22:15 29.01.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Фарғонада саноатни ривожлантиришга эътибор янада кучайтирилади
Халқ депутатлари Фарғона вилоят кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи Механика заводи негизида янги ишлаб чиқариш корхоналарини йўлга қўйиш ташаббуси билан чиқдиХалқ депутатлари вилоят кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Маъмуржон Остонақуловнинг таъкидлашича, илгари авиазослик ва машинасозлик йўналишида бутловчи қисмларни тайёрлашга ихтисослаштирилган Фарғона механика заводи негизида автомобилсозлик саноатини ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд. Ҳозирнинг ўзида бу ерда хорижий инвестиция иштирокида 2 та қўшма корхона самарали фаолият кўрсатаяпти. Улардан бири — «UZHANGWOO» қўшма корхонасида янги турдаги автомобилларга технологик жамланмалар, автокўтаргич ва трослар ишлаб чиқарилаётган бўлса, «UZSUNGWOO»да «COBALT» русумидаги янги автомобиллар учун штампланган қисмлар тайёрланмоқда. Натижада 200 нафарга яқин маҳаллий ёшлар доимий иш билан таъминланди. Мазкур корхоналар тўлиқ қувват билан иш бошлагач, ишчилар сони 700 нафардан ошади. Вилоятда ҳокимлиги мутасаддиларининг фикрича, айни пайтда ҳудудда чуқур ўйланган ижтимоий-иқтисодий сиёсат олиб бориш, иқтисодиётни барқарор ривожлантиришни таъминлаш борасида аниқ мақсадли ишлар олиб борилмоқда. Бу жараёнда вилоят ҳокимлиги асосий эътиборни кўпроқ иш ўринлари яратиши мумкин бўлган соҳалар, айниқса, саноат соҳасини ривожлантириш масалаларига қаратмоқда. Зеро, Президентимизнинг «Бош мақсадимиз — кенг кўламли ислоҳотлар ва модернизация йўлини қатъият билан давом эттириш» номли маърузаларида 2013 йилда саноатни 8,4 фоизга ошириш кўзда тутилаётгани алоҳида таъкидланди. Бу ўз-ўзидан ҳудудларда ушбу соҳага бўлган эътибор янада кучайтирилиши ҳамда тизимли йўлга қўйилишини тақозо этади. Агар вилоятимизда 2012 йили 3 трлн. 691 млрд сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 3 трлн. 851 млрд. сўмга етказиш кўзда тутилган. Бу борада сиёсий партиялар вакиллари, хусусан, вилоят ижтимоий ҳаётида тобора катта нуфузга эга бўлиб бораётган O’zLiDeP аъзолари ҳам ўзларининг амалий таклифлари билан фаол иштирок этаётирлар. Ҳақиқатан ҳам, Фарғона механика заводининг 63 минг квадрат метрли ишлаб чиқариш майдони, металлга ишлов берувчи ноёб ускуна ва жиҳозларидан бугун унумли фойдалана бошлангани вилоятда бандлик масаласини ҳам ҳал этиш имкониятларини кенгайтираяпти. Шунинг учун ҳам халқ депутатлари вилоят кенгашидаги O’zLiDeP депутатлари маҳаллийлаштириш дастури доирасида ушбу завод негизида автомобилсозлик ривожига хизмат қилувчи кўплаб кичик корхоналарни ташкил этиш ташаббусини илгари сурмоқдалар. Мутахассис кадрлар масаласига келганда, шу ернинг ўзида қарийб 3 минг нафарга яқин етук технолог ва муҳандис-механиклар фаолият олиб бораётганини ёддан чиқармаслик керак. Бундан ташқари, ушбу йўналишда замонавий билимларни ўзлаштираётган касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ҳам уларга муносиб ўринбосар бўла олади.Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари Механика заводи негизида автомобиллар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини йиғувчи корхоналарни ташкил этишнинг техник-иқтисодий асосларини яратиш борасида мутасадди идоралар билан ҳамкорликни режалаштирмоқдалар. “XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме