20:45 13.10.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Фермерликни ривожлантириш — давр талаби
Президентимиз Ислом Каримовнинг Хоразм вилоятига ташрифи чоғида фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш борасида билдирилган фикрлар тадбиркор ва фермерлар манфаатини ифода этаётган O`zLiDeP зиммасида жуда катта масъулият турганини яна бир карра англатди. - Ҳақиқатдан ҳам, бугунга келиб қишлоқ мулкдори меҳнатга лаёқатли аҳолининг қарийб 50 фоизини иш билан таъминлаётган, юқори даромад олиш, саноатга хом ашё, халқимизга эса сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берувчи кучга айланди. Тармоқнинг ривожланиши қишлоқ аҳли турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга, энг чекка ҳудудларда ҳам ишлаб чиқариш суръатларини оширишга имкон бермоқда. Хоразмлик фермерлар ҳам ана шундай заруратдан келиб чиқиб, ўз фаолиятларини изчил такомиллаштирмоқдалар. Бугун улар ўз олдиларида қишлоққа саноатни олиб кириш, ўзи яшаб турган ҳудуд қиёфасини ўзгартиришга ҳисса қўшиш, аҳоли, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашдек масъулиятли вазифа турганини яхши англамоқдалар. Бироқ буни фақат деҳқончилик ортидан келадиган маблағ ҳисобидан амалга ошириб бўлмайди, албатта. Зеро, бунда ишлаб чиқаришнинг бошқа тармоқларини бирдек ривожлантириш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини йўлга қўйиш талаб этилади. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, бугун фермер нафақат деҳқон, балки иқтисодчи, агроном, саноатчи бўлиши керак. Шундагина меҳнатдан ризқ топиб, ўз атрофдагиларига наф келтириши мумкин. Бундай ишларни тўғри ташкил этиш, улар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда эса O`zLiDeP ва унинг ҳудудий кенгашлари масъул эканини алоҳида таъкидлашни истардим. Негаки, Сайловолди дастуримизда партия фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида фермер хўжаликларини ривожлантириш, улар учун зарур инфратузилмани шакллантиришга кўмаклашиш белгилаб олинган. Бу йил вилоят фермерлари 132 минг тоннадан зиёд дон, 258 минг тонналик пахта ҳосили етиштириб, шартнома шартларини ортиғи билан бажардилар. Ана шу маҳсулотни ҳудуднинг ўзида қайта ишловчи йирик саноат корхоналарини барпо этиш, фермер хўжаликлари қошида мини цехларни ишга тушириш эса энг долзарб вазифалардандир. Тан олиш керакки, бу жараёнда айрим ҳудудларда партиямиз фаолларининг ташаббускорлиги талаб даражасида эмас. Ана шулардан келиб чиқиб, қишлоқ мулкдорлари орасида янги-янги лойиҳаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича фермерлар билан ҳамкорликни кучайтиришимиз, бу борадаги ишларни изчил йўлга қўйишимиз лозим. Нураддин ОТАЖОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси
“XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме