20:15 17.10.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ФЕРМЕРЛИК ҲАРАКАТИНИ ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ЖАРАЁНЛАРДАГИ ҚУДРАТЛИ ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ КУЧГА АЙЛАНТИРИШ УСТУВОР ВАЗИФАЛАРИМИЗДАН
Соатмурод ҚУЛМИРЗАЕВ,O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасиаппарати масъул ходими Мустақиллигимизнинг илк онлариданоқ, жамиятимизни тубдан ислоҳ қилиш, жумладан, аграр секторда ҳам изчиллик ва қатъиятлилик билан босқичма-босқич амалга ошириб келинаётган тараққиёт йўлида фермерлик ҳаракати - давлат сиёсати даражасида йўлга қўйилди ва тарихан қисқа давр мобайнида ўзгаларга намуна бўла оладиган улкан ютуқларга эришилмоқда.
Энг муҳими, муҳтарам Юртбошимиз томонидан аввалбошдан аниқ ва равшан белгилаб берилган “ўзбек модели” асосида эришилган ҳар бир ютуқ ўз-ўзидан эмас, балки буюк келажагимизга бўлган юксак ишонч, улкан заковат, қатъиятлилик, тинимсиз ва заҳматли меҳнат орқали қўлга киритилаётганини жамиятимиз ҳар бир аъзоси ўз ҳаётида тўлақонли ҳис этиб бормоқда.
Мустақиллик йилларида яратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар - фермерликни шакллантириш ва ривожлантиришнинг энг муҳим омили бўлди, фермер хўжаликлари иқтисодий ва молиявий мустақиллигининг ҳуқуқий асоси ва кафолатларини белгилаб берди.
Бугунги кунга келиб, фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг асосий кучига айланган ва бу қонунчилигимизда эътироф этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатда фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш ҳамда улар фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга қаратилган “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини жамиятимиз тараққиётининг янги ва бир неча ўн йилларга мўлжалланган устувор йўналишларини ўзида қамраб олган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси”нинг мантиқий давоми, унинг амалдаги ижроси сифатида кўришимиз мумкин.
Фармонда фермер хўжаликларининг, мамлакат аграр секторини барқарор ва самарали ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, жамиятни демократлаштиришни чуқурлаштириш, иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш ва либераллаштириш борасидаги роли ва аҳамиятини ошириш масалаларини фермерлик ҳаракати томонидан амалга оширилиши асосий мақсад ва энг долзарб вазифалардан этиб белгиланган.
Фермерлар кенгашлари ва фермерларга мазкур Фармон билан берилган кенг имконият ва имтиёзлар асосида “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Қонунлар ва Солиқ кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ўз навбатида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу Фармонини дастуриламал ҳужжат, деб қабул қилган ва унда белгиланган барча вазифаларнинг ҳаётда муваффақиятли ва барқарор амалга оширилиши учун ваколати доирасидаги барча масъулиятни ўз зиммасига олган.
Чунки, O’zLiDeP мазкур Фармон аграр секторни ислоҳ этиш орқали, унинг рақобатбардошлигини янада оширишга, ҳали-ҳануз давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози - унинг Ўзбекистонга салбий оқибатларини олдини олиш борасида ҳам муҳим қадам, миллий иқтисодиётимизни янада барқарор ривожлантиришни давом эттириш учун мустаҳкамловчи ва рағбатлантирувчи омиллардан бири эканлигини алоҳида эътироф этади.
Энг асосийси, ушбу тарихий ҳужжатда мамлакатда фермерлик ҳаракати қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчисига ҳамда аграр соҳани ва у билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқларни ҳамда ишлаб чиқаришларни янада ривожлантириш, шунингдек, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган қудратли ижтимоий-сиёсий кучга айланиб бораётгани алоҳида қайд этилган.
Шунингдек, Президентимиз томонидан “Ҳозирги давр фермерлари нафақат деҳқончилик сирларини пухта билиши, айни пайтда ... бугунги ҳаёт олдимизга қўяётган янги вазифаларни яхши билиши, одамларнинг, айниқса қишлоқ аҳлининг турмуш даражасини янада яхшилаш, маънавиятини юксалтириш, хусусан, ёшларимизга ҳар томонлама ғамхўрлик ва эътибор кўрсатишда фаол бўлиши зарур”лиги алоҳида таъкидланган.
Мазкур вазифа ва кўрсатмалардан келиб чиққан ҳолда O`zLiDeP, барча фермерларимиз ўз фаолиятининг аҳамияти ва моҳиятини, уларнинг натижа ва оқибатларини тўла ҳис қилувчи, ўзини-ўзи тўла бошқара олувчи, жамиятимиз олдида турган улкан вазифалар муваффақиятли амалга оширилиши борасида эса, масъулиятни ўз зиммасига оладиган энг фаол, энг фидойи ҳамда ўз фикрига эга, дунёқараши теран ва кенг бўлган энг илғор инсонларга айланишлари кераклигини тўлиқ англашимиз ва бунинг учун керак бўлса, барча давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотлари биргаликда курашишимиз лозим, деб ҳисоблайди.
O`zLiDeP ташкил этилган биринчи кундан фермер хўжаликларини ривожлантиришга, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга ва улар учун зарур инфратузилмани шакллантиришга кўмаклашишни ўз фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинган.
Шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда фермерлик ҳаракатини янада жадал ривожлантириш, мамлакат ижтимоий-сиёсий жараёнларидаги фаоллигини ошириш, улар учун зарурий шарт-шароитлар яратиш ҳамда ўзаро муштарак мақсад ва вазифаларини рўёбга чиқариш мақсадида ижтимоий шерикликнинг умумэътироф этилган тамойиллари асосида O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси билан Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Бош битим имзоланди.
Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги мазкур ҳужжатда, авваламбор фермерлик ҳаракати вакилларининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш юзасидан олиб бориладиган доимий тарғибот-тушунтириш ишлари, фермер хўжаликларини ривожлантиришнинг қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, фермерликни ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлаш, фермер хўжаликларининг ўзини ўзи бошқариш таъсирчан механизмларини яратиш, уларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан ўзаро муносабатларини такомиллаштириш ҳамда иқтисодий мустақиллиги ва молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашга оид йўналишлар қамраб олинган.
Шунингдек, фермерлар орасидан Ватан ва давлат манфаатларини ўз манфаатидан устун қўядиган, давлат ҳамда вакиллик органларига лойиқ бўлган салоҳиятли ва қобилиятли кадрларни саралаб олиш, уларни қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириб бориш масалалари ҳам Бош битимда ўз аксини топган.
Фермерларни жамиятимизда, ён атрофимизда ва нафақат минтақадаги балки жаҳонда юз бераётган воқеа ва ҳодисаларга ҳам бефарқ бўлмаган, уларга лоқайд қарамайдиган энг фаол ва илғор ҳамда маънавий етук фуқароларга, агар таъбир жоиз бўлса жойлардаги етакчи фаолларга айлантириш масаласи белгилаб олинган асосий вазифалар сирасига киритилган.
Президентимиз Фармонига асосан фермер хўжаликлари фаолиятидаги долзарб масалалар ва уларни ҳал этиш йўлларини Фермерлар кенгашлари барча бўғиндаги ҳалқ депутатлари Кенгашларидан тортиб Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасининг тегишли қўмиталарида ҳам доимий равишда муҳокама қилиб бориш тизимини муввафақиятли амалга ошириш, бу борада маҳаллий Кенгашлардаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳлари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоларининг фаоллигини ошириш орқали том маънода уларга елкадош бўлиш белгиланган.
Булар шубҳасиз, соҳага оид амалдаги Қонунларни янада такомиллаштириш, уларнинг жойларда тўла ижро этилиши устидан қатъий Парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиш каби фаолият йўналишларимизни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
O’zLiDeP Ўзбекистон Фермерлар кенгашининг марказий ва ҳудудий тузилмалари раҳбар ва ходимларини партиянинг кадрлар захирасига олиш, муносиб раҳбар ва ходимларни халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар ва Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод қилиб кўрсатиш, O’zLiDePдан сайланган депутатлар ваколатларидан тўлиғича фойдаланиш каби мажбуриятларни ўз зиммасига олмоқда.
Мазкур белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун авваламбор бугунги кунда энг самарали усул бўлган партиявий лойиҳалар тизимидан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади.
Бу борада O’zFК билан қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Жумладан, “Илғор фермер - Либерал-демократик ғоялар тарғиботчиси”, “Фермерлик ҳаракати - фаол ижтимоий-сиёсий куч” каби қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, улар доирасида Бош битимда белгиланган вазифаларнинг тўла ижросини таъминлаш назарда тутилмоқда.
Айни пайтда, O’zLiDeP ҳамда O’zFК ҳудудий ташкилотлари ўртасида ҳудудларнинг ўзига хосликлари, имкониятлари ҳамда мавжуд реал шарт-шароитларни инобатга олган ҳолда ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзоланиши ва қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда.
Умуман олганда, ҳамкорликда амалга ошириладиган барча саъй ҳаракатлар фермерларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг янада кенгроқ фаолият олиб боришлари учун янги имкониятлар очиш орқали уларни аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган қудратли ижтимоий-сиёсий кучга айлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Обсудить новость на Форуме