19:01 27.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ФРАКЦИЯ ДАВЛАТ БЮДЖЕТИНИНГ 2013 ЙИЛ 9 ОЙЛИК ИЖРОСИНИ КЎРИБ ЧИҚДИ
2013 йил 25 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда депутатлар, экспертлар ва соҳа мутахассислари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этди. Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2013 йилнинг 9 ойи давомидаги ижроси якунлари лойиҳасини кўриб чиқди.
Сиёсий партиялар Сайловолди дастурларини амалга оширишнинг энг муҳим парламент механизмларидан бири – парламент томонидан қабул қилинган қонунларни ижро ҳокимияти, марказдаги ҳукумат ва жойлардаги ҳокимликлар қандай бажараётгани устидан самарали депутатлик назорати ўрнатишдан иборат. Шу боис, O`zLiDeP фракцияси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросини ҳар томонлама ва танқидий таҳлил этишга, унинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорлари билан тасдиқланган параметрларга мослигига масъулият ва синчковлик билан ёндашади.
Йиғилишда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан ҳукуматнинг жорий йил 18 январдаги мажлисида белгилаб берилган 2013 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим устувор йўналишлари мақсадли равишда амалга оширилгани туфайли 2013 йилнинг 9 ойи давомида иқтисодиётда макроиқтисодий барқарорлик ва юқори ўсиш суръатлари таъминланди. Жумладан, бу даврда ЯИМ 8,1%, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 9,4%, қишлоқ хўжалиги 6,8% ўсди.
Корхоналарнинг молиявий барқарорлигини кучайтириш ва рақобат муҳитини шакллантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш билан бир қаторда саноат ишлаб чиқаришини модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш ҳамда диверсификациялаш кўламини кенгайтириш, истеъмол товарлари, маҳаллийлаштирилган ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш саноат тармоқларида тузилмавий ўзгаришлар жараёнини янада чуқурлаштиришга имкон яратди. Мамлакатда инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги натижасида хорижий инвестициялар ва кредитларни ўзлаштириш ҳажми 12,4 фоизга ошди.
Партия электоратининг устуворликлари ва манфаатларидан келиб чиқиб таъкидландики, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг қўллаб-қувватлаш натижасида микрофирмалар ва кичик корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳажми кўпайди ва бу ҳолат ягона солиқ тўлови тушуми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25,5 фоизга ошишига олиб келди.
Аграр сектор, фермер хўжалиги ривожини мақсадли қўллаб-қуватлашга қаратилган сиёсатнинг амалга оширилиши, агротехника тадбирлари билан боғлиқ айрим харажатларнинг камайтирилиши фермер ва деҳқон хўжаликлари даромадлари ўсиши, ер ҳосилдорлиги кўпайиши учун асос яратди. Мелиоратив тадбирлар амалга оширилиши натижасида жорий йилнинг охирига бориб 264 минг гектар суғориладиган ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланиши кутилмоқда.
Мунозаралар доирасида O`zLiDeP депутатлари жойларда тадбиркорлик фаолияти учун бизнес муҳитини янада яхшилашга қаратилган қонунчилик талабларининг сўзсиз ижро этилиши, тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тўла ҳажмда бажарилишини таъминлашнинг муҳимлигини қайд этди. Умуман, иқтисодий сиёсатнинг асосий вазифаси бозор ислоҳотлари кўламини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш ва рақобатбардошлигини ошириш жараёнларини тезлаштириш, бизнес ва сармоя муҳитини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни таъминлаш бўлиб қолиши керак. Фракция буларнинг барчаси иқтисодиёт тармоқларининг юқори ўсиш суръатлари барқарорлигини сақлаб қолиш ҳамда макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларига эришиш учун мустаҳкам асос яратишни таъминлашига ишонади.
Кун тартибига мувофиқ, йиғилишда “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. O`zLiDeP депутатлари партиянинг Сайловолди дастурида корхоналарни хусусийлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга кўмаклашиш, бунда иқтисодиётга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш уни модернизациялашнинг ўта муҳим омили экани ҳисобга олиниши зарур ва муҳим экани аниқ кўрсатиб берилганини таъкидлади. Хусусийлаштириш жараёнлари, мулкни манфаатдор хусусий тадбиркорлар ва хўжалик юритувчи субъектларга қонуний асосда бериш партия электоратида мавжуд салоҳият ва имкониятларни тўлиқ амалга оширишга имкон беради. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодиёт ва мамлакат аҳолиси фаровонлиги ўсишининг муҳим омили бўлади.
Фракциянинг ушбу қонун лойиҳасига жиддий эътибор қаратишига яна бир сабаб, у Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг демократик бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш бўйича устувор йўналишларини амалга ошириш доирасида тайёрланганидир.
Шу боис, O`zLiDeP депутатлари мазкур қонун лойиҳаси хусусийлаштириш амалиётида қонунчилик жараёнлари ривожи ва сифат ўзгаришларини ҳуқуқий мустаҳкамлашда янги босқич бўлишини қайд этди. Амалдаги “Давлат назоратидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун мустақилликнинг илк йилларида қабул қилинган ва республикада иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишни бошлашга имкон берган ва унга мувофиқ, хусусийлаштиришнинг ҳуқуқий-меъёрий асосини яратиш амалга оширилган асосий ҳужжат бўлган эди.
Кейинчалик хусусийлаштиришнинг ҳуқуқий ва институционал асослари бир неча марта ва сезиларли ўзгаришларга учради. Хусусийлаштиришнинг янги механизмларини амалга киритиш амалдаги қонун талабларини аниқлаштирадиган кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишни талаб этди.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан мақсад, хусусийлаштириш жараёнларининг иқтисодиётда хусусий мулкчиликнинг улушини кенгайтириш ва оширишга, хусусийлаштириш битимларининг очиқлиги ва ошкоралигига, барча тоифадаги эҳтимолий инвесторлар учун тенг имкониятлар яратиш ва мулк ҳуқуқини таъминлашга қаратилган ҳозирги босқичининг ўзига хосликларини ҳисобга олган ҳолда хусусийлаштиришнинг замонавий стратегияси ва мавжуд амалиётини қонуний равишда тартибга солишни таъминлаш ҳисобланади.
O`zLiDeP фракцияси қайд этганидек, қонун лойиҳасининг муҳим жиҳатларидан яна бири унда амалдаги қонунчиликка ҳавола меъёрлар сонининг чекланганидадир. Бу, партия электорати манфаатларига тўла жавоб беради, яъни қонун лойиҳасининг тадбиркорлар ва инвесторлар учун бир хил тушунилишини сезиларли оширади.
Умуман, O`zLiDeP депутатларининг фикрича, мазкур қонун лойиҳаси жамоатчилик манфаатлари доирасида бўлган мулкнинг хусусийлаштириш жараёнларини ҳуқуқий тартибга солишни сезиларли равишда яхшилайди ва бир қатор янгиликларни ўз ичига олади.
У хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида мавжуд бўлган камчиликларни тўлдиради ҳамда хусусийлаштириш шартлари ва усулларини субъектив ёндашув билан танлашдан воз кечишга имкон яратади, хусусийлаштириш тартиб-таомилларининг иштирокчилари ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўлиқ ҳажмда белгилайди, хусусийлаштиришнинг очиқ-ойдинлигини ва унинг қоидаларини бир хил маънода тушунилишини таъминлаган ҳолда хусусийлаштириш инструментларини кенгайтиради.
Шунингдек, фракция йиғилиши давомида депутатлар Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилиши режалаштирилаётган “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2014 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаларини ҳам биринчи ўқишда муҳокама этиб, уни маъқулладилар.
Йиғилиш якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Обсудить новость на Форуме