19:30 05.04.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ФРАКЦИЯ ЎЗ ПОЗИЦИЯСИНИ ҚОНУНЛАРГА КЎЧИРИШГА ҲАРАКАТ ҚИЛМОҚДА

Ўзбекистонда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, хусусий секторни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш тамойиллари асосида олиб борилаётган кенг кўламли жараёнлар қонунчилик базасини бугунги кун талабларига мос равишда такомиллаштиришни тақозо этмоқда. 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида иккинчи ўқишда атрофлича муҳокама қилинган бир қатор қонун лойиҳалари ҳам ана шундай эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда тайёрланган.
– «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида муҳокамаси қизғин баҳс-мунозара руҳида ўтди, – дейди O’zLiDeP фракцияси аъзоси Шароф Амонов. – Унда асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг (агар уларнинг ўзида муддат кўрсатилмаган бўлса) расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши билан боғлиқ масалалар ўз аксини топган. Бошқача айтганда, ушбу қонун лойиҳаси билан «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида», «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида» ва «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги қонунларга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг норматив тусдаги ҳужжатлари улар расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киришини назарда тутувчи тегишли қўшимчалар таклиф қилинмоқда.
«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддасига кўра, ҳуқуқий экспертиза давомида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, унга нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек, ҳавола нормалар қўлланилишининг асослилиги текширилади.
Адлия вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси давомида мазкур лойиҳаларнинг уларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар бор-йўқлигини аниқлаш нуқтаи назаридан таҳлилни амалга оширади. Шу муносабат билан «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинмоқда. 
«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг 27-моддаси учинчи қисми билан вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдор шахслари давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга киритганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилган. Шуни инобатга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказмасдан ижрога юборишнинг олдини олиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни 1983-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Ушбу модда вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдор шахслари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ноқонуний амалга киритганлиги, яъни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказмасдан қабул қилганлиги ва ижрога юборганлиги учун жавобгарликни назарда тутмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва кундалик ҳаётимизга ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ишларини изчил давом эттириш лозимлиги алоҳида кўрсатиб ўтилганди.
Шунинг учун ҳам фракция аъзолари Хўжалик процессуал кодексига қўшимчалар киритиш билан боғлиқ янги нормалар муҳокамасида партия Сайловолди платформасида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда ўз мулоҳазаларини билдирдилар. Уларнинг фикрича, мазкур ўзгартишлар хўжалик судларида иш юритишни янада такомиллаштириш, суд ҳимоясига бўлган ҳуқуқни янада кенгроқ таъминлаш, тадбиркорлик субъектларининг вақти ва маблағларини тежаш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан судлар фаолиятида самарали фойдаланиш мақсадини кўзлайди.
Ҳозирги вақтда хўжалик процессуал қонун ҳужжатлари видеоконференция усулида суд мажлисини ўтказиш имкониятини назарда тутмайди. Хўжалик процессуал кодекси (ХПК)нинг амалдаги нормаларига кўра ишлар суд биносида кўрилади. Бундай тартиб суддан бошқа ҳудудда жойлашган тарафлар учун, иш кассация инстанцияси судида кўрилаётганда эса иккала тараф учун ҳам анча вақт ва маблағни талаб этади. Йиғилишда таклиф этилаётган янги нормаларнинг қабул қилиниши O`zLiDeP электорати фаолиятида нақадар муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратилди. Хусусан, ушбу қонун лойиҳаси орқали ХПКнинг 8, 90, 110, 131 ва 134-моддаларига қўшимчалар киритиш ва 1261-модда билан тўлдириш назарда тутилилаётгани, шахсларнинг видеоконференция усулидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқи белгиланиб, унинг айрим процессуал жиҳатлари мустаҳкамланётгани муҳокама марказидаги масала бўлди. Эътироф этиш керакки, таклиф этилаётган қўшимчалар ишда иштирок этувчи шахсларнинг суд муҳокамасида бевосита қатнашиш ҳуқуқини чекламайди.
– Мамлакатимизда суд ҳокимиятининг роли ва аҳамиятини оширишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда, – дейди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Абдуқодир Тошқулов. – Президентимизнинг 2012 йил 30 ноябрдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ушбу йўналишдаги навбатдаги катта қадам бўлди. O’zLiDePнинг Сайловолди платформасида эса партия суд тизимидаги ислоҳотлар доирасида электорат вакилларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларига қатъий риоя қилинишини таъминлайдиган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ваколатлари қонунларда аниқ акс эттирилиши тарафдори эканлиги ўз ифодасини топган. Фракциямиз аъзолари мазкур қонун лойиҳасига ана шундай ёндашув асосида муносабат билдирдилар.
Хўжалик процессуал кодексининг 110-моддаси иккинчи қисмига кўра, суд буйруғи судья томонидан икки нусхада имзоланади ва улардан бири ишда қолади, бошқаси хўжалик судининг гербли муҳри билан тасдиқланиб, ундирувчига берилади. Маълумки, хўжалик судлов ишларини юритишда аксарият ҳолларда тарафлар тадбиркорлик субъектлари бўлади. Тадбиркорлик субъекти бўлган қарздорнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш мақсадида қонун лойиҳасида тегишли тарзда тасдиқланган суд буйруғининг кўчирма нусхасини қарздорга юбориш тартибини жорий қилиш таклиф этилмоқда. 
Бундан ташқари, Фуқаролик процессуал кодексининг 310, 320, 346 ва 3481-моддаларига суд ҳуқуқ ва мажбуриятларига доир масалани ҳал қилган ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг суднинг қарори қонуний, асосли ва адолатли эканлигини текшириш ҳақидаги шикоят (ариза) билан мурожаат қилиш, апелляция ва кассация шикоятини бериш, биринчи инстанция судининг ажримлари устидан апелляция тартибида шикоят бериш ва протест келтириш ҳуқуқини ўрнатишни назарда тутадиган ўзгартириш киритилмоқда. Суднинг ишда қатнашишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига доир масалани ҳал қилиши ҳам ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарорнинг бекор қилинишига асос бўлади.
Фракция йиғилишида муҳокама қилинган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда маъқуллаш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Озод РАЖАБОВ,"XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси2014 йил 3 апрель, 13 (541)-сон

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме