17:30 02.06.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Фракция сайловчилар билан учрашувлардан тегишли хулосалар чиқарди
Бу борадаги муҳим вазифалардан бири, шубҳасиз, сиёсий партияларнинг парламентдаги фракциялари аъзоларининг ўз сайлов округидаги фаолиятини тизимли ташкил этиш билан боғлиқ. Қабул қилинаётган қонунларнинг жойларда қандай ишлаётгани, хўжалик юритиш амалиёти айни пайтда қандай қонунларга эҳтиёж сезаётгани, сайловчилар қандай ҳаётий муаммоларга дуч келаётгани ва уларни ҳал этиш юзасидан қай тартибда чоралар кўриш заруратини аниқлаш долзарб вазифалардандир. Айни пайтда парламент қуйи палатасидаги фракцияларнинг аъзолари ушбу масалада илгариги ёндашувлардан фарқли равишда сайловчилар билан учрашувлар масаласига муҳим сиёсий тадбир сифатида қараб, партияларнинг Сайловолди дастурларида илгари сурилган устувор масалалар юзасидан қабул қилинган қоунларнинг жойлардаги ижросини ўрганиш ва шу асосда тегишли хулосалар чиқаришга ҳаракат қилмокдалар.
O`zLiDeP фракцияси аъзоларининг навбатдаги учрашувларида ҳам юқоридаги талаблар бош мезон сифатида белгилаб олинди. Агар илгари депутатнинг сайлов округидаги фаолияти турли шикоят ва маиший мавзудаги масалалар билан чекланган бўлса, бу гал амалдаги қонун ҳужжатларининг ҳаётга татбиқ этилиши, қонунларнинг жойлардаги ижросида йўл қўйилаётган камчиликларни келтириб чиқарган сабабларга асосий эътибор қаратилди. Бундай ёндашув ўз-ўзидан қатъий депутатлик назорати ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлигини кучайтиришга хизмат қилаётгани сайловчилар томонидан бежиз таъкидланмаяпти.
O`zLiDeP фракцияси аъзоларининг навбатдаги учрашувлари Президентимизнинг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да белгилаб берилган устувор вазифаларга, яъни парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришга қаратилгани билан ниҳоятда муҳим сиёсий тадбирга айланди. Хусусан, тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантиришга қаратилган қонунчиликнинг жойлардаги ижроси, тадбиркорлар, фермерлар фаолиятининг янада тараққий топишига халақит бераётган ҳолатларни аниқлаш ва бартараф этишда ушбу учрашувлар муҳим ўрин тутди. Дастлабки таҳлилларга кўра, фракция аъзолари жами 510 дан зиёд учрашув ўтказган бўлса, уларда 30 мингга яқин сайловчи иштирок этган. Депутатлар билан сайловчилар ўртасидаги юзма-юз мулоқотлар одамларнинг ижтимоий онги, ҳаётга муносабати ўзгариб, юз бераётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан фуқаролик масъулияти тобора ошиб бораётганини кўрсатди. Буни, айниқса, ёшлар томонидан Президент Концепциясида илгари сурилган, мамлакатимизнинг эртанги қиёфасини белгилаб берувчи ғоялар билан боғлиқ устувор йўналишларни амалга ошириш борасида депутатлик корпуси, қолаверса, ижро ҳокимияти томонидан амалга оширилаётган ишларга қизиқишлари, айрим ҳудудларда маҳаллий ҳокимият органларининг бу йўналишдаги фаолиятига танқидий муносабат ҳам аҳолида юрт эртаси учун дахлдорлик ҳисси ошиб бораётганига яна бир далил бўлди.
Кези келганида фракция аъзоларининг учрашувларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг ҳуқуқий асоси бўлган қонун ҳужжатлари ижроси ва бу борада ечимини кутаётган масалалар муҳокамасига жиддий эътибор қаратилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
— Учкўприк туманидаги учрашувда тадбиркорлик фаолиятини тараққий эттиришга йўналтирилган янги қонун лойиҳалари, банк ва солиқ тизимида яратилаётган имтиёзлар ҳақида сўз борди, — дейди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Қобилжон Тошматов.
Унинг фикрича, учрашувларда тараққиётимизнинг янги босқичини қамраб олган Концепциянинг устувор йўналишлари ижроси нафақат парламент, балки жойлардаги маҳаллий кенгаш депутатлари масъулиятини ҳам ошириши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ялпи ички маҳсулотдаги улушининг ортиши хусусида мушохада юритилган. Мамлакат аҳолисининг карийб 75 фоизи хусусий секторда банд экани ҳам бу фикрни исботламоқда. O`zLiDeP эса айни пайтда ўз эътиборини айнан ўрта синф манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар яратишга қаратмоқда.
— Бу сафарги учрашувларда ариза ва мурожаатлар билан ишлаш тартибига ўзгартишлар киритилгани, яъни фракция аъзоларининг фуқаролар учун қабул кунлари ташкил этиш институтидан унумли фойдаланилгани ҳам яхши самара берди, — дейди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Абдуқодир Тошкулов. — Бу усул мурожаатларга амалий жавоб қайтариш сифатини ҳам тубдан яхшилади.
Шу ўринда партиямиз депутати сайланган 70-Термиз сайлов Округи фуқароларидан тушган 37 та мурожаатнинг 19 таси жойида ҳал этилгани, 18 таси эса депутат сўрови тарзида турли идораларга юборилганини таъкидлаш жоиз.
Маълумки, партиянинг Сайловди дастурида тадбиркорлик фаолиятининг эркинлигини таъминловчи ҳукуқий кафолатларга нафақат қонунчиликда, балки амалиётда ҳам қатъий риоя қилиниши керак, деган ғоя алоҳида ўрин эгаллаган. Аммо сайловчилар билан ўтказилган учрашувларда ҳали-ҳануз айрим ҳудудларда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ўрнига хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш ёки маъмурий ресурсларни кўллаш орқали улар фаолиятига тўсиқ бўлишга уриниш ҳолатлари учраётгани маълум бўлди.
Сайловчилар билан учрашувларда фермерлик ҳаракатини ривожлантиришда ҳам айрим муаммолар мавжудлиги аниқланди.
Жумладан, Қумқўрғон туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи М.Ирдонаев «Соҳибкор» фермер хўжалиги раҳбари Н.Холбоева номидан ушбу фермер хўжалигини тугатиш тўғрисидаги сохта хужжатлар тайёрлаб, унинг ноқонуний тугатилишига сабаб бўлган. Избоскан туман ҳокимлиги хузуридаги ер участкалари бериш масалаларини кўриб чиқиш комиссияси эса «Ғуломжон орзулари» фермер хўжалиги раҳбарининг розилигисиз, демакки, ноқонуний тарзда бошоқли дон экилган 1000 квадрат-метр ер майдонини Ж.Ҳожиакбаровга ажратиб берган. Энг ачинарлиси, бундай ҳолатларнинг қишлоқда шаклланаётган мулкдорлар қатлами — фермерлик ҳаракатига ўз таъсирини кўрсатаётганлигидир.
Жойлардаги баъзи мутасаддиларнинг бундай хатти-ҳаракатлари уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 18 апрелдаги «Фермер хўжаликларини қайта ташкил этиш ва уларнинг ер майдонларини оптималлаштиришда қонунчиликка риоя этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг мазмун-моҳиятидан етарлича хабардорликларига шубҳа уйғотмасдан қолмайди.
Айни пайтда O`zLiDeP фракцияси депутатларининг учрашувларида аниқланган маълумотлар умумлаштирилиб, ушбу хулосалар асосида ишлаб чиқилган тавсияларни фракциянинг навбатдаги йиғилишларида муҳокома қилишга келишиб олинди. Лекин дастлабки таҳлиллар асосида ҳозирданоқ фракция қатор йўналишлар бўйича ўз фаолиятини янада такомиллаштириши лозимлиги аён бўлиб қолди.
Хусусан, учрашувларда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида фракция аъзолари бозор иқтисодиётининг негизи ҳисобланган хусусий мулкка нисбатан давлат томонидан берилаётган асосий кафолатларни таъминлашга каратилган «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини имкон қадар тезроқ ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарур, деб ҳисобламоқдалар. Фракция аъзолари Президентимиз Концепциясида ана шу қонунни бежиз кўзда тутилмаганини, ушбу қонун мулк эгаларининг ҳар қандай кўринишдаги мулкий ҳукуқларининг Конституция билан таъминланган дахлсизлигини таъминловчи ғоятда муҳим хукуқий механизмини яратиб бериши кераклигига эътибор қаратаяптилар.
Иккинчидан, фракция куйи палатанинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг «Фермер хўжаликлари тўғрисида», «Деҳқон хўжаликлари тўғрисида»ги қонунлари, шунингдек, фермерликни қўллаб-қувватлашга қаратилган Президент фармонлари ижросини ҳудудлар кесимида ўрганиш, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда эса ҳудудларда ушбу йўналишдаги кичик бизнес субъектларининг фаолиятини самарали ташкил этиш даражасини тизимли равишда ўрганиш орқали мавжуд қонунчиликнинг тегишли идоралар томонидан ижросини таҳлил қилишни режалаштирмоқда.
Учинчидан, сайловчилар билан учрашувларда жамланган маълумотлар ижро ҳокимияти устидан самарали парламент назорати, қолаверса, кенг жамоатчилик назоратини таъминлаш, бунинг учун зарур бўлган хуқуқий асосларни янада мустаҳкамлаш долзарб масалага айланганини яққол кўрсатди. Шунинг учун ҳам «Парламент назорати тўғрисида», "Жамоат назорати тўғрисида"ги қонунларни ишлаб чиқиш орқали самарали назорат механизмини яратиш фракция аъзолари зиммасидаги муҳим вазифалардан бири сифатида белгилаб олинди. Зеро, бугунги кун талабига жавоб берадиган тизимли ишларни самарали ташкил этиш зарурати айнан шу йўналишдаги ишларни тубдан яхшилаш лозимлигини кўрсатмоқда. Тилга олинган қонунларнинг кабул қилиниши эса, шубҳасиз, қатъий депутатлик назорати ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлигини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Обсудить новость на Форуме