19:30 02.11.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Фракция тадбиркорликни рағбатлантиришга оид янги қонунларни қўллаб-қувватлади

Депутатларнинг таъкидлашларича, Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 18 июлдаги «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида тайёрланган ушбу қонун лойиҳаларига хусусий сектор эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни назарда тутувчи бир қатор янги нормалар киритилмоқда. Хусусан, давлатга жиддий зиён келтирилмаган иқтисодий жиноятлар бўйича судланганликни олиб ташлаш муддатини 2 баробарга камайтириш, бевосита жабрланувчи томонидан даъво қилинмаган тақдирда жиноят ишларини тугатишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар шулар жумласидандир. — Муҳокама этилган қонун лойиҳаларига кўра, Жиноят кодексининг бир қатор бобларида кўрсатилган жиноятларни содир этган шахслар давлатга жиддий зиён келтирмаган тақдирда ЖКнинг 78-моддасида белгилаб қўйилган муддатларнинг камида тўртдан бирини ўтаганидан кейин, 167-168-моддалар ҳамда XI-XIII бобларида (ўзгалар мулкини талон-торож қилиш билан боғлиқ бўлмаган, иқтисодиёт асосларига қарши ва хўжалик фаолияти соҳасидаги жиноятлар) назарда тутилган жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан эса жабрланувчининг даъвоси бўлмаса, судланганликни олиб ташлашга оид қўшимчалар киритилаяпти, — дейди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Ориф Шарипов.  — Шунингдек, Жиноят кодексига атамаларнинг хуқуқий маъносига оид ўзгартишлар киритиш таклиф қилиниб, жиноятлар бўйича “кўп бўлмаган зарар”, “анча миқдор”, “анча миқдордаги зарар”, “кўп миқдор”, “кўп миқдордаги зарар” “жуда кўп миқдор”, “жуда кўп зарар” миқдорлари белгилаб қўйилмоқда. Бундан ташқари, Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддасига давлатга жиддий зиён келтирилмаган ва жабрланувчи томонидан даъволар бўлмаган тақдирда, Жиноят кодексининг  167, 168, 175-192-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан айблилик тўғрисидаги масалани ҳал этмай туриб, жиноят  ишларини тугатиш учун янги асосларни белгиловчи кўшимчалар киритиш назарда тутилган. Фракция аъзоларининг фикрича, бундай ўзгартишлар тадбиркорлик субъектлари ва хусусий мулк ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эгадир. Бошқача айтганда, Жиноят кодексига киритилаётган қўшимчалар жиноятларнинг иқтисодий зарар миқдори даражасини ошириш каби квалификация белгиларини ўзгартириш ҳисобига жиноят қонунчилигини либераллаштириш бўйича яна бир муҳим қадамдир. Хусусан, кўп бўлмаган зарар миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баробаридан 100 баробаригача, анча миқдор ва анча миқдордаги зарар қиймати энг кам ойлик иш хақининг 100 баробаридан 300 баробаригача, кўп миқдор ва кўп миқдордаги зарар қиймати энг кам ойлик иш хақининг 300 баробаридан 500 баробаригача, жуда кўп миқдор ва жуда қўп миқдордаги зарар қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баробари ва ундан ортиқни ташкил этиши белгиланмоқда. Мазкур қонун лойиҳаси орқали Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилаётган ўзгартиш ва кўшимчалар эркин тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш билан бирга ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади. — Ушбу қонун лойиҳаси ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш, корхоналарнинг фаолияти билан боғлиқ тартиб-таомилларнинг барча турларини қисқартириш, соддалаштириш ва очиқ-ойдинлик даражасини ошириш, бизнесни юритиш шарт-шароитларини баҳолаш мезонларининг жаҳон амалиётида қабул қилинган тизимни жорий этиш ва шу асосда мамлакатимиз ишбилармонлик ҳамда инвестиция муҳити даражасининг халқаро рейтингини янада оширишга қаратилгандир, — дейди O’zLiDeP фракцияси аъзоси Равшан Асқаров. Йиғилишда «Сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари янада ривожлантирилиши муносабати билан «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокама қилинди.Алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу қонун лойиҳаси «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» талабларидан келиб чиққан ҳолда тайёрланган бўлиб, парламент қуйи палатасидаги бир гуруҳ депутатларнинг қонунчилик ташаббуси асосида кун тартибига киритилмоқда.– Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинганидан кейин Марказий сайлов комиссияси аъзолари, тегишли вазирлик ва идораларнинг экспертлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида атрофлича муҳокама қилинди, – деди Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси ўринбосари, O’zLiDeP фракцияси аъзоси Адҳам Шодмонов. – Жумладан, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида шу мавзуда амалий семинарлар, давра суҳбатлари ва халқаро конференциялар ўтказилиб, уларда билдирилган таклиф ва тавсиялар умумлаштирилди. Бундан ташқари, Варшава ва Берлин шаҳарларида уюштирилган тадбирларда ҳам қонун лойиҳасининг айрим жиҳатлари атрофлича кўриб чиқилиб, унинг иштирокчилари бўлган халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланди. Қонун лойиҳаси расмий сайтларга жойлаштирилганидан кейин жамоатчилик вакилларидан 4300 дан зиёд таклифлар олинди. Ҳудудлар кесимида ўтказилган тадбирларда эса яна 300 га яқин тавсиялар жамланган бўлса, шундан 70 дан зиёди O’zLiDeP фаолларининг фикр-мулоҳазаларидир. Энг муҳими, ана шу таклифларнинг 36 таси қайсидир маънода қонун лойиҳасида ўз аксини топди. Фракция аъзоларининг фикрича, қонун лойиҳасида бир нечта асосий қоидалар яққол кўзга ташланиб туради. Масалан, сайловолди ташвиқоти жараёнининг моҳиятини очиб бериш ва унинг бир хил тушунилишини таъминлаш мақсадида айнан «сайловолди ташвиқоти» тушунчасига аниқ таъриф берилгани эътиборга моликдир. Бу тушунча «сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни депутатликка номзод ёки сиёсий партия учун овоз беришга ундашга қаратилган фаолият» сифатида белгилаб қўйилмоқда.Қонун лойиҳасига сайлов куни ва сайлов бошланишидан бир кун олдин сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги норма ҳам киритилаяпти. Таклиф этилаётган янги норма сайловчиларга ўз нуқтаи назарини аниқлаштириш, қайси сиёсий йўлни маъқул деб топиб, ким учун овоз бериш тўғрисидаги масала юзасидан онгли қарор қабул қилиш учун қўшимча вақт беришни назарда тутади. Шунингдек, бу норма овоз бериш арафасида турли суиистеъмолликлар ва қоидабузарликларнинг олдини олиш имконини беради.Сайловолди ташвиқотининг самарадорлигини ошириш мақсадида 2004 ва 2009 йиллардаги сайлов кампаниялари таҳлилидан келиб чиқиб, қонун лойиҳасида сайловолди ташвиқотини олиб бориш турлари, шакллари ва усуллари ҳам белгилаб қўйилмоқда. Чунончи, сиёсий партиянинг ўз номзодлари учун овоз беришга даъват этувчи дастури ёки Сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни, депутатликка номзод ҳақидаги маълумотларни тарқатиш ташвиқот турлари сирасига киритилмоқда. Сайловолди ташвиқоти шакллари сифатида эса омма олдида баҳс-мунозаралар, матбуот конференциялари уюштириш, интервью бериш, сайловчилар иштирокида йиғилишларда сўзга чиқиш алоҳида кўрсатиб ўтилмоқда.– Оммавий ахборот воситалари, жумладан, телевидениедан фойдаланиш, босма, кўргазмали, аудиовизуал материалларни чиқариш ва тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш ҳам сайловолди ташвиқотининг кенг қўлланадиган усулларидир, – деди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Тўлқин Турсунов. – Депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотининг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турлари, шакллари ва усулларидан ҳам фойдаланишлари мумкин.Амалдаги қонунчиликка биноан, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган сайловчи участка сайлов комиссиясидан сайлов варақасини талаб қилиб олиш ва қайси номзодга овоз бериши ҳақидаги қарорини ёпиқ конвертда қолдириш ҳуқуқига эга. Бироқ унда бу жараённинг аниқ муддати ҳамда тартиб-таомили белгиланмаган. Янги нормага кўра, муддатидан олдин овоз бериш сайловдан 10 кун аввал бошланиши ва сайловга бир кун қолганда тугатилиши назарда тутилмоқда. Қонун лойиҳасида, шунингдек, кузатувчиларга Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов бўйича конференциясида иштирок этиш ҳуқуқи берилмоқда. Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши сайлов эркинлиги принципини тўлиқ амалга ошириш, сайлов тизимини янада демократлаштириш, сиёсий партияларга тенг шароитлар яратиш ҳамда сайловнинг ошкора ва очиқ-ойдинлигини таъминлашга хизмат қилади.Фракция йиғилишида, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 356-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”, «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисда»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида», «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида», «Рақобат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилингани муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари ҳам муҳокама этилиб, кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Озод РАЖАБОВ
«ХХI asr» ижтимоий-сиёсий газетаси 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме