00:32 22.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ФРАКЦИЯ 2014 ЙИЛДА ИШ ЎРИНЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ДАСТУРИ ЛОЙИҲАСИНИ КЎРИБ ЧИҚДИ

2013 йил 19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, ОАВ вакиллари иштирок этди. Йиғилишда “2014 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури” лойиҳасининг муҳокамаси кун тартибидаги асосий масала бўлди.

Янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим йўналишларидан бири, шунингдек, ҳалқимиз турмуш даражасини ва ҳаёт сифатини оширишнинг зарурий шарти ҳисобланади. Шу боис, O`zLiDeP депутатлари томонидан қайд этилганидек, мақсадли равишда янги иш ўринлари яратиш доирасида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган тегишли дастур қабул қилинади. Унда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва аҳоли бандлигининг муҳим омили бўлган меҳнат бозоридаги вазият ҳисобга олинади.

O`zLiDeP Сайловолди дастурида белгиланган вазифалардан бири – банд бўлмаган аҳолини, айниқса, қишлоқ жойларда тадбиркорликка жалб этган ҳолда бандлик масалаларини ҳал қилишга кўмаклашишдан иборат. O`zLiDeP фракцияси депутатлари таъкидлаганидек, аввалги бандликни таъминлаш дастурларининг амалга оширилиши таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, қулай ишбилармонлик муҳитининг шакллантирилиши янги иш ўринлари яратилишига олиб келади. Хусусан, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида кичик корхоналарда 314 мингдан ортиқ, якка тадбиркорлик секторида эса, 90 мингдан кўпроқ иш ўрни яратилди.

Қолаверса, қишлоқ хўжалигини ва унга оид тармоқлар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг модернизация қилиниши, фермер ва деҳқон хўжаликларининг ривожланиши ва кенгайиши бу даврда 107 минг нафар кишининг иш билан бандлигини таъминлади. Фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уни қайта ишлашнинг кенгайиши, бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ташкил этилиши ва хизматларнинг ривожланиши қўшимча равишда 86 мингдан ортиқ кишининг бандлигини таъминлади. Ушбу ҳолатни ҳисобга олиб, шунингдек, ўз электорати манфаатларидан келиб чиқиб, O`zLiDeP фракцияси 2014 йилда иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида айнан шу йўналишларга алоҳида эътибор қаратди.

Йиғилишда таъкидланганидек, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича комплекс ва ўзаро боғлиқ чора-тадбирларни ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг иш ўринларини яратиш бўйича салоҳиятини ишга солиш йўли билан амалга ошириш, демографик омиллар ва иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, бандлик ва тадбиркорликнинг самарали шаклларини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиш дастурнинг мақсади этиб белгиланган.

Мазкур дастурнинг асосий мақсадларидан яна бири – меҳнат бозорида тангликнинг олдини олишнинг амалий воситаси сифатида айниқса, кичик бизнесда, касаначилик ва оилавий тадбиркорликда иш билан таъминлашнинг самарали шаклларини ривожлантириш ҳисобланади. Бу вазифаларни кичик бизнеснинг иш ўринлари яратишдаги ролини янада ошириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш бўйича қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, кичик бизнеснинг кредитлар ва моддий-хомашё захираларидан, бозорда талаб юқори бўлган замонавий истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш дастурларидан фойдаланишини кенгайтириш орқали бажариш кўзда тутилмоқда. 

Дастурда 2014 йилда жами 983,6 минг иш ўрни яратиш режалаштирилган. Жумладан, саноат, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасидаги кичик бизнес корхоналарини ривожлантиришни тезлаштириш ҳисобига жами 37,6 фоиз, хусусий тадбиркорлик соҳасида 11,4 фоиз иш ўринлари яратиш мўлжалланмоқда.

Фракция аъзоларининг фикрича, кичик бизнес ва микрофирмалар учун нисбатан паст, яъни 5 фоизлик, савдо ва умумий овқатланиш соҳаси учун 10 фоизгача ягона солиқ тўлови ставкаси белгилангани мазкур йўналишларда иш ўринлари яратишнинг муҳим рағбатлантирувчи омили ҳисобланади. Йиғилишда алоҳида қайд этилганидек, айниқса, тайёр қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашга ихтисослашган қишлоқ хўжалиги субъектларининг ривожланиши ва кенгайиши 138 мингдан ортиқ кишининг банд бўлишига имкон беради.

O`zLiDeP фракцияси аъзолари алоҳида эътироф этганидек, буларнинг барчаси кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатининг аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларидаги етакчилик ролини кўрсатмоқдаки, бу ҳам иқтисодиётни эркинлаштириш натижаларидан бири ҳисобланади.

Мунозаралар давомида O`zLiDeP Сайловолди дастурида маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг бандлик муаммолари ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришдаги масъулиятини оширишнинг зарурлиги белгилаб қўйилгани ҳам кўрсатиб ўтилди. Таъкидландики, 2014 йилда иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳаси Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари, жумладан, O`zLiDeP депутатлик гуруҳлари аъзолари иштирокида ишлаб чиқилган. Шунинг учун, партиянинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органларидаги аъзолари олдида мамлакатимиз туман ва шаҳарлари бўйича иш ўринлари яратиш параметрларининг сўзсиз бажарилиши устидан депутатлик назоратини ўрнатиш ва бу йўналишда амалга оширилаётган ишларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдек муҳим вазифа турибди. Фракция ушбу вазифаларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, хўжалик юритувчи субъектларни кредитлашни эркинлаштириш масалаларига ҳам тааллуқли бўлишига ишонади.

Йиғилиш якунида O`zLiDeP фракциясининг муҳокама этилган масала юзасидан тегишли қарори қабул қилинди. 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме