19:00 06.02.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Фаоллик партиявий ишларнинг биринчи шартидир

Навоий кон металлургия комбинатига қарашли «Марказий моддий-техника базаси» қошидаги БПТ аъзолари икки жиддий масъулиятни зиммаларига олишган: биринчиси – комбинат таъминоти учун зарур моддий ресурслар учун жавобгарлик бўлса, иккинчиси – партия электорати билан алоқаларни янада мустаҳкамлашдир. Аввал бошдан айтиш жоизки, маслакдошлар ҳар икки вазифанинг ҳам уддасидан чиқишаяпти. Боиси, улар аниқ режа асосида иш олиб бормоқдалар. – Жамоамиз зиммасига комбинатни зарурий ашё ва жиҳозлар билан таъминлаш – юкларни қабул қилиш, жойлаштириш, қўриқлаш ва талабнома асосида тегишли корхоналарга етказиш вазифаси юклатилган, – дейди БПТ раиси Ғолиб Турсунмуродов. – Бу муҳим жараёнда 24 нафар O’zLiDeP аъзоси ҳам фаол иштирок этмоқда. Уларнинг аксарияти ёшлар эканлиги боис улар  жамоат ишларида ҳам бошқаларга ўрнак. Айниқса, Жамшид Умаров, Баҳодир Бўронов, Абдумўмин Жаниев, Нуриддин Қулматов каби маслакдошларимизнинг ташаббуси билан биргина ўтган йилда 15 та муҳим партиявий-сиёсий тадбир ўтказилди. Уларда юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеалар қамраб олинмоқда. Масалан, яқинда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Президентимизнинг Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригини жамоамизнинг чақирув ёшидаги аъзолари билан ўқиб-ўрганиб, Қуролли Кучларимизда ўтказилаётган туб ислоҳотлар моҳиятини уларга етказишга ҳаракат қилдик. Ҳа, БПТ етакчиси таъкидлаганидек, интизом бор жойда барча йўналишлардаги ишларни уйғун тарзда олиб бориш мумкин. Бу эса партия аъзоларида эртанги кунга ишончни янада кучайтириб, уларнинг фуқаролик жамиятини қуриш ва демократлаштириш жараёнларидаги иштирокини фаоллаштиради. БПТ ва партия шаҳар кенгаши ўртасидаги изчил алоқа эса қуйи ва юқори бўғин учун ўзаро маълумот алмашиш ҳамда умумий партиявий фаолиятнинг янада самарали бўлишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. – Мазкур БПТ шаҳардаги бошқа бошланғич ташкилотларга ҳам намуна бўлаётганининг яна бир сабаби бор, – дейди O’zLiDeP Навоий шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Ирода Пардаева. – Ташкилот етакчисининг жонкуярлиги боис, партиявий фаолиятни янада такомиллаштириш, маслакдошларнинг сиёсий билимларини мустаҳкамлаш, аъзолик бадалларини тўлаш каби ишлар ўз вақтида амалга оширилмоқда. Унинг етакчилигида ўтказилаётган деярли барча тадбирларда муҳим масалалар атрофлича муҳокама этилиб, натижалар сарҳисоб қилинади. Юзага келган айрим муаммолар корхона маъмуриятига етказилиб, ижобий ҳал этилишига эришилаётгани эса O’zLiDePчилар обрў-эътиборининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Натижада, ўтган йил мобайнида партия аъзолари сони 15 нафарга кўпайди. Кези келганда таъкидлаш керакки, бу каби БПТлар жойларда ва меҳнаткашлар жамоалари ўртасида O’zLiDeP имиджини оширишга хизмат қилаётгани билан ҳам аҳамиятлидир. Улар туфайли аҳоли, энг муҳими, унинг сиёсий фаол қатламлари партиянинг ғоя ва мақсадлари моҳиятини англаб етмоқда. Бундай фаолият ўз навбатида  партия электорати сафларини кенгайтириши ва халқ вакиллик органлари учун ўтказилажак сайловларда ўз самарасини бериши шубҳасиз. 
Абулфайз САЙИДАСҚАРОВ,«XXI asr» 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме