19:45 31.07.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Фармон
Асосий эътибор ижрога қаратилади
Президентимиз фармони кенг кўламли ислоҳотлар изчиллигини таъминлаб, кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини кескин ошириш имконини бериши билан ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир. —Ушбу муҳим ҳужжатдан кўзланган асосий мақсад мустақиллик йилларида мамлакат иқтисодиётини барқарор юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишнинг муҳим омилига айланган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, ўрта синф вакиллари учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Фармонда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва рўйхатдан ўтказиш борасида бир қатор енгилликлар яратилганига электорат вакиллари алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Жумладан, эндиликда устав фондини бир йил давомида шакллантириш шарти билан, хўжалик юритувчи субъекти давлат рўйхатидан ўтишига қадар Устав фондини қисман тўлаш талаби бекор қилинди. Илгари эса тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтиш учун 30 фоизлик Устав фондини шакллантириши талаб этиларди. Бу эндигина иш бошлаётган, бунинг устига банкдан олинган кредит ҳисобига тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлаётганлар учун қатор қийинчиликларни туғдирарди. Фармон туфайли бундан буён хўжалик юритувчи ҳар қандай субъект (кредит ташкилотларидан ташқари) ортиқча тўловларсиз ўз фаолиятини бошлаши ва бир йил мобайнида Устав фондини шакллантириши мумкин. Бундан ташқари янги фармонда тадбиркорлик субъектлари учун фирма номларини заҳирага олиш бўйича талабномаларни қабул қилиш, рўйхатга олиш жараёни Интернет тармоғи орқали Давлат статистика қўмитаси томонидан 4 иш соати давомида амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Илгари тадбиркорнинг бу борадаги мурожаати Статистика идоралари томонидан 24 соат ичида кўриб чиқилар эди. Бундай талаб, шубҳасиз ҳар қандай тадбиркорнинг ортиқча вақтини тежашга имкон беради. Фармонда акс эттирилган қулайликлардан яна бири — банкларда ҳисоб рақам очиш учун имзо намуналарини нотариаль тасдиқлаш, шунингдек кичик бизнес субъектлари – микрофирмалар томонидан имзолар намунаси карточкасида иккинчи имзо (бухгалтер имзоси)нинг мажбурий мавжудлиги талаби бекор қилинганидир. Илгари мазкур ҳолат юзасидан ҳам амалиётда қатор қийинчиликларга дуч келинарди. Маълумки, тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини бошлаш учун энг аввало, банкда ҳисоб рақами очиши керак. Бунда банк маъмурияти тадбиркор ва бош ҳисобчи имзосининг нотариал тасдиқланган шаклини талаб қилади, албатта. O`zLiDeP фаоллари томонидан ана шу ҳолат ўрганилганда бош ҳисобчига эҳтиёжи йуқ, лекин белгиланган тартибга кўра мажбуран ҳисобчи ёллаган тадбиркорлик субъектларининг айнан ана шундай муаммоларга рўбарў бўлаётгани маълум бўлганди. Фармонда шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг канализация ва сув таъминоти тармоқларига уланишининг аниқ муддати белгилаб қўйилаётганини таъкидлаш жоиз. Бундан буён канализация ва сув таъминоти тармоқларига уланиш учун рухсатномалар олиш ариза берилган вақтдан бошлаб 2 иш куни белгиланди. Шу вақтгача бу масалалар учун бир ойгача муддат белгиланган эди. Натижада тадбиркорлик субъектлари шу вақт оралиғида ўз ишини бошлай олмай, кутишга мажбур бўларди. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг ушбу фармони шу вақтга қадар тадбиркорлар йўлига ғов бўлаётган бюрократик тўсиқларни бартараф этишда муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилади. Унинг ҳар бир бандини амалиётга жорий қилиш яқин келажакда кичик бизнеснинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улушини янада орттириб, иқтисодий тараққиётимизни юксалтиришга ҳисса қўшади. Биз — тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилувчи партия вакиллари сифатида мазкур фармонда акс этган меъёрларни электорат вакиллари орасида кенг тарғиб қилиш ва унинг бажарилиши устидан доимий жамоатчилик назоратини йўлга қўйишимиз лозим.
Насимжон АЛИМОВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,O`zLiDeP фракцияси аъзоси
Бюрократик тўсиқлар йўлига мустаҳкам тўсиқ қўйилди
Юртбошимизнинг «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мансаб суиистеъмолчиликларини кескин камайтиришга қаратилгани билан ҳам ниҳоятда муҳим фармон сифатида тилга олинмоқда.- Маълумки, мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасида лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини, статистик, молиявий ва солиқ ҳисоботлари шаклларини қисқартириш, уларни тақдим этиш механизмини такомиллаштириш, бизнес субъектларини ташкил этишни соддалаштириш ва уларнинг эркин фаолият юритишларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жумладан, 2000 йилда «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги қонун, 2005 йил 14 июнда Ўзбекистон Президентининг «Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда 2005 йил 21 сентябрда «Тадбиркорлик фаолияти юритиш учун рухсатнома турларини қисқартириш ва уларни бериш тартиб-қоидаларини соддалаштириш тўғрисида»ги, 2006 йил 24 майда «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартибини жорий этиш тўғрисида»ги, 2011 йил 25 августда «Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари, шунингдек, 2003 йил 20 августда «Тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун рўйхатдан ўтказиш тартиботлари тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида» ҳукумат қарори қабул қилиндики, улар ўз моҳият-эътибори билан катта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эгадир.Президентимизнинг навбатдаги фармони эса тадбиркорлик соҳасида рухсатнома бериш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганини кўрсатади. Буни юқоридаги ҳужжатда тадбиркорлик фаолиятида лицензиялаш ва рухсатнома характерига эга бошқа ҳужжатларни бериш жа¬раёнларини янада соддалаштириш, уларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъектларига интернет тармоғи орқали ариза ва бошқа зарур ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш имкониятини яратиш билан бир қаторда аризаларни ўтиш жараёнининг интерактивлиги, яъни давлат органининг мазкур мурожаатни кўриб чиқишга оид фаолиятининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш назарда тутилганидан ҳам билиб олиш мумкин. Фақат шугина эмас. Мазкур ҳужжатда 2014 йил охирига қадар барча тадбиркорлик субъектлари солиқ ва статистика ҳисоботларини электрон кўринишда тақдим этиш тизимига босқичма-босқич ўтишлари ҳамда интернет тармоғида ягона веб-сайт яратилиб, унга лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари рўйхати, шунингдек, лицензия ҳамда рухсатномалар олиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар тўғрисидаги ахборот жойлаштирилиши ва танишув учун очиқ бўлиши юзасидан ҳам зарур ҳуқуқий чора-тадбирлар мустаҳкамланган.Бу эндиликда республикамизнинг турли вилоятларидаги тадбиркорлик субъектлари, ташкилотлар, фуқаролар лицензиялар реестрига киритилган маълумотлар билан танишиш учун Тошкент шаҳри, вилоят ва туман марказларига боришлари шарт эмас, деганидир. Умуман, қабул қилинган қонуннинг янги нормалари тадбиркорлик субъектларининг вақти ва харажатлари тежалишига имкон яратади. Мутахассислар 250 мингдан ортиқ субъектлар ана шундай имкониятлардан фойдаланиб, солиқ ва статистика ҳисоботларини топширишаётганини, бу йилига 30-40 тонна қоғоз ва 250 млн. сўм маблағни иқтисод қилишга олиб келаётганини таъкидламоқдалар.Бир сўз билан айтганда, юқоридаги чора-тадбирлар, хусусан, рухсатномалар бериш тизимининг асосий қоида ва тамойилларини тартибга солишга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши маъмурий харажатларни сезиларли даражада камайтириш, бюрократик тўсиқларни кескин қисқартириш, тегишли ҳуқуқий нормаларни оптималлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсатномалар бериш тартибини соддалаштириш ва, албатта, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади.
Абдурашид ЖЎРАБОЕВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологияларимасалалари қўмитаси раиси,O`zLiDeP фракцияси аъзоси
Имтиёз туфайли 80 млн. ўрнига 40 млн. сўм солиқ тўладик
Президентимизнинг “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони шу кунгача ушбу соҳани ривожлантиришга оид барча қонунлар, фармон ва қарорларни янгича мазмун билан тўлдирувчи ҳаётбахш ҳужжат экани билан ҳам биз, тадбиркорларни янгидан-янги режалар тузишга ундамоқда. - Унда, жумладан, бозор иқтисодиётини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштиришнинг ғоят муҳим вазифалари белгилаб берилдики, уларнинг амалиётга изчил татбиқ этилиши ҳақ-ҳуқуқларимизни ишончли ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.Фармонда алоҳида урғу берилган ана шундай устувор вазифалардан бири бизнесни юритиш шарт-шароитларини баҳолашнинг жаҳон амалиётида умум қабул қилинган халқаро мезонларини кенг жорий этиш ҳамда етакчи халқаро молиявий-иқтисодий ва рейтинг ташкилотларининг юқори баҳо кўрсаткичларига эришишдан иборатдир.Соҳа ходимлари учун яратиб берилган имконият ва имтиёзлар натижасини «Гала-Ривер» қўшма корхонаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Узум қабул қилиш ва қайта ишлашга ихтисослашган корхонамизда жорий йилнинг биринчи ярмида 860 минг АҚШ доллари миқдоридаги сифатли маҳсулот экспорт қилинди. Президентимизнинг бундан олдин қабул қилинган тегишли фармон ва қарорларида белгилаб берилган имтиёзлар туфайли 80 миллион ўрнига 40 миллион сўм миқдорида солиқ тўлангани кейинги ишларимизни янада ривожлантириш, корхонамизни технологик жиҳатдан модернизациялаш имконини берди. Яъни, цехларимизга Италиянинг “D e l l a – T o f l” компаниясининг замонавий асбоб-ускуналари ўрнатилди. Умумий баҳоси 280 минг АҚШ долларини ташкил этган Европа технологик линиясининг афзалликларини ўз фаолиятимизда ҳис этаяпмиз. Бугун 2005 йилда ташкил этилган корхонамизда 42 нафар киши иш билан таъминланган. Ишчиларнинг аксарияти “Саховат” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги хонадонларда яшовчи ёшлардир. Уларнинг ғайрат-шижоати туфайли 2011 йилда вилоят хўжаликларидан жами 5200 тонна узум қабул қилиниб, қайта ишланди ва унинг 100 фоизи — 1 миллион 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги сара маҳсулот экспорт қилинди. Президентимизнинг “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эса, шубҳасиз, бизга ўхшаш юзлаб, минглаб корхоналарнинг янада барқарор ишлашига, вақти, маблағини тежашга, Президентимиз томонидан яратиб берилган қулай ишбилармонлик муҳитида эса янада изчил ривожланишимизга имкон беради. Бу эса айни пайтда ҳар бир тадбиркордан соҳанинг барча вакиллари қатори давр талаблари даражасида иш олиб боришни кундалик фаолиятга айлантиришни ҳам талаб этади.
Ўлмас РАҲМАТОВ,халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати,O’zLiDeP Бухоро туман кенгаши раиси
Энди тадбиркорнинг қимматли вақти ҳам, маблағи ҳам тежалади
Фармонда белгилаб берилган вазифаларни таҳлил этиб, ундаги асосий эътибор ўрта синф манфаатини ҳар томонлама ҳимоя қилишга қаратилганини кўрамиз.- Мана бу мисолларга эътибор беринг: агар 2007 йили Самарқанд вилоят хўжалик судида 7 мингтадан зиёдроқ ариза (даъво ариза)лари кўриб чиқилган бўлса, ўтган йили улар сони 20 мингдан ошди. Бу мамлакатимизда тадбиркорлик тузилмалари сони ортиб бораётгани билан боғлиқдир. Ўтган йилнинг 6 ойида 10612 та, жорий йилнинг мос даврида 10887 та даъво аризалари кўриб чиқилди. Амалдаги йилнинг олти ойи давомида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, улар манфаати юзасидан бошқа идоралар томонидан киритилган ариза (даъво ариза)лари асосида жами 19120,0 млн. сўмни ундириш тўғрисида 493 та иш кўриб чиқилди. Шундан 376 таси қаноатлантирилиб, тадбиркорлар фойдасига 12518,0 млн. сўм ундириб берилди. Энг эътиборли жиҳати эса кўрилган 493 та хўжалик ишларидан 31 таси прокуратура, 224 таси адлия идоралари, 17 таси эса Савдо-саноат палатаси томонидан киритилган аризалардир. 221 та ариза тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган. Кўриниб турибдики, прокуратура, адлия идоралари ҳам бугун тадбиркор манфаатини изчил ҳимоя қилмоқда. Амалиётдан маълумки, баъзи ҳолларда тадбиркорлар судга даъво ариза бергач, белгиланган вақтда суд жараёнига келиш имкониятига эга бўлмайди. Шундай ҳолларда у ишни унинг иштирокисиз кўришни сўраб, почта орқали илтимоснома жўнатади. Бундай илтимосномалар эса кўпинча суд мажлиси бўлиб ўтганидан кейингина бизга етиб келади. Бундай ҳолат тадбиркорнинг ортиқча вақт ва маблағ йўқотиши ҳамда ҳақли эътирозларига сабаб бўлади, албатта. Президентимиз фармонида хўжалик судларига тақдим этилаётган илтимосномалар ва даъво аризаларнинг электрон тарзда берилиши тадбиркорлар даъвосини қисқа муддатлардан қабул қилиш ва кўриб чиқиш имконини беради. Энг муҳими эса ишбилармонларнинг қимматли вақти ва маблағи тежалади. Президентимиз фармони бир қарашда оддийдек туюлган, аммо аслида жуда катта куч ва имкониятлар сарфланаётган ана шундай ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилиши билан ҳам ниҳоятда муҳим хужжат бўлди.
Дилмурод РАЖАБОВ,Самарқанд вилоят хўжалик суди раиси
Обсудить новость на Форуме