23:00 16.06.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Фракция бюджет ижросини қатъий назоратга олди
Фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, марказ ва жойларда парламент ҳамда маҳаллий вакиллик органларининг ижро ҳокимияти органларининг ижро ҳокимияти устидан назорат функциясининг янада кучайтирилиши бевосита давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этиш билан узвий боғлиқ эканини ҳамда бу масалада парламент аъзоларининг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Депутатлар маклакатимизнинг бош иқтисодий ҳужжати ижроси натижаларини муҳокама қилишда барқарор ривожланиш, иқтисодиётни модернизациялаш, уни диверсификация қилиш, ишлаб чиқаришни техник қайта жиҳозлашга йўналтирилаётган маблағларидан оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Шу ўринда мазкур масала фракция аъзолари етакчилик қилаётган қўмиталарда алоҳида йўнилишлар бўйича атрофлича таҳлил қилинганини ҳам таькидлаш жоиз.
O`zLiDeP фракцияси аъзоларининг фикрича, ҳалигача давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози билан боғлиқ мураккаб шароитларда бюджет масаласининг муваффақиятли ҳал этилиши мамлакат иқтисодиётининг бугунги ва келгуси ҳолатини белгилаб бериш билан бирга Ўзбекистоннинг узоқ истиқболга мўлжалланган мақсади — дунёнинг энг замонавий ва ривожланган демократик давлатлари қаторидан ўрин олиши, ўз халқига юксак турмуш шароитлари ҳамда жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига имкон беради.
Мажлисда сўзга чиққан молия вазири ўринбосари М.Мирзаев ҳисобот даврида молиявий инқироз ва унинг тугалланиш босқичида узоқ муддатли барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш ва унинг халкаро миқёсда рақобатбардошлигини ошириб боришга жиддий эътибор қаратилганини таъкидлади.
Бу эса юксак технологияларга асосланган янги иқтисодий тизимни шакллантиришга замин яратувчи саноат, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма соҳасида муҳим стратегик лойиҳаларни амалга ошириш имконини берди. Шу мақсадда “2009-2014 йилларда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техникавий ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича энг муҳим лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари” дастури ҳам ишлаб чиқилиб, унда 42,5 млрд. АҚШ долларига тенг 885 та инвестициявий лойиҳани амалга ошириш назарда тутилди. Бугунгача ана шу дастур асосида 2,7 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган 419 та лойиҳа амалга оширилди. Нефть-газ, кимё, металлургия саноати ва бошқа соҳаларда эса 36 та йирик ишлаб чиқариш объекти ишга туширилгани натижасида 2010 йилда ялпи ички маҳсулот 8,5 фоиз ошди. Иқтисодиётда солиқ юки камайтирилганига қарамай, давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,3 фоиз миқдоридаги профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси эса белгиланган прогноз кўрсаткичидан ошмади. Бу ана шу даврда минг-минглаб иш ўринлари яратилганини, рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча имкониятлари юзага келганини англатади, албатта.
Мамлакатни модернизация қилиш, корхоналарни техник ва технологик қайта жиҳозлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш орқали эса аҳолини зарур истеъмол буюмлари билан таъминлаш каби устувор масалалар 2011 йилнинг биринчи чорагида ҳам изчил давом эттирилди. Шу давр оралиғида ялпи ички маҳсулот 7,6 фоизга ўсди. Саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми эса 5,2 фоизга ошди.
Йиғилишда фракция аъзолари давлат бюджети маблағларининг иқтисодиётни модернизациялашга сарфланиши масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу харажатлар 2010 йилда 1,5 трлн. сўмни ёки 2009 йилга нисбатан 20 фоизга ортиқ ҳажмни ташкил қилди. Айни пайтда биринчи чоракда иқтисодиётнинг реал сектори ривожига бюджетдан ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12 фоиз кўп маблағ сарфланган бўлса, унинг 65 фоиздан ортиғи қишлоқ ва сув хўжалигини таъминлаш ҳамда қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.
Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Д.Турдиевнинг таъкидлашича, жорий йилнинг январь-март ойларида жами 145 та ишлаб чиқариш объекти ишга туширилиб, худудларнинг экспорт салоҳиятини, жумладан, махаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида товар ва хизматлар экспорти 28,5 фоизга ўсди. Бу эса ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдосини таъминлашга хизмат қилди.
Фракция аъзолари бундай кенг кўламли ишлар O`zLiDeP электорати бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш билан бевосита боғлик эканини алоҳида таъкидлаб, молия-банк тизими томонидан ўрта синф вакилларига ажратилаётган кредитлар миқдори ва соҳадаги ишлар билан қизиқдилар.
Тақдим этилган ҳисоботларга кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида тижорат банклари корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш учун 1,12 триллион сўм ёки 2010 йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоиз кўп миқдорда кредитлар йўналтирган. Бу эса ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва янги иш ўринларини ташкил этиш имконини берди, албатта. Январь-март ойларида ҳудудий дастурларга мувофиқ 219 мингта янги иш ўринлари яратилган бўлса, уларнинг 62 фоизидан ортиғи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳиссасига тўғри келади.
Мажлисда таъкидланганидек, мамлакатда самарали бюджет сиёсатини амалга ошириш кўп жиҳатдан солиқ ва мажбурий тўловларни ўз вақтида давлат ғазнасига келиб тушишига боғлиқдир. Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Э.Гадоевнинг қайд этишича, хисобот даврида солиқ органлари томонидан бюджетга 600,9 млрд. сўмлик маблағлар туширилиши таъминланган. Кичик корхона ва микрофирмалар учун ягона солиқ тўлови ставкасининг 7 фоиздан 6 фоизга пасайтирилгани хусусий сектор вакилларининг маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятини кескин жонлантириш имконини берган. Бошқача айтганда, кичик корхона ва микрофирмаларнинг 18,3 миллиард сўм миқдоридаги маблағлари тежалиб, ишлаб чиқариш кувватини ошириш ва ишчи-хизматчиларни моддий рағбатлантириш имконини яратди.
Фракция мажлисида мамлакатнинг бош молиявий ҳужжатида белгиланган параметрларни бажаришда қўлланилаётган бошқа масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Муҳокамалар чоғида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, иқтисодиётнинг етакчи соҳаларини жадал янгилашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 2011 йилда саноат соҳасини модернизация килиш ва технологик янгилаш дастурларини амалга ошириш учун жами инвестицияларнинг 36,4 фоиздан зиёдини йўналтириш кўзда тутилмоқда.
Депутатлар фикрича, бюджет ижросининг таҳлиллари унинг ижро этилишида айрим ҳудудларда камчиликларга йўл қўйилаётганини ҳам кўрсатмоқда. Бу айниқса, O`zLiDeP электорати бўлган тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларига ажратилаётган маблағларнинг ўз вақтида ва зарур пайтда етказиб берилмаслигида намоён бўлмокда. Бундан ташқари, интеллектуал салоҳият талаб этувчи ишлаб чиқариш соҳалари суст ривожланмокда, капитал қўйилмалардан самарасиз фойдаланиш холатлари ҳам кузатилмоқда. Масалан, 2010 йилда ўзлаштирилган сармояларнинг асосий қисми Тошкент, Навоий, Қашқадарё ва Андижон вилоятларига (ўртача 50 фоиз) тўғри келган бўлса, айрим ҳудудларда бу кўрсаткич 30 фоиздан ошмайди.
O`zLiDeP фракцияси аъзоси Илҳом Насриев айни пайтда мамлакатимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган айрим кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолияти тўхтатилишига ишлаб чиқариш корхоналаридаги электр токи ва газ таъминотини асоссиз узиб кўйиш ҳолатлари асосий сабаб бўлаётганига эътибор қаратди.
Фракция аъзоси Абдурашид Жўрабоев эса жорий йил 1 январь ҳолатига кўра, республика бўйича 507 мингта юридик шахс мақомига эга тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтганини, ҳозирги кунда уларнинг 34 мингтаси амалда ўз фаолиятини тўхтатганини таъкидлар экан, бу масалада тегишли вазирлик ва идоралар ўз муносабатини билдириши зарурлигини қайд этди.
Мажлисда давлат бюджети ижросини таъминлашда ана шу жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланиб, фракциянинг бу борадаги нуқтаи назари белгилаб олинди.
Обсудить новость на Форуме