09:30 19.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ФРАКЦИЯНИНГ ДОИМИЙ ДИҚҚАТ ЭЪТИБОРИ ВАТАНИМИЗНИНГ БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШИ ЙЎЛИДА
Қобилжон ТОШМАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги
O`zLiDeP фракцияси аъзоси,Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджети лойиҳаси муҳокама этилди ва қабул қилинди.
O`zLiDeP фракциясининг ушбу масалага жиддий эътибор қаратишига сабаб шуки, мамлакатимиз бош молиявий ҳужжатини ишлаб чиқиш ва ижро этиш устидан парламент назоратини амалга ошириш Қонунчилик палатаси депутатларининг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб, партия Сайловолди дастурининг устуворликларини амалга ошириш ва электоратимиз манфаатларини давлат миқёсида ҳимоя қилишнинг аниқ механизми ҳисобланади.
Тадбирда қайд этилганидек, Давлат бюджети лойиҳаси Президент Ислом Каримов томонидан Ҳукуматнинг 2013 йил январь ойидаги мажлисида белгилаб берилган мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари, шунингдек, жорий йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларининг прогноз баҳоланишига асосланиб ишлаб чиқилган. Кейинги йилги Давлат бюджети иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини, макроиқтисодий барқарорликни, экспорт ўсишининг барқарор кўрсаткичларини, ташқи савдо ва тўлов балансидаги ижобий сальдони, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини кучайтиришни сақлаб қолишга қаратилганини алоҳида кўрсатиб ўтиш жоиз. Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ҳамда технологик янгилашни тезлаштириш ва кўламини кенгайтириш, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини тез суръатларда ривожлантириш бўйича дастурларни фаол амалга ошириш 2014 йилда ҳам давом эттирилади.
Экспертлар прогнозларига кўра, кейинги йилда мамлакатда ЯИМ – 8,1%, саноат маҳсулотлари – 8,3 %, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш – 6% ва капитал маблағлар (қўйилмалар) 9,5 фоиз ўсишига эришилади. O`zLiDeP фракцияси фикрича, бу кўрсаткичлар глобал иқтисодиётда жиддий муаммолар сақланиб қолаётганига қарамай, Ўзбекистон аҳолиси турмуш даражасининг ўсишидаги изчилликни таъминлаб, жаҳон бозоридаги ўз ўрни ва рақобатбардошлигини мустаҳкамлаган ҳолда бундан кейин ҳам иқтисодиётни барқарор суръатларда ривожлантиришни давом эттиради, деб ишонч билан айтишга имкон беради. Насимжон АЛИМОВ,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги
O`zLiDeP фракцияси аъзоси,Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси
Қонунчилик палатаси томонидан 2014 йилги Давлат бюджети қабул қилинганини шарҳлай туриб, унинг лойиҳаси олдинроқ O`zLiDeP фракцияси йиғилишида партия электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда муҳокама этилганини алоҳида кўрсатиб ўтган бўлар эдим. Уни батафсил муҳокама қилиш чоғида мамлакат бош молиявий ҳужжатини сўзсиз ижро этишга қаратилган кўплаб конструктив таклифлар айтилган эди.
Хусусан, фракциямиз кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш устувор йўналиш бўлиши кераклигини таъкидлади. Жумладан, бу иқтисодиётга солиқ юкини камайтиришга тааллуқли бўлиб, даромад солиғининг базавий ставкасини 9% дан 8% га пасайтириш кўзда тутилмоқда. Бу эса, эътибор беринг, корхоналар ихтиёрида қарийб 132 млрд. сўм маблағ сақланиб қолишини таъминлайди. Ишонамизки, бу маблағ мамлакатимиз ишбилармонларининг ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш, техник ва технологик янгилашни тезлаштириш ҳамда кўламини кенгайтириш учун қўшимча манба бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, фракциямиз фермерлар ҳаракати вакиллари манфаатларини ифода этиб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилган ҳолда кам ҳосилли ерларда пахта хомашёси етиштирувчи фермер хўжаликларини бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашни давом эттиришни муҳим, деб ҳисоблайди. Жумладан, бу мақсадлар учун кейинги йилда жорий йилга нисбатан 26 млрд. сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади. Бу эса, ноқулай табиий иқлим шароитларида пахта хомашёси етиштирувчи қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради, деб ўйлаймиз. Сув хўжаликлари объектлари таъминоти учун ЯИМнинг 1,1 фоизи, яъни жорий йилга нисбатан 16,2% дан зиёд маблағ ажратилиши назарда тутилаётгани ҳам эътиборни тортади.
Умуман, фракциямиз 2014 йилги Давлат бюджети лойиҳаси доирасида мамлакатимиз аграр секторининг барча соҳаларида олға интилиш, қишлоқ хўжалигини иқтисодий жиҳатдан ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, қишлоқда бозор муносабатларини жорий этиш ва хусусий мулкчилик шаклини ривожлантиришни давом эттириш учун жиддий асос яратилган, деб ҳисоблайди.
Равиль САБИРЖАНОВ,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги
O`zLiDeP фракцияси аъзоси,Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси
Қонунчилик палатасида 2014 йилги Давлат бюджети лойиҳасини ҳар томонлама муҳокама этиш жараёнида O`zLiDeP фракцияси вакиллари ҳам партиянинг Сайловолди платформасидаги устуворликлар ва электорат манфаатларига асосланган ҳолда аввалдан ишлаб чиқилган позициялари билан иштирок этди.
Муҳокама этилган ва қабул қилинган Давлат бюджети лойиҳасини таҳлил этиб, икки жиҳатга эътибор қаратдим. Биринчидан, келаси йилнинг 1 январидан бошлаб 2014 ва 2015 йилларда эксперимент тариқасида Бюджет кодексини амалга киритиш режалаштирилмоқда. Зарур бўлганда унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади. Мазкур кодекс бутун бюджет жараёнларини ягона қонунчилик ҳужжатида тизимлаштиришга қаратилган бўлиб, тажрибада кузатилган зиддиятли ва эски меъёрларни бартараф этиш, шунингдек, амалда қўлланилаётган меъёр ва талабларни бирлаштириш ҳамда бюджет жараёни иштирокчилари ваколатларини тизимлаштириш имконини беради. Фракциямиз фикрича, бу партия электорати манфаатларига тўла мос келади. Чунки тўғридан-тўғри таъсир кучига эга ҳужжат бўлган Бюджет кодекси қонунчилик базаси ва уни ҳуқуқий қўллаш тизимини умумийлаштиришни таъминлаши керак. Қолаверса, алоҳида қайд этамизки, мазкур кодекс бюджет жараёнининг барча иштирокчилари ишини енгиллаштиради ва амалдаги Солиқ кодекси билан биргаликда давлат маблағларининг унификация қилинган, халқаро стандартларга жавоб берадиган ягона қонунчилик базасини шакллантиради. Умуман, Бюджет кодексини амалга киритиш давлат маблағларини бошқаришнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини яхшилашга қаратилган бўлиб, бу партиямиз электорати манфаатларига ҳам мосдир.
Иккинчидан, Ўзбекистон давлатимиз раҳбари раҳнамолигида кучли ижтимоий-сиёсий масалаларига катта эътибор қаратилган бозор муносабатларига ўтишнинг ўз моделини ишлаб чиққан ва самарали амалга оширмоқда. Шу маънода айтмоқчиманки, кейинги йилда ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағлар кўпайтирилади. Келаётган йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини амалга ошириш бўлади. Бунинг натижасида эса, 983 минг янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда.
Шу ўринда мазкур жараёнларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, касаначилик ва оилавий тадбиркорликниг турли шаклларини кенгайтириш катта роль ўйнашини алоҳида қайд этиш лозим. Бу эса, O`zLiDePнинг ўз Сайловолди дастурининг тадбиркорлик субъектлари ривожланиши ва кишиларнинг ишбилармонлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун тегишли шарт-шароитлар яратишга кўмаклашиш йўналишидаги қисмини амалга оширишга қаратилган, ўзини оқлаган йўлини давом эттиришнинг муҳимлигини кўрсатиб беради. Бу эса, халқ фаровонлигини юксалтириш ҳисобига аҳолини самарали ижтимоий муҳофаза қилишда муҳим омил ҳисобланади.
Обсудить новость на Форуме