14:30 06.05.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Фермерлик ҳаракати — қишлоқдаги ҳал қилувчи куч
Қўрғонтепа туманидаги «Оқсув» фермер хўжалиги раҳбари, O`zLiDePдан туман Кенгаши депутатлигига сайланган Алижон Аҳмедов яратган ғўзани пуштага экиш технологияси кўпчилик фермерларни қизиқтираётгани бежиз эмасга ўхшайди.
Мутахассисларнинг фикрича, мазкур янгиликнинг асоси бўлган технологияда пуштага экилган ҳар қандай экин яхши ривожланади, экин илдизига сув бир маромда етказилади. Илдиз чуқурлаб кетгани сайин ердан хилма-хил озуқаларни осон ўзлаштира бошлайди. Бақувват кўчат яратилгандан кейин эса ҳосил ҳам шунга яраша бўлади.
Мутахассислар, шунингдек, бу усулда кузда ер бағри 50-55 сантиметр чуқурликда ёриб қўйилиши, сўнгра эгатлар оралиғи 90 сантиметрли пушта олинишини алоҳида таъкидлаяптилар. Бу жараёнда 450-500 килограмм физик ҳолдаги азотли ўғит кучига тенг аммиак суви махсус мосламада бериб борилади. Баҳорга бориб, об-ҳаво қулай келган вақтда плёнка остига чигит экилади. Юқори босим билан берилган ва герметик ҳолатда турган аммиак суви чуқурликда тупроққа кристалл ҳолатда ёпишиб қолади. Ғўза илдизи эса озуқа излаб чуқурга кетади ва аммиакни ўз эҳтиёжига қараб ўзлаштира бошлайди.
Чуқурлатгич, пушта олувчи мослама, чигит экадиган сеялкани ҳам Алижон Аҳмедов ўз қўли билан яратди. Бу технологияда техника воситаси далага кам киради. Натижада тупроқнинг зичлик даражаси ортиб кетмайди. Ғўзанинг илдизи эркин ривожланади. Энг муҳими эса бунда минерал ўғитлар ҳам тупроқда қолиб ёки сув билан қўшилиб кетмайди. Минерал ўғит, ишчи ва техника кучи харажати ҳам 50 фоизга қисқармоқда. Етиштирилган ҳосилнинг 100 фоизи биринчи навга ўтмоқда. Рентабеллик даражасининг 30-35 фоиздан кам бўлмаётгани ҳам бозор иқтисодиёти талабларига жавоб беради.
Ўтган 2010 йидда Андижон туманидаги "Гулшан Ахтачи" фермер хўжалигида ушбу технология жорий этилгач, ер ости суви яқин, бегона ўтлар макон қурган 39 гектар майдоннинг ҳар гектаридан режадаги 27,8 ўрнига 46,5 центнердан юқори навли пахта ҳосили йиғиб-териб олинди.
Яқинда Алижон Аҳмедов Германия техник маркази кўмагида Дюссельдорф шаҳрига бориб, у ердан технологияга мос тушадиган қисм ва конструкцияларни келтириш бўйича шартнома имзолади.
Изланувчан фермернинг фикрича, бу янгилик қўриқ ва бўз ерлар учун ниҳоятда самаралидир. 50-55 сантиметр чуқурликка сув етказиш билан шўр ювиш ёки яхоб беришга ҳожат қолмайди. Мазкур технология фақат пахтачиликда эмас, балки зироатчиликнинг бошқа соҳаларида хам ўзини кўрсатиши мумкин.
Обсудить новость на Форуме