18:45 15.06.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Фракция йиғилиши
Жорий йил 13 июнь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, фракция аъзолари, ҳуқуқшунос ва экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Йиғилишда Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилаётган бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Депутатлар дастлаб учинчи ўқишда ҳавола этилаётган «Геология-қидирув ишларини ташкил этиш ва олиб бориш тизими такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини муҳокама қилдилар.
Мазкур қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари, фракциялари ҳамда ялпи йиғилишида муҳокама қилинган эди. Ишчи гуруҳи томонидан тушган таклифлар ва билдирилган фикр-мулоҳазалар инобатга олинган ҳолда учинчи ўқишга тайёрланди ва қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан маъқулланди.
Қонунчилик палатаси депутатларининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиб, киритилган «Давлат статистикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси депутатлар эътиборига биринчи ўқишда ҳавола этилмоқда.
2003-2010 йилларда иқтисодиётни янада либераллаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши ҳамда ахборот-коммуникация технологияларининг кенг ривожланиши мазкур қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш учун замин яратди.
Билдирилган фикр-мулоҳазалардан сўнг қонун лойиҳаси концептуал-ҳуқуқий жиҳатдан маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган «Тугатишга доир иш юритишнинг айрим тартиб-қоидаларини ўтказиш муддатларини тезлаштиришга йўналтирилган «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Ресубликаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Лойиҳада «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг кредиторларнинг биринчи йиғилиши суд мажлисига камида ўн кун муддат қолганида ўтказилиши лозимлиги назарда тутилган 10 ва 71-моддаларига ўзгартишлар киритиш назарда тутилмоқда.
Банкротлик таомилини ўтказиш муддатларини мақбуллаштириш мақсадида қонун лойиҳасига биноан Қонуннинг 49-моддасига хўжалик судининг мажлисида банкротлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилишини, банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан икки ойлик муддатгача қисқартиришни назарда тутувчи ўзгартириш киритиш таклиф этилмоқда.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши банкрот корхоналарни тугатиш билан боғлиқ айрим тартиб-қоидаларни амалга ошириш муддатини тегишли равишда мақбуллаштиради.
Савол-жавоб ва музокарадан сўнг қонун лойиҳаси маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган навбатдаги «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 7 февралдаги 1474-сонли қарори билан тасдиқланган «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастурининг 7-банди ижроси юзасидан тайёрланган.
Унда лицензиянинг амал қилиши эмас, балки лицензиянинг ўзи ҳужжат сифатида бекор қилиниши ёки қайта расмийлаштирилиши каби ҳолатдан келиб чиқиб, лойиҳада «лицензия» тушунчасига таҳририй аниқлик киритиш таклиф этилмоқда.
Қонунга мувофиқ лицензия давогари ёки лицензиат юридик ёки жисмоний шахс бўлиши мумкин. Қонуннинг бу таҳрири хорижий шахсларга ноаниқлик келтириб чиқармоқда, Қонунда лицензия давогари ёки лицензиат сифатида эътироф этилаётган юридик ёки жисмоний шахс Ўзбекистон Республикаси резиденти ёҳуд норезиденти бўлиши аниқ белгиланмаган.
Амалга оширилиши фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, соғлиғига, жамоат хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган фаолият турлари лицензияланиши лозим, шу туфайли лицензиянинг фақат Ўзбекистон Республикаси резидентларига берилиши мақсадга мувофиқдир.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳасида «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Хусусий корхона тўғрисида»ги қонунларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектлари, корхоналар фаолиятини текширишларни қисқартириш ва назорат қилишни такомиллаштиришга хизмат қилади.
Савол-жавоб ва музокарадан сўнг қонун лойиҳаси концептуал-ҳуқуқий жиҳатдан маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилган «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва улар прекурсорларининг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш бўйича Марказий Осиё минтақавий ахборот мувофиқлаштириш марказини ташкил этиш тўғрисида Озарбайжон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги Битимни (Остона, 2006 йил 24 июль) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Наркотик моддалар, психотропик воситалар ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний муомаласига қарши кураш бўйича Марказий Осиё Минтақавий ахборот ва мувофиқлаштириш марказини ташкил қилиш тўғрисида Озарбайжон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги Битим (МОМАММ) 2002 йилнинг октябрь ойида БМТ Бош котиби К. Аннаннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган ташаббусни амалга ошириш нуқтаи назаридан ишлаб чиқилган. Битим Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2007 йил 29 январда иш тартибида, шунингдек юқоридаги бир қатор давлатлар томонидан имзоланган.
Битимнинг мақсади наркотикларнинг ноқонуний муомалада бўлиши соҳасида ўзаро алоқада бўлиш, оператив ахборотни таҳлил қилиш ва айирбошлаш, шунингдек биргаликдаги халқаро тезкор-тергов операцияларини ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштириш учун минтақавий алоқа органини тузиш йўли билан наркотик моддаларнинг ноқонуний тарқатилишига қарши кураш соҳасида иштирокчи давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг минтақавий ҳамкорлигини кенгайтиришдан иборат.
Фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳасини бирйўла уч ўқишда қўллаб-қувватлаш таклифини беришди ва маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган «Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун масъулият оширилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Лойиҳа хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш чораларини қўллаш ва шундай ҳаракатлар учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган жавобгарликни назарда тутади.
Муҳокамалардан сўнг, фракция аъзолари қонун лойиҳасини концептуал-ҳуқуқий жиҳатдан маъқулладилар.
Йиғилишда шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосарини сайлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва фракциянинг келишилган нуқтаи назари ишлаб чиқилди.
Обсудить новость на Форуме