22:15 30.10.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Фармон фермерлик фаолиятини янги босқичга олиб чиқади

Президентимиз Ислом Каримовнинг «Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-табирлари тўғрисида»ги Фармони ислоҳотларнинг янги босқичида ижтимоий-сиёсий кучга айланиб бораётган қишлоқ мулкдорлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштиришга қаратилган ниҳоятда муҳим ҳужжат сифатида барча ҳудудларимизда акс-садо бера бошлади.Агар яқин тарихимизга назар ташласак, мустақилликнинг дастлабки даврларидаёқ қишлоқ мулкдорларининг жамиятда тутган ўрни муҳим эканига алоҳида эътибор қаратилганини кўриш мумкин. Хусусан, Президентимизнинг «Ўзбекистон буюк келажак сари» асарида «Бугунги кунда қишлоққа ўзининг асл қадр-қимматини қайтармоқ зарур. Қишлоқ хўжалиги қайта туғилиши керак. Қишлоқ меҳнаткашларига ишонч бағишлаш керак. Ўзбекистон барча аҳолисининг турмуш даражаси қишлоқ аҳолисининг фаровонлигига, уларнинг меҳнат шижоатига боғлиқ. Деҳқон тўқ бўлса, бутун республика ҳам бадавлат бўлади» дея таъкидланган эди. 90 йилларда илгари сурилган ва қишлоқда мулкдорлар синфининг шаклланишига йўл очган яна бир фикрга эътибор беринг: «аграр сиёсатнинг асоси — давлатнинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини тўғридан-тўғри бошқариб боришдан воз кечишдир». Аслида мазкур даъват бугунга келиб иқтисодиётимизнинг таянчига айланган фермерларнинг пайдо бўлишига асос бўлган эди. Зеро, давлатимиз раҳбарининг вилоятларга ташрифи чоғида асосан фермерлар билан учрашишлари, уларга йўл-йўриқ ва тавсиялар беришлари ҳамда ана шу мулоқотлар натижаси сифатида мазкур соҳани ривожлантиришга қаратилган фармон ва қарорларнинг қабул қилиниши эвазига фермерларга ерга, мулкка эгалик туйғуси шаклланди, десак муболаға бўлмайди.  Президентимизнинг 2012 йилнинг 22 октябридаги фармони яна бир бор ислоҳотларнинг тадрижийлиги ва изчиллиги ифодаси бўлганини соҳа мутахассислари алоҳида таъкидламоқдалар. Зеро, бугунга келиб, фермерлар қишлоққа саноатни олиб кириш, аграр секторнинг барча тармоқларини йўлга қўйиш орқали минг-минглаб иш ўринлари ташкил этиш ва қишлоқлар қиёфасни ўзгартиришда ҳам фаол иштирок этмоқдалар.Фармонда фермерлар қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчисига айлангани, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган қудратли ижтимоий-сиёсий кучга айланиб бораётганига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Бугунги кун талаблари эса ана шу қатлам учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш ва фермерлик ҳаракатини янги босқичга олиб чиқишни тақазо этмоқда. Фармонда бу соҳага комплекс ёндошувнинг аниқ ва равшан йўллари, бу борадаги муҳим вазифалар қатъий белгилаб берилди. Хусусан, ҳужжатда энг аввало, ижара муносабатларини ривожлантирш ва мустаҳкамлашга қаратилган қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари, манфаатларининг ҳимоя қилиниши ва самарали фаолият юритишларини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди. Бу эса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ва фермерлар манфаатини ҳимоя қилаётган O`zLiDePнинг парламентдаги фракцияси зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Фармонда фермер хўжаликларининг иқтисодий мустақиллиги ва молиявий барқарорлигини ошириш, ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва қишлоқ ҳудудларида янги ишлаб чиқаришлар ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ташкил этиш, ривожлантириш ҳисобига механизациялаш даражаси ва рентабелликни оширишдан манфаатдорлигини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаш жоиз. Бу масала гарчи маҳаллий ҳокимликлар зиммасига улкан масъулият юкласа-да жойлардаги депутатлик гуруҳлари ушбу муҳим вазифани доимий назоратга олишлари лозим бўлади.Айниқса, фармонда Ўзбекистон фермер хўжаликлари уюшмаси тугатилиши ва Фермерлар кенгашини ташкил этиш белгилангани, янги тузилма зиммасига фермерликни ривожлантириш, моддий ва молиявий базасини мустаҳкамлаш ва фермер хўжаликларининг мулкий муносабатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш учун соҳага оид қонунчилик базасини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилгани айни муддао бўлди. Чунки бундай таклифларнинг айни шу соҳа вакиллари билан бир тану бир жон бўлиб иш олиб бораётган ташкилот мутахассислари томонидан тайёрланиши уларнинг  ҳаётийлигини ҳам таъминлаб беради. Бу жараён, шубҳасиз, O`zLiDeP аъзолари, партиянинг маҳаллий кенгашлардаги депутатларидан тортиб парламентдаги фракциямиз аъзолари зиммасига ҳам жуда катта масъулият юклайди. Зеро, O`zLiDeP дастури ва Сайловолди платформасида ҳам қишлоқ мулкдорлари манфаатини ҳимоя қилиш, улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бирламчи масалалар сифатида белгилаб олинган. Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг «Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармони фермерлик фаолиятини бутунлай янги босқичга олиб чиқиш баробарида, сиёсий партиялар айниқса, O`zLiDePнинг бу жараёндаги фаолиятини замон талаблари даражасига олиб чиқишни ҳам тақозо этади.  
Серсенбай СЕЙИТНАЗАРОВ,Тахтакўпир туманидаги«Тайимбет ота» фермер хўжалиги раҳбари,Олий Мажлис Сенати аъзоси,Ўзбекистон Қаҳрамони:
— Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 22 октябрдаги «Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан танишиб, фермер сифатида бундай ғамхўрликдан бошим осмонга етди. Янги фармон билан бутунлай янги тузилма – Ўзбекистон Фермерлар кенгашининг ташкил этилиши ва унга бир қатор ваколатлар берилаётгани эса фермерлар учун янада кенгроқ имкониятлар яратишга хизмат қилади, албатта. Мазкур кенгаш фермерлар фаолиятини ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга йўналтирилгани айни муддаодир.Шу ўринда Юртбошимизнинг юртимиз пахтакорлари ва барча меҳнаткашларига йўллаган табриги биз, фермерлар кўнглини тоғдек кўтарганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Хўжалигимизда меҳнат қилаётган, ўз ишининг устаси бўлган 100 дан зиёд миришкор деҳқонлар ҳам бу қутловни катта миннатдорлик билан қабул қилдилар. Бундай юксак эътибор аслида катта масъулият ҳамдир.Бу масъулият фақат хом ашё етиштириш билан чекланмасдан, уни қайта ишлаш, қишлоққа саноатни олиб кириш жараёнини янада тезлаштиришни ҳам тақозо этади. Зеро, мустақиллик деҳқонлар учун кенг имкониятлар яратиб берди, улар ҳақиқий маънода мулк эгасига айландилар. Хусусан, «Тайимбет ота» фермер хўжалиги ишчи-ходимлари ҳам қишлоқ хўжалигининг янги йўналишларини ўзлаштиришга киришдилар. Шу мақсадда 2008 йилда Голландия ва Эстониядан зотдор қорамоллар олиб келиб парваришлай бошладик. Эллик гектар ерга йўнғичқа ва маккажўхори экиб, озуқа базаси учун мустаҳкам замин ҳозирладик. Бундан ташқари, 2004 йилда балиқчиликни ривожлантириб, йилига 80 тоннадан зиёд парҳез гўшт маҳсулотларини элимиз дастурхонига тортиқ этаяпмиз.

Гўзал ШУКУРОВА,O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзоси,
Қибрай туманидаги «Истиқлол Шукурова Гўзал»
фермер хўжалиги раҳбари:

— Юрбошимизнинг «Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонини фермерларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир ифодаси, деб билдим. Зеро, Юртбошимиз қай бир ҳудудга ташриф буюрмасинлар, биринчи галда фермерлар ҳолидан хабар олиб, улар фикри билан қизиқадилар. Хоразм вилоятига сафарлари чоғида ҳам фермерлар билан учрашиб, қишлоқ мулкдорлари иқтисодий ислоҳотларнинг ҳал қилувчи кучига ва жамият ҳаётида муҳим ўрин эгалловчи кишиларга айланиши лозимлигини таъкидладилар. Ҳақиқатан ҳам, бугунги фермер иқтисодий, ҳуқуқий билими, дунёқараши билан ҳам аввалги фермерлардан тубдан фарқ қилади. Ўз фаолиятимда ҳам бунга амин бўлаяпман. Хўжалигимиз ташкил этилган дастлабки йиллар бугунгидек хизмат кўрсатувчи бирон-бир ташкилот раҳбари билан юзма-юз гаплашиш уёқда турсин, ҳатто уларга ўз фикримизни уддалаб тушунтира олмасдик. Энди-чи, Юртбошимиз қатъияти ва ташаббуслари билан фермерлар учун кенг йўл очилиб, барча шарт-шароитлар яратилди. Биз бугун нафақат ишлаб чиқарувчи, балки ўз маҳсулотимизни қайта ишловчи, ҳатто хизмат кўрсатувчига ҳам айландик. Хўжалигимиз ташкил этилганда атиги 1 та тракторимиз бор эди. Ҳозирда қўша-қўша замонавий техника ва автомобилларга эгамиз. Президентимизнинг мазкур фармонлари бундан кейинги фаолиятимиз ривожида, айниқса, фермер хўжаликларининг нафақат ички, балки ташқи бозорга янада кўпроқ маҳсулот сотишлари,  ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояси борасида ҳам муҳим аҳамият касб этишига ишонаман. 


                                                                                                                                                                                             Фарҳод ЭШҚОБИЛОВ,                                                                                                                                                                                          Шаҳрисабз туманидаги                                                                                                                                  «Шаҳзодабону Фарҳод қизи» фермер хўжалиги раҳбари:
—Ҳақиқатдан ҳам  «Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  фармон соҳани янада ривожлантиришга қаратилган муҳим қадам бўлди, албатта. Унинг кучга кириши фаолиятимизни янада кенгайтириш, соҳага янги технологиялар ва саноатни жорий этиш учун янада кенгроқ имкониятлар яратиб бериши шубҳасиз. Айниқса, Ўзбекистон Фермерлар кенгаши ташкил этилиб, унга фермер хўжаликларининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тайёрлов-таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан муносабатларда, шунингдек, судларда ишлар кўриб чиқилаётганда ошкоралик, очиқлик ва қонунийлик тамойилларини таъминлаш мақсадида жамоат назоратини амалга ошириш ваколатлари берилгани фермерларнинг айни кундаги муаммоларини бартараф этишнинг ишончли механизмларини шакллантиради, деб ўйлайман. Шуни алоҳида эътироф этиш керак, мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалигига хусусий мулкчилик тамойилларининг жорий этилиши, соҳага оид қонунчилик базасининг такомиллаштирилиши фаолиятимиз учун қулай шароитлар яратиб берди. Бундан ўн йил аввалги шароит билан ҳозирги имкониятлар ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини қайд этишни истардим. Жумладан, «Шаҳзодабону Фарҳод қизи» фермер хўжалигида ҳам бу йилги табиат инжиқликлари, суғоришдаги айрим муаммоларга қарамасдан, кўзланган ҳосилни олишга  эришдик. Экинга ишлов бериш, ўғитлаш ва пахтани йиғиб-териб олишда мутасадди ташкилотларнинг ғамхўрлигини бевосита ҳис этиб турдик. Ҳали ҳам далаларда ҳосил мўл. Учинчи теримни муваффақиятли ўтказиб олсак, юртимиз хирмонига янада кўпроқ улуш қўшган бўлардик. Тадбиркорлар ва фермерларга берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда биз блок-ғишт ишлаб чиқарадиган мини цех ташкил этиб, 5 нафар ёшни иш билан таъминладик. Эндиликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи технологияларни келтириш учун ҳаракат қилаяпмиз. Умуман олганда, бугунга келиб юртимизда фермерлик ҳаракати қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириб берувчи асосий бўғинга, халқнинг турмуш даражаси ва сифатини ошириш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ижтимоий-сиёсий кучга айланди. 

                                                                                                                                                                                                                   "XXI asr"
                                                                                                                                                                                     ижтимоий-сиёсий газетаси

   

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме