19:45 31.07.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Фармонлар кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада ривожлантириш учун қулай муҳит ва кенг имкониятлар яратади
2012 йил 24 июль куни Тошкент шаҳридаги “Авалон” бизнес марказида O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Ўзбекистон Савдо саноат палатаси, Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари ижросини тўла таъминлаш бўйича амалга ошириладиган қўшма чора-тадбирлар юзасидан қўшма йиғилиш бўлиб ўтди. Унда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоят Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Савдо саноат палатаси, Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ходимлари, тегишли вазирликлар, қўмиталар, етакчи тижорат банкларининг раҳбарлари ва масъул ходимлари, тадбиркор ва ишбилармонлар иштирок этишди.Тадбирда мазкур Фармонлар Давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси”да демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш борасида белгилаб берилган, шунингдек 2011 йил – “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастурида кўзда тутилган вазифаларнинг амалдаги ижроси эканлиги ҳамда ўз вақтида қабул қилинганлиги билан алоҳида аҳамият касб этиши эътироф этилди. Шунингдек, сўзга чиққанлар мазкур Фармонлар кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада ривожлантириш учун қулай муҳит ва кенг имкониятлар яратиш орқали мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қиладиган муҳим ҳужжат эканлигини таъкидладилар.Қайд этилдики, “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонда жорий йилнинг 1 августидан бошлаб рухсат беришга оид 80 та тартиб-таомилларнинг бекор қилиниши белгиланган, бу эса уларнинг умумий миқдорига нисбатан 26 фоизни ташкил этади. Бу ўз навбатида тадбиркорликка халақит бераётган бюрократик тўсиқларни бартараф этиш имконини берди.Айни пайтда рухсат бериш тизимини ислоҳ этиш реал иқтисодий кўрсаткичларга олиб келади. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини янада енгиллаштириш истеъмол товарлари таннархининг камайиши, тўғридан-тўғри ташқи инвестицияларнинг кўпайиши ва бошқа иқтисодий омиллар эвазига мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Халқаро молиявий корпорация экспертларининг маълум қилишича, ушбу усул билан тадбиркорлик йўлидаги бюрократик тўсиқларни йўқотиш Нидерландия давлати ишбилармонларига йилига 2 млрд. АҚШ долларни тежаш ва ишлаб чиқаришини модернизациялаш имконини берган бўлса, Ҳиндистонда эса ЯИМ йилига 3,5 фоиздан 6-7 фоизга етишига олиб келган.Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги тажрибаси ҳам ривожланган мамлакатлар амалиётига тўла мос келаётганлигини экспертлар томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Шунингдек, таҳлилларга кўра Юртбошимизнинг 2005 йилда қабул қилган “Тадбиркорлик фаолияти юритиш учун рухсатнома турларини қисқартириш ва уларни бериш тартиб-қоидаларини соддалаштириш тўғрисида”ги қарори орқали тадбиркорлик соҳасидаги турли рухсатномаларнинг қисқартирилиши йилига 5 млн. доллар миқдоридаги маблағни иқтисод қилиш имконини берган.Навбатдаги фармонларнинг Қабул қилинишини бу соҳадаги ишларни бутунлай янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз. Чунки, унга кўра бир қатор давлат статистик, молия солиқ ҳисоботлари бекор қилинмоқда, ҳисоботлар топшириш ҳамда банклардан пул ўтказиш жараёнларини босқичма-босқич электрон тизимга ўтказиш назарда тутилмоқда. Таъкидландики, бу ўз навбатида тадбиркорларни турли овворагарчиликлардан холос этиб, амалий ишлаб чиқариш билан шуғулланишига катта имконият берилади. Шунингдек, йиғилишда “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонда Қонунчиликни такомиллаштириш ва ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилашга ҳамда тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш бўйича 2013-2014 йилларда жорий этиладиган комплекс чора-тадбирларнинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этиши таъкидлаб ўтилди.Таъкидланганидек, Фармонларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларга барҳам бериш, хусусан, турли рухсат бериш тартибларини янада қисқартириш мамлакатимизда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш механизмлари янада такомиллаштирилаётганлигидан далолатдир.Иштирокчиларнинг фикрига кўра, мазкур Фармонларда белгилаб берилган барча йўналиш ва вазифалар O’zLiDeP, Савдо-саноат палатаси ва Тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш марказининг асосий дастурий ҳужжатларида, шунингдек, ўзаро имзоланган бош ҳамкорлик битимларида кўзда тутилган мақсад-вазифалар билан ҳамоҳангдир. Шунинг учун ҳам Фармонларнинг қабул қилиниши бевосита тадбиркорлар ва фермерлар билан иш олиб борадиган ушбу ташкилотлар зиммасига муҳим вазифаларни юклайди. Қўшма мажлисда ҳамкорликдаги фаолиятни ташкил этишда кузатилаётган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида мазкур ташкилотларнинг ҳамкорликдаги фаолиятини такомиллаштириш мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланди. Қолаверса, Фармоннинг аҳамияти ва мазмун-моҳиятини аҳоли қатламлари, айниқса, тадбиркорлар ва фермерлар орасида кенг тарғибот-тушунтириш тадбирларини ташкил этиш, ЎзЛиДеПнинг парламентдаги фракцияси орқали тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашга доир қонунчиликни такомиллаштиришда фаол иштирок этиш, депутатлик гуруҳлари воситасида жойларда қабул қилинаётган қонунлар, Фармон ва Қарорлар ижроси устидан кучли жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди.
Обсудить новость на Форуме