19:00 15.03.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ГАРОВ МУНОСАБАТЛАРИ: МИЛЛИЙ АМАЛИЁТ ВА ХАЛҚАРО ТАЖРИБА

 Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси ташаббуси билан Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан ташкил этилган семинар «Гаров реестри – фаровонликни ошириш ва кичик бизнесни ривожлантириш омили» мавзусига бағишланди. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Халқаро молия корпорацияси (IFC) билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирдан кўзланган асосий мақсад «Гаров реестри тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кенг доирадаги мутахассис ва экспертлар, тадбиркор ва фермерлар иштирокида чуқур муҳокама қилиш ҳамда уни янада такомиллаштириш юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат бўлди. Шунинг учун ушбу анжуманга Банклар ассоциацияси, Савдо–саноат палатаси, Лизинг берувчилар уюшмаси раҳбарлари ва барча тижорат банклари вакиллари ҳам таклиф этилди. Семинар қатнашчилари алоҳида таъкидлашганидек, Ўзбекистонда мустақиллик йилларида бозор иқтисодиёти механизмларини жадал ривожлантириш, жумладан, замонавий талабларга жавоб берадиган молия тизимини шакллантиришга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» асосида 2011-2012 йилларнинг ўзида иқтисодиётни эркинлаштиришни ҳуқуқий таъминлашга қаратилган ўн бешдан ортиқ янги қонун қабул қилингани бу борадаги изчилликнинг ҳаётий тасдиғидир. Шу билан бирга, туб ўзгаришларнинг объектив таҳлили иқтисодиётни бошқариш тузилмаларини уларнинг бозор нормаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан янада такомиллаштириш ва эркинлаштириш заруратини тақозо этаётир. Тадбиркорлик субъектларига банк хизматлари кўрсатиш соҳаси эса бу жараённинг ажралмас қисмидир. – Президент Ислом Каримовнинг 2012 йил 18 июлдаги «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора¬-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига биноан банк хизмати сифатини халқаро андоза ва мезонларга тўлиқ мос келадиган даражага етказиш, молия муассасалари ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш ҳамда гаров реестрининг ягона базасини яратиш мақсадида «Гаров реестри тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тайёрлаш назарда тутилгани ҳам бежиз эмас, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси, O`zLiDeP фракцияси аъзоси Бахтиёр Иминов. – Зеро, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан гаров реестрини ҳисобга олишнинг ягона базасини шакллантиришга доир ҳуқуқий механизмлар аниқ ва батафсил тартибга солинади. Бу эса, ўз навбатида, таъминот ва унинг мақоми бўйича ахборотни қайд этиш, сақлаш ва алмашиш жараёнининг ҳуқуқий асос яхлит қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйилишини англатади. Муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасига мувофиқ, гаров реестри электрон шаклдаги ахборотни ҳисобга олиши ва юритиши анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Энг муҳими, гаров реестридан тегишли дастурий таъминот орқали реал вақт режимида узлуксиз ва кечаю кундуз фойдаланиш мумкин. Бунинг учун рўйхатдан ўтиш ва гаров ахборотини олиш имконияти мавжуд. Қонунчиликка киритилаётган ана шундай янгиликлар кредит ажратишдаги таваккалчиликни камайтириш ҳисобидан кичик бизнесни ривожлантириш имкониятларини янада кенгайтириши табиий. – Мазкур қонун лойиҳасининг маромига етказиб қабул қилиниши партиямиз электорати саналган тадбиркор ва ишбилармонлар фаолиятида долзарб аҳамиятга эга бўлади, – дейди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Қувондиқ Ҳамзаев. – Шунинг учун ҳам бевосита фракциямиз ташаббуси билан ташкил этилган бугунги тадбирда гаровдаги мулкни рўйхатдан ўтказиш ва гаров реестри тизимини шакллантириш борасидаги хорижий мамлакатлар тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда ушбу қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Амалий ва очиқ мулоқот тарзида уюштирилган семинар давомида «Гаров реестрининг банк тизимидаги аҳамияти», «Гаров реестри – лизинг шартномаси иштирокчиларининг манфаатлари ҳимоясида», «Тадбиркорлик субъектларини молиялаштиришни такомиллаштириш – фаровонлик ва ривожланиш омили» сингари қатор маърузалар тингланиб, «Гаров реестри – молиялаштириш имкониятини оширишнинг асосий элементи: халқаро тажриба» мавзуида тақдимот ўтказилди.  Бугунги кунда ҳам республикамизда гаров учун қўйиладиган мулкни ихтисослаштирилган реестрлар (кадастр ва нотариус)да рўйхатдан ўтказиш тартиби мавжуд. Лекин мазкур органларда гаровга қўювчи ва олувчилар фойдаланиши мумкин бўлган ягона маълумотлар базасининг йўқлиги амалиётда баъзи муаммоларни келтириб чиқармоқда. Масалан, битта мулкни бир вақтнинг ўзига бир неча банкка гаровга қўйиш ҳолатлари кузатилаяпти. Шу маънода ҳам қонун лойиҳасининг асосий мақсади кредитларни расмийлаштириш жараёнини янада такомиллаштириш, кўчар мулкни гаров айланмасига қўшиш ва маблағ ажратишда тижорат банклари таваккалчилигини камайтириш орқали кичик бизнесни молиялаштириш кўламини кенгайтиришдан иборатдир. – Молия бозоридаги асосий воситаларни янгилаш ва модернизация қилишда банк кредити билан биргаликда лизинг инструменти ҳам фаол қўлланилаётгани эътиборга молик, – дейди Ўзбекистон Лизинг берувчилар уюшмаси бош директори Зафар Мустафоев. – Давлатимиз томонидан яратиб берилган имтиёзлар бу борадаги муваффақиятларда бош омилдир, десам янглишмайман. Хусусан, лизингга бериш учун олиб кирилаётган технологик ускуналар ҚҚС ва бож тўловидан, лизинг мулки лизинг даври мобайнида мол-мулк солиғидан, шунингдек, лизинг хизматлари 2017 йилгача даромад солиғидан озод этилган. Ўтган йили лизинг лойиҳалари ҳажмининг 2011 йилга нисбатан 22 фоизга ўсгани ҳам ана шундай имтиёзлар шарофатидир. Бундан ташқари лизинг хизматлари ҳажмининг тижорат банклари томонидан ажратилаётган инвестицион кредитларга нисбати ҳам 11 фоизга етди. Бугунги кунда янги лизинг лойиҳаларининг технологик ускуналар кесимида мелиорация соҳаси (27,2 фоиз) етакчилик қилаётгани бежиз эмас. Умуман олганда, ҳозирда мамлакатимизда 99 та лизинг берувчи бўлса, шундан фақат 26 таси банклар, 73 таси эса айнан лизинг компаниялари эканлиги ҳам диққатга сазовордир. Хўш, «Гаров реестри тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши лизинг берувчилар ва лизинг олувчиларга қандай кафолатлар яратади? З.Мустафоевнинг фикрича, гаров реестри юзага келиши мумкин бўлган хавфларнинг ишончли тўсиғи сифатида майдонга чиқади. Чунки қонун қабул қилингач, гаров объекти мажбурий равишда реестрдан ўтади ва лизинг шартномаси томонлари гаров объектининг ҳуқуқий ҳолати ҳақида ўз вақтида тўлиқ маълумотга эга бўлади. Энг муҳими, тадбиркорларнинг гаров эвазига кўпроқ молиявий маблағлар жалб этиш орқали ишлаб чиқаришни ривожлантириш имконияти янада кенгаяди. Бу эса кичик бизнеснинг тараққиёти ҳисобига мамлакат иқтисодиёти тобора бақувват бўлиб боради, деганидир.  – Кўп мамлакатларда йиллар давомида синалган жаҳон тажрибаси ҳам шундан далолат бериб турибди, – дейди Халқаро молия корпорациясининг Ўзбекистондаги мувофиқлаштирувчиси Ариф Насибов. – Зотан, гаров реестри молиялаштириш имкониятини оширишнинг таянч нуқтасидир. Агар замонавий гаров реестри жорий этилган мамлакатларда хусусий секторни кредитлаш миқдори ялпи ички маҳсулотга нисбатан 60 фоизни ташкил этаётган бўлса, аксинча, тизимга етарли эътибор қаратилмаган давлатларда ушбу кўрсаткич 32 фоиздан ошмайди. Аниқ мисол тариқасида Мексика ва Хитойда гаров реестрини ривожлантириш ҳисобига эришилган ютуқларни кўриб чиқишимиз мумкин. Мексикада 2010 йилнинг октябрь ойида соҳанинг ҳуқуқий асоси яратилиб, марказлаштирилган  on-line реестр жорий этилди. Натижа шундай бўлдики, ҳали орадан икки йил ҳам ўтмай, яъни 2012 йилнинг май ойига келиб кўчар мулклар билан таъминланган кредитлар миқдори 117 мингга етди. Эътиборли томони шундаки, шу даврда бизнес субъектларининг таъминотни расмийлаштиришга сарфлайдиган харажатлари 3,5 млрд. АҚШ долларига камайган. Гаров реестрига оид қонун Хитойда 2007 йилда қабул қилинган бўлиб, бир йилдан сўнг марказлаштирилган  on-line тартиб жорий этилган. 2011 йилгача мазкур реестрда рўйхатга олинган кредитлар миқдори 380 мингдан ошиб, бу кўрсаткичнинг 80 фоизи кичик бизнес ҳиссасига тўғри келди. Ҳозирги кунда гаров орқали расмийлаштирилган кредитларнинг умумий ҳажми 3,5 трлн. доллардан зиёдни ташкил этмоқда.  Тадбир якунида мамлакатимизда банк-молия операцияларининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг бундай хизматлардан самарали фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиришга доир аниқ таклиф ҳамда амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.
“XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме