилмоқда.  Навбатдаги шундай тадбир O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши  томонидан ташкил этилди.   - Бу мавзудаги тадбирлар Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятни ривожлантириш Концепциясига мувофиқ тайёрланган “Гаров реестри тўғрисида”ги қонун лойиҳасини мутахассис ва экспертларни жалб этган ҳолда кенг доирада батафсил муҳокама қилиш, уни янада такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида ўтказилмоқда, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Р.Каримов. – Бу қонун тадбиркорлик фаолияти кўламини кенгайтириш учун қулай шароитларни шакллантириш, мазкур соҳадаги ортиқча маъмурий тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади. O‘zLiDeP фикрича, “Гаров реестри тўғрисида”ги қонун жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиёти сифатини ошириш ва янада яхшилашга кўмаклашади. Мулоқот қатнашчилари Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида бозор иқтисодиёти ва унинг механизмларини ривожлантириш, жумладан, замонавий бозор муносабатларига жавоб берадиган молия тизимини шакллантиришга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади. Тадбирда Ўзбекистонда кредитлашнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, тадбиркорлик субъектларини молиялаштиришни такомиллаштириш, гаров реестрининг лизинг шартномаси иштирокчилари манфаатлари ҳимоясидаги ўрнига бағишланган маърузалар тингланди.   - Бу қонун қабул қилиниши билан гаров реестрини ҳисобга олишнинг ягона базасини ташкил этишга доир ҳуқуқий механизмлар аниқланади, – деди Марказий Банкнинг Тошкент шаҳар бошқармаси бўлим бошлиғи А.Қосимов. – Улар таъминотлар ва бошқа шаклдаги вазифаларни ҳисобга олиш, таъминотнинг ҳуқуқий мақоми ва қарздорлар мулкига оғирликларни аниқлаш, шунингдек, таъминотни ноқонуний амалга ошириш ёки бегоналаштиришнинг олдини олиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Бу қонун таъминотлар бўйича ахборотни қайд этиш, сақлаш ва алмашиш, шунингдек, улар бўйича ягона ахборот базасини яратишга оид муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Шу муносабат билан маълумотлар ягона базаси шаклида гаров таъминоти бўйича реестрни ташкил этиш, реестр эгасини, шунингдек, реестрда рўйхатга олинадиган таъминот турларини аниқлаш, активлар эгалари ҳамда кредит олувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини қонуний мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда.    Тадбир иштирокчилари гаров реестри гаров ахборотини электрон шаклда ҳисобга олиши ва юритишига алоҳида эътибор қаратди. Тегишли дастурий таъминот орқали гаров реестридан реал вақт режимида узлуксиз ва кеча-кундуз фойдаланиш, гаров ахборотини олиш мумкин.  Амалий мулоқотда бу ва бошқа янгиликлар кредит ажратиш таваккалчилигини камайтириш ҳисобидан кичик бизнесни ривожлантириш учун кредит ажратиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши эътироф этилди.  Тадбирда мазкур қонуннинг қабул қилиниши гаров реестрини юритиш, сақлаш ва ундан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратиши, кредит берувчилар манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтириши, мамлакатимиз банк-молия тизими рейтингини ошириши билдирилди.  Тадбир якунида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишига тўсқинлик қилаётган, тадбиркорлик фаолияти эркинлигини чеклаётган бир қатор муаммоларни доимий равишда тизимли ўрганиб бориш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.   Тадбирда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутатлари, ҳамкор ва мутасадди ташкилотлар вакиллари, мутахассислар, тадбиркорлар иштирок этди. 
O‘zLiDeP Тошкент шаҳар КенгашиМатбуот хизмати 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме