10:45 13.07.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Фаол аёллар O’zLiDeP сафларида кўпчиликни ташкил этади
Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг қобилияти ва истеъдодини рўёбга чиқариш орқали оила ҳамда жамиятдаги мавқеини юксалтиришга катта эътибор қаратиб келинаётгани боис, бугунги кунда барча соҳаларда ўз ўрнини топаётган аёллар сафи тобора кенгаймоқда.
Дарҳақиқат, ҳозирги ижтимоий-сиёсий ҳаётимизни аёлларнинг фаол иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Буни яхши англаган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакиллари ҳам ўз фаолиятида хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлашга, уларнинг касбий ва ижодий изланишлари учун кенг имкониятлар яратишга, айниқса, тадбиркорлик ва фермерлик билан шуғулланувчи аёлларга мунтазам равишда амалий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Партиянинг “Аёллар қаноти” (2005 йилнинг апрель ойидан эътиборан “Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш” бўлими) эса бу борадаги ишларни амалга оширишда етакчи бўғин ҳисобланади.
Айни пайтда O’zLiDeP Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлимлари томонидан хотин-қизлар партиянинг бошланғич ташкилотларига, вилоятлар, шаҳар ва туманлар кенгашларига кенг жалб этилиб, улар ўртасида маънавий-маърифий, тарғибот-ташвиқот ва оммавий хайрия тадбирларини олиб бориш орқали уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги кучайтирилаётгани эътирофга сазовордир. Таъкидлаш жоизки, 2004 йилда партия аъзолари орасида аёллар сони 45.767 нафарни ташкил этган бўлса, бугун кунда уларнинг сони 66.034 нафар, яъни партия умумий аъзоларинг 39 фоизини ташкил этади.
Маълумки, 2009 йил 27 декабрда ўтказилган сайлов натижаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига Олий Мажлис Қонунчилик палатасига O’zLiDePдан сайланган 53 депутатдан 11 нафари аёллардир. Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларида эса партиядан сайланган 352 нафар аёл депутат фаолият кўрсатаяпти. Улардан 5 нафари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси ҳисобланади. Шунингдек, бугунги кунда O’zLiDeP тизимидаги 7670 та бошланғич ташкилотларнинг 1998 тасига аёллар раҳбарлик қилаяпти.
Қайд этиш жоизки, O’zLiDeP Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими хотин-қизлар ўртасида партиянинг мақсад ва вазифаларини, либерал-демократик ғояларни тарғиб этиш баробарида лидерликка лаёқатли қизлар захирасини ташкил қилишга ҳам алоҳида аҳамият бериб, юртимизнинг барча ҳудудларида “Ёш лидер қизлар” клублари фаолиятини йўлга қўйган. Клуб аъзолигига миллати, маълумоти ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган қизлар қабул қилинади. Демократик ислоҳотларнинг янги босқичида аёлларнинг фаоллиги, ташаббускорлиги ҳам ҳар қачонгидан кўра долзарб аҳамият касб этаётганини инобатга олсак, бундай клубларга кучли эҳтиёж сезилиши табиийдир. Бугунги кунда партия ҳаётида “Ёш лидер қизлар” клублари ҳам қизларни мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнларга кенг жалб этишда, уларда етакчилик қобилиятини шакллантиришда салмоқли роль ўйнамоқда.
— Клубимиз аъзоларидан тўрт нафари айни вақтда турли масъул вазифаларда муваффақиятли фаолият кўрсатаётган бўлса, қолганлари ўқиш ва ишда, оммавий тадбирларда пешқадамликни қўлдан бермасликка интилаётган қизлардир, — дейди O’zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши қошидаги клуб раиси Фарида Пирохунова. — Қизларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий тафаккурини янада юксалтиришда, умуман, уларнинг дунёқарашини замонавий билимлар ва либерал-демократик ғоялар билан бойитишда клубнинг таъсири кучли.
Азалдан ор-номусли, меҳр-оқибатли, оиласига садоқатли бўлган ўзбек аёли бугунги кунда замонавий технологияларни, бозор иқтисодиётининг асоси ҳисобланган — ишбилармонлик ва тадбиркорликни пухта ўзлаштирмоқда. Маълумотларга кўра, ҳозирда O’zLiDeP аъзоси бўлган 15 мингдан ортиқ аёллар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланяпти. Партия электорати вакиллари - тадбиркор ва фермер аёллар томонидан фақат 2012 йилнинг биринчи чораги даврида тадбиркор ва фермер аёлларимиз томонидан 4.700 га яқин янги иш ўринлари яратилгани замонавий ўзбек аёлининг салоҳияти нақадар юксак эканидан далолат беради.
— Партиямиз хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида фаол иштирок этишларига катта эътибор қаратади, — дейди O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Мухлиса Акрамова. — Жорий “Мустаҳкам оила йили”да амалга оширилиши лозим бўлган партиявий вазифалар доирасида, айниқса, қишлоқ ҳудудларида яшовчи аёлларимизни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш билан боғлиқ амалий ҳаракатларимизни янада кучайтиришга киришдик. Бу борада бир қатор янги лойиҳаларни ишлаб чиқдик. Улардан бири “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари” деб номланган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O’zLiDeP Фракцияси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад аёлларимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий билимларини янада ошириш ҳамда қишлоқ ҳудудларида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ниятида юрган хотин-қизларга бизнес-режалар тузиш, кредит олиш, тадбиркорлик фаолиятини рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларни тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатишдир.
Дарвоқе, фуқароларимизда, айниқса, баркамол инсонлар бўлиб камол топаётган навқирон авлод вакилларида тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришга доимий эътибор қаратадиган O’zLiDeP яқинда яна бир эзгу лойиҳани амалга оширди. Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва 2012 йилда иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлисидаги “2012 йил Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтарадиган йил бўлади” номли маърузасидан келиб чиқиб ҳамда партия Дастурида белгиланган асосий мақсад ва вазифалар хусусан, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантириш, миллат генофондини асраш, шунингдек, маҳалаларда хотин-қизларнинг экологик ва тиббий маданиятини янада юксалтириш, чекка ҳудудларда яшаётган ёш қизларни спорт билан шуғулланишга кенгроқ жалб этиш, спортчи аёл мураббийларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш никоҳ ёшига етмаган қизлар ва қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларининг олдини олишга кўмаклашишни кўзда тутади. O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP Фракцияси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Республика “Оила” илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда “Соғлом оила - мустаҳкам оила” номли лойиҳани амалга оширмоқда. Лойиҳа доирасида 100 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди.
Жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигидан бошлаб хотин-қизларни кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик, ҳунармандлик, касаначилик фаолиятига кенг жалб этиш мақсадида республиканинг етакчи тижорат банклари билан ҳамкорлигида “Оилавий тадбиркорликдан - мустаҳкам оилага” лойиҳасини амалга оширишга киришилди.
Мухтасар қилиб айтганда, O’zLiDeP Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлимлари томонидан олиб борилаётган барча тадбирлар хотин-қизлар ўртасида партиянинг мавқеини янада мустаҳкамлаш баробарида ишбилармон аёлларнинг партия ҳаётидаги роли ва фаоллигини оширишга қаратилган.
Бўлими мудири
С.Муслимова
Обсудить новость на Форуме
29 декабря 2024
« | Декабрь 2024 |
Пн | Вт | Ср | Чт | Пт | Сб | Вс |
1 | ||||||
2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 |
9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 | 15 |
16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 | 22 |
23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 | 29 |
30 | 31 |