18:30 07.12.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ФЕРМЕРЛИК ҲАРАКАТИ РИВОЖИ – ТЎКИНЛИК ГАРОВИДИР

Ўзбекистон тарихан қисқа муддатда ўттиз миллионли халқ эҳтиёжини тўла таъминлаш баробарида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилаётган мамлакатга айланди.  

Бундай юксак марраларга эришишда соҳада олиб борилган изчил ислоҳотлар, бозор иқтисодиёти шароитида рақобатбардош мулкчилик шакли яратилгани, яъни фермер хўжаликларини ташкил этиш ҳамда уларни ривожлантиришга қаратилган юксак эътибор мустаҳкам замин яратгани ҳеч кимга сир эмас. Айни пайтда ҳам қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тармоқни техник ва технологик модернизациялаш, фермер хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.  

Айниқса, Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрда имзоланган «Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони соҳада эришилаётган ютуқларни янада мустаҳкамлаш, аграр сектордаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларни такомиллаштириш ҳамда мамлакатда фермерлик ҳаракатини жадал ривожлантириш борасидаги муҳим қадам бўлди. Фермерларнинг ҳуқуқ-манфаатлари, самарали фаолияти, мулкий муносабатлари ишончли ҳимояланишини таъминлашга қаратилган ушбу фармон тармоқ салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва уни сотиш бўйича яхлит тизимни шакллантириш, таъминотчи, хизмат кўрсатувчи ва сотувчи тузилмаларнинг ривожланишига кенг йўл очганини нуфузли халқаро экспертлар ҳам алоҳида таъкидлашяпти. 

Шу ўринда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган 66134 та фермер хўжалигининг салмоқли қисми кўп тармоқли хўжаликларга айлангани, республикамизнинг пахта ва дон хирмонлари мазкур соҳаларга ихтисослашган 35896 та фермер хўжалиги аъзолари томонидан бунёд этилаётгани, яна 16964 та субъектда етиштирилаётган мева ва узум, 3647 та хўжалик етказиб бераётган сабзавот ва полиз, 5329 нафар фермер тайёрлаётган чорвачилик маҳсулотлари, балиқчилик ва паррандачилик билан шуғулланаётган 4298 нафар қишлоқ мулкдорининг замонавий бозор талаблари асосида ўз фаолиятини йилдан-йилга кенгайтираётгани юқоридаги мулоҳазаларнинг рақамлардаги акси, десак муболаға бўлмайди.  

Маълумки, ҳар қандай жамият ва давлат ривожида қонунлар ўзаро муносабатларни тартибга солади. Мустақиллик йилларида ҳам аграр соҳанинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ер кодекси, «Фермер хўжалиги тўғрисида», «Деҳқон хўжалиги тўғрисида», «Селекция ютуқлари тўғрисида», «Уруғчилик тўғрисида», «Наслчилик тўғрисида», «Ветеринария тўғрисида», «Ўсимликлар карантини тўғрисида», «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги 20 га яқин қонун ҳамда улар асосида 110 дан ортиқ меъёрий ҳужжат қабул қилинди. Энг муҳими, замон талабларидан келиб чиқиб, амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш масалалари айни пайтда ҳам тизимли давом эттирилмоқда.

Ана шундай саъй-ҳаракатлар туфайли республикамизнинг барча ҳудудларида аграр секторни ислоҳ қилиш ва либераллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юксак натижалар бермоқда.

Буни пойтахт вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин. 6200 та фермер хўжалиги фаолият юритаётган ҳудудда қарийб 3 мингга яқини пахтачилик ва ғаллачилик, 1778 та боғдорчилик ва узумчилик, 549 та чорвачилик, 249 та балиқчилик ва сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари иш олиб бормоқда. Аграр соҳага сифатли хизмат кўрсатилаётгани, хусусан, минерал ўғитлар дала бошигача етказиб берилаётгани, техника таъминотида лизинг усулидан кенг фойдаланилаётгани, қишлоқ мулкдорларига тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратишда қулай шароит яратилгани туфайли натижалар салмоғи йил сайин ошиб бораяпти. Хусусан, шу йилнинг ўтган даврида «Агромашлизинг» компанияси орқали мингдан ортиқ турли русумдаги қишлоқ хўжалик техникаси вилоят фермерларига лизинг асосида етказиб берилди. 

— Юртимизда фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга тобора катта аҳамият қаратилмоқда, — дейди вилоят Фермерлар кенгаши раиси Тўлқин Тўраев. — Бу, шубҳасиз, ўз самарасини бераётир. Жумладан, кейинги йилларда пахтачиликда ҳосилдорлик ўртача 4-5 центнер, ғаллачиликда эса 10-15 центнерга ошгани кузатилаяпти. Ўз навбатида, даромад салмоғи ҳам кўпайди. Масалан, 3-4 йил илгари ҳар гектар ердан ўртача  800-900  минг сўм даромад олинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич ўртача 1,5 миллион сўм, айрим хўжаликларда  эса 2 миллион сўмни ташкил этмоқда.  Энг муҳими, фермер хўжаликлари учун зарур бўлган ўғит, ёнилғи-мойлаш материаллари, техника ва эҳтиёт қисмларни етказиб беришда узилишларга йўл қўйилмаётир. Айниқса, кўп тармоқли фермер хўжаликларининг барпо этилиши қишлоқ ҳудудларида янги иш ўринлари яратиш, саноат корхоналарини кўпайтириш имконини бермоқда. 

Айни пайтда вилоятда 2160 та кўп тармоқли фермер хўжалиги бўлиб, улар деҳқончилик маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш, шунингдек, аҳолига 20 га яқин турдаги пуллик хизмат кўрсатишни йўлга қўйишган. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг самараси ўлароқ, жорий йилда қарийб 10 мингдан зиёд янги иш ўрни ташкил этилиб, уларга асосан касб-ҳунар коллежларини тугатган иқтидорли ёшлар жалб қилинди. 

— Фермер хўжаликларининг аксариятини O`zLiDeP фаоллари бошқармоқдалар. Зеро, партия ўз фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ қишлоқ мулкдорлари манфаатини ҳимоя қилишга астойдил киришган эди. Бугунга келиб эса олдимизда ҳамкасбларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари замон талаби сифатида кун тартибига киритилмоқда, — дейди партия фаоли, Ўртачирчиқ туманидаги «Мирзакаримов Тешабой ота» фермер хўжалиги раҳбари Тешабой Мирзакаримов. — Ҳалол меҳнат қилган одам асло кам бўлмайди. Мана, жорий йилни олайлик. 123 гектар ердан ўртача 70 центнердан ғалла ҳосили олдик. Ялпи хирмон 700 тоннага етди. Ўз тасарруфимизда қарийб 150 тонна дон қолди. Пахтачиликдан ҳам юқори ҳосилдорликка эришдик. 93 гектар ердан ўртача 41 центнердан ёки шартномада кўзда тутилган 267 тонна ўрнига 420 тонна ҳосил етиштирилди. Шунинг 400 тоннаси биринчи навга сотилди. Буларнинг барчаси биз учун қулай шароитлар, имтиёзлар яратилгани шарофатидандир. Энди эса биз ҳам ўз навбатида юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ҳамда иқтисодиётимизни янада юксалтириш учун зиммамиздаги масъулиятни теран ҳис этмоғимиз лозим.

— Омад осмондан тушмайди, албатта, — дейди Оҳангарон  туманидаги «Авазхон» фермер хўжалиги раҳбари, O`zLiDeP аъзоси Аваз Азимов. — Қанча экин майдони бўлишидан қатъий назар, ҳар бир фермер юридик шахс сифатида давлат, қолаверса тайёрловчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар олдида тўла масъулдир. Шундай экан, ўз бурчимизни унутмаслигимиз, ҳар қарич ердан унумли фойдаланишга ҳаракат қилишимиз лозим. 

Эсимда, дастлабки йиллари баъзи қийинчиликларга ҳам дуч келардик. Трактор топилса, ўғит йўқ, гоҳида тракторнинг носозлиги панд берар эди. Бугунчи, ҳамма нарса даланинг бошида. Шартнома туздингми, унинг ижросини назорат қилсанг бас, экинни парваришлаш учун нима керак бўлса, ҳаммаси ўз вақтида етказиб берилаяпти. Бунинг учун Юртбошимиздан ҳар қанча миннатдор бўлсак арзийди. 

«Авазхон» фермер хўжалигини мустақиллик тенгдоши, дейиш мумкин. Негаки, у 1991 йилнинг кузида ташкил этилган. Дастлабки йилиёқ хўжаликда ғаллачиликдан гектар бошига салкам 50 центнердан ҳосил етиштирилган. Ваҳоланки, собиқ колхоз тузуми даврида ушбу кўрсаткич 15-16 центнердан ошмас эди. Хўжалик даромадининг бир қисми қишлоқ йўлларини таъмирлаш, маҳаллаларни ободонлаштириш учун сарфланаяпти. Оила тўкис, рўзғор фаровон. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, мамлакатимизда мулкдорлар синфига кўрсатилаётган эътиборнинг амалий натижасидир.
Зиёдулла МЎМИНОВ,"XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 5 декабрь 49 (525)-сон

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме