16:45 10.06.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Фаоллик жой танламайди

“Кўксарой”, “Четсув” — Оҳангарон туманининг энг чекка қишлоқларидан. Ушбу қишлоқлар бошқа ҳудудларга нисбатан унча тиғиз бўлмаса-да, одамларининг анчайин ишбилармонлиги, саранжом-саришталиги боис вилоятда оғизга тушган. Улар асосан чорвачилик, деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланишади. Яна бир ибратли томони қишлоқда маҳалла институтининг намунали шаклланганидир. Бирор оила йўқки, унинг аъзолари уйда бўш ўтирган бўлишса. Хонадонларнинг ҳар бирида 10-15 тагача қорамол, қўй-қўзи бор. Ана шулар эвазига аҳоли оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиб, мўл-кўл сут ва гўшт етиштирмоқда.

— Табиийки, одамларимизда фермерлик, тадбиркорлик кўникмалари ўз-ўзидан шаклланаётгани йўқ. Бу борада O’zLiDeP Оҳангарон туман кенгаши, унинг қошидаги “Аёллар қаноти”нинг ёрдами катта бўлмоқда, — дейди тадбиркор Ҳабиба Минглиева. — Агарда биз илгари бироз тарқоқ ҳолда иш юритган бўлсак, эндиликда партия ёрдами билан даромадларни ошириш, оила иқтисодини янада мустаҳкамлашнинг қулай ҳамда фойдали йўлларини ўрганмоқдамиз. Қолаверса, қишлоқларимизга “Қамчиқ” довонининг яқинлиги ҳам қўл келмоқда. Ана шулар эвазига ўзим ҳам кейинги 3-4 йилда 50 нафар хотин-қиз ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашга эришдим.

— Очиғи, кўпчилик йигит-қизлар, борингки, баъзи катта ёшдагилар ҳам шаҳарга бориб ишлаш ва яшашга интилади. Бизда ундай эмас. Ўшларимиз қишлоқда ташкил этилган замонавий коллежда ўқиб, бирор касб эгаси бўлишга ҳаракат қилишади, — дейди “Қурама” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Четсув” агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Юлдуз Абдусаматова. – Ўзим ҳам дарсдан бўш пайтларимда оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаман. Юқори курсда таълим олаётган талабаларимни ҳам келажакда тадбирли бўлишга, эгаллаётган касбларига нисбатан тўла масъулият билан ёндашишга даъват этаман. Саъй-ҳаракатларимиз зое кетмаяпти. Ҳозир қишлоқ оилаларида 2-3 нафардан ёш тадбиркор бор. Бунинг эвазига улар ўз келажакларини ўзлари яратишмоқда. Навқирон йигит-қизлар уйлар қуришиб, тўйлар қилишаяпти, замонавий машиналарни сотиб олишаяпти. Мен ўйлайманки, буларнинг ҳаммаси юртимиздаги тинчлик, олиб борилаётган одилона сиёсат, хусусан, ёшларга кўрсатилаётган катта эътибор самарасидир.

“Кўксарой”, “Четсув” қишлоқларида бўлиб, ким билан суҳбатлашманг, ана шундай фикрларни эшитасиз. Шунинг учун ҳам O’zLiDeP Тошкент вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” ўзининг “Соғлом оила — мустаҳкам оила” мавзуига бағишланган навбатдаги давра суҳбатини айнан шу “Четсув” қишлоғида ўтказишга қарор қилди. Тадбирга асосан қишлоқ аёллари, коллеж ўқитувчилари, талабалар, халқ депутатлари Оҳангарон туман кенгаши депутатлари, партия фаоллари таклиф этилган эди. Бироқ унда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, уй бекалари ҳам иштирок этишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Тўғри-да, вилоятнинг олис қишлоғида бу каби қизғин гурунг, банк-молия ташкилотлари, солиқ идоралари ходимлари билан мароқли учрашув ҳар доим ҳам бўлавермайди-да!

— Аслида биз тадбирдан кўзланган мақсадимизга тўла эришдик, — дейди O’zLiDeP Тошкент вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” бўлими мудири Муяссар Жамолиддинова. — Тадбирнинг яна бир фойдали жиҳати шу бўлдики, “Четсув” агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежида O’zLiDeP бошланғич ташкилотига асос солинди. Ҳозирча унинг 5 нафар устоз-мураббийлардан иборат аъзоси бор. Тўғри, бу айтарли кўп эмас. Бироқ вилоят марказидан қарийб 140 километр олисда партия қуйи бўғинининг ташкил этилиши эътиборга моликдир. Бу борадаги изланишлар босқичма-босқич давом эттирилади. Зеро, бизнинг партиямиз омма билан кучли ва барқарордир.

  

Зиёдулла МЎМИНОВ,

 

“XXI ASR” 

 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме