18:00 25.09.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Фракция қонун лойиҳаларини маъқуллади
Маълумки, «Оила кодекси»нинг 15-моддасига асосан никоҳ ёши эркаклар учун 18, аёллар учун эса 17 ёш этиб белгиланган. Алоҳида ҳолларда, никоҳга кирувчилар илтимосига кўра, туман ёки шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин. Лекин амалдаги кодексда бу ваколатнинг рўйхати кўрсатилмаган эди. Ушбу модданинг янги таҳририда эса мазкур нормага аниқлик киритилаяпти. — Жамиятда оила қуриш маданияти ҳамда фуқароларнинг оилавий муносабатларни шакллантиришдаги жавобгарлиги тобора ошиб бораётган бўлса-да, айрим ҳолларда қизларнинг эрта турмушга чиқиши кузатилмоқда, — дейди O’zLiDeP фракцияси аъзоси Барно Абдуллаева. — Жумладан, 2011 йилда 17 ёшли қизлар билан 7161 та, 16 ёшли қизлар билан эса 53 та никоҳ қайд этилган. Қизларнинг оилавий муносабатларга эрта киришиши уларнинг академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таълим олишларига ҳам салбий таъсир кўрсатаяпти. Мутахассисларнинг фикрича, эрта турмуш қуриш бўлажак она ва туғилажак бола соғлигига салбий таъсир этиши мумкин. Рақамларга мурожаат қилсак, ўтган йили ана шундай никоҳ туфайли 33 нафар ногирон ёки жисмоний нуқсонли бола туғилганига гувоҳ бўлиш мумкин.Ҳақиқатан ҳам, айрим ҳудудларимизда ана шундай ҳолатлар ҳалигача содир бўлаётгани афсусланарлидир. Ваҳоланки, «Никоҳланишга розилик, никоҳ ёши ва никоҳларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Конвенция»нинг 2-моддасига мувофиқ, белгиланган ёшга етмаган шахс билан никоҳ тузишга йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган. Шунга қарамай, никоҳ ёшига тўлмаган қиз билан ФҲДЁ органлари орқали эмас, диний расм-русумларга биноан турмуш қуриш ҳоллари ҳам учрамоқда. 2011 йилда 486 нафар қиз ота-оналар талаби билан ана шундай шаръий никоҳ орқали турмушга чиққан.Қонун ташаббускорларининг таъкидлашича, бундай ҳолатларга амалдаги қонунчиликдаги бўшлиқлар, яъни никоҳ ёшига тўлмаган шахс билан эр-хотинлик муносабатида бўлганлик, ота-она ёки улар ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаганларни эрга берганлик ёхуд уйлантирганлик учун қатъий жавобгарлик белгиланмагани сабаб бўлаяпти. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг қонунчилик ташаббуси асосида парламент қуйи палатасига киритилган қонун лойиҳаси бу борадаги жавобгарликни ошириш имконини беради. Зеро, унда «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги ва «Жиноят кодекс»ларини янги модда билан тўлдириш назарда тутилмоқда. Таклиф этилаётган нормалар балоғат ёшига етмаган қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари тўлиқ ҳимоя қилинишини таъминлаш, таълимнинг мажбурийлиги ҳақидаги талабларни амалда татбиқ этиш, жамиятда аёллар мавқеини мустаҳкамлаш ва аҳолининг репродуктив саломатлигини янада яхшилаш имконини кенгайтиради.Кун тартибидаги навбатдаги масала — “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 356-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бевосита O’zLiDeP электорати манфаатига тааллуқли бўлгани учун ҳам фракция аъзоларининг қонун лойиҳасига қизиқишлари юқори бўлди. Депутатлар мазкур ҳужжат Президентимизнинг 2012 йил 26 мартдаги “Экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантиришни кучайтириш ва рақобатбардош маҳсулотларни экспортга етказиб беришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ишлаб чиқилганини таъкидладилар.— Янги қонун лойиҳасига кўра, 2007 йил 25 декабрда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига (356-модда) сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш, маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини сертификатлашдан, шунингдек, лаборатория тестлари ва синовларини ўтказиш комплексларини харид қилишга йўналтирилган маблағларга ягона солиқ тўлови бўйича солинадиган солиқ базасини камайтириш мақсадида қўшимчалар киритиш назарда тутилган, — дейди O’zLiDeP фракцияси аъзоси Шавкат Тешаев. — Таклиф этилаётган бундай ўзгартиш ва қўшимчалар тадбиркор ва ишбилармонларга, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлашга ҳаракат қилаётган фермерларга янги имконият ва имтиёзлар яратиб беришга қаратилгани учун ҳам лойиҳани бир овоздан қўллаб-қувватладик.Фракция йиғилишида, шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 223-моддасига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда маъқулланди ва муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Озод РАЖАБОВ,“XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме