21:00 13.02.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ФЕРМЕРЛИК ҲАРАКАТИ
Президентимиз Ислом Каримовнинг «Бош мақсадимиз — кенг кўламли ислоҳотлар ва модернизация йўлини қатъият билан давом эттириш» номли маърузасида белгилаб берилган энг устувор вазифалар қаторида фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, ер ва сув масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги яна бир бор таъкидланди. Зеро, «Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони билан фермерлик ҳаракати тарихида янги саҳифа очилди.Соҳа вакиллари ва таҳлилчиларнинг фикрича, ушбу фармоннинг энг муҳим жиҳати шундаки, у давлатнинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини тўғридан-тўғри бошқариб боришдан воз кечиш тўғрисидаги сиёсати изчил амалга оширилаётганлигининг яна бир ифодаси бўлди.Тан олиш керак: фермер қишлоқда шаклланган мулкдорлар синфининг энг етакчи вакили сифатида ижтимоий кучга айланиб бормоқда. Хўш, бу ҳодиса жамиятимизда қандай жиҳатлари билан намоён бўлаяпти? Бошқача айтганда, кеча кичик хўжалик эгаси ва унга хос оддийгина деҳқонча тафаккурга эга бўлган фермер бугунга келиб йирик ва сертармоқ хўжалик соҳиби сифатида қандай янгича сифатларга эга бўлмоқда? Энг аввало, фермерларда жамиятимизда изчил олиб борилаётган демократлаштириш жараёнларининг натижаси ўлароқ ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқининг мазмун-моҳиятини англаш, ўзлаштириш, қонун устуворлигини таъминлашга интилиш, жамиятдаги барқарорлик учун ўз жамосида соғлом муҳитни шакллантириш, ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга интилиш асосий мезонга айланганини таъкидлаш лозим. «Мустақиллик – бу ҳуқуқдир» шиори шу маънода ҳам фермерлар фаолиятида яққол гавдаланмоқда. Бунда ҳар бир фермерда ўз тақдирини ўзи яратиш, ўз бахти ва келажаги учун курашиш ҳисси ҳал қилувчи роль ўйнаяпти. Шу ўринда фермерларга берилаётган ҳуқуқ ва имтиёзлар замирида шахс ўз фаолиятини давлат ва жамият манфаатлари билан уйғунлаштирган ҳолда олиб бораётганини қайд этиш лозим. Маълумки, айни пайтда республикамизда қарийб 66 мингдан зиёд фермер хўжалиги бўлиб, улар тасарруфидаги ўртача ер майдони 85 гектарни ташкил этади. Кейинги ўн йил мобайнида фермерлар томонидан дон етиштириш 10 баробарга, картошка — 13, мева — 26, узум эса 20 баробардан зиёдга ошди. Пахта ҳосилдорлиги эса 1,2-2,5 ц/га, бошоқли дон экинлари ҳосилдорлиги эса 2,0-2.7 ц/га ортди. Бундай натижалар фермерлар тимсолида халқимиз деҳқончилигига хос бўлган тарихий менталитет қайта тикланиб, асосий ривожланиш ва тараққиёт омилига айланганини ҳам кўрсатади.Бир сўз билан айтганда, Президент фармони асосида ташкил этилган Фермерлар кенгаши олдига фермерларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқини тўлиқ рўёбга чиқариш асосида ижтимоий ҳамкорлик алоқаларини ташкил этиш ва бошқариш вазифаси қўйилди. Демак, бугунги фермер ўз фаолиятини ташкил этишда ҳуқуқ тартибот идоралари, сиёсий партиялар ва уларнинг маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари, Савдо-саноат палатаси сингари ташкилотлар билан ижтимоий шерикчилик қилишга қодир бўлган юридик шахсга айланди.Айни пайтда фермерда мулкка эгалик қилиш ҳисси мустаҳкамланганини қайд этиш лозим. Шунинг учун ҳам қишлоқ мулкдори ўз зиммасига юкланган бу масъулиятни тўғри англаш, унга хос янгича фикрлаш ва ҳаёт тарзига эга бўлишга ҳаракат қилаяпти. Бу масъулият кеча кўпроқ ўзини ўйлаб иш кўрган фермердан жамият ва унинг ҳаётий муаммоларига камарбаста инсон сифатида кенгроқ мулоҳаза юритишни талаб этаяпти. У айни пайтда халқ манфаатини кўзлаб иш кўриш, фойдаланиш учун шартнома асосида узоқ муддатга ижарага берилган умумхалқ мулки – ер ва сувдан самарали фойдаланишга интилаяпти. Шу маънода ҳам «Ерни боқсанг, ер сени боқади!», «Илғор агротехнология — деҳқончилик қаноти!», «Кўп тармоқли хўжалик — самарадорлик ва ривожланиш омили!», «Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш – бандликни таъминлаш ва турмуш фаровонлиги омили!», «Хорижий инвестициялар – ривожланиш ва тараққиёт асоси!» каби шиорлар фермерлик фаолиятининг асосига айлангани бежиз эмас. Бошқача айтганда, қишлоқ мулкдорлари ўз тасарруфидаги мол-мулк ва имкониятни биринчи навбатда хорижий давлатлардан янги технологиялар олиб келиш, етиштирилаётган маҳсулотларни қайта ишлаш, уларни харидоргир қилишга, ички ва ташқи бозорлар талабини олдиндан ўрганишга қаратмоқдалар. Улар фаолиятида миллий менталитетимизга хос саховатпешалик ва ҳожатбарорлик каби ноёб қадриятлар қарор топиб, эл-юрт олдида обрўси ошмоқда.Фермерлик фаолияти серқирра ва мураккаблиги билан ҳам алоҳида ажралиб туришини унутмаслик керак. Бу фаолият тури катта тажриба ва малакага эга бўлишдан ташқари замонавий билимларни пухта эгаллашни ҳам талаб қилади. Яъни, фермер мелиораторлик, ирригаторлик, агрономлик, механизаторлик, иқтисод, бухгалтерия ва хўжалик ҳуқуқи ҳамда замонавий бошқарув усулларидан етарлича бохабар бўлиши шарт. Бундан ташқари, фермер самарали хўжалик юритиши учун маркетинг, менежмент, аудитор каби замонавий соҳалар, импорт ва экспорт ҳуқуқи, хорижий давлатлар билан ўзаро алоқа қилиш учун халқаро ҳуқуқ нормаларидан ҳам етарлича хабардор бўлиши лозим. Бундай талаблар фермернинг тафаккур тарзида туб сифат ўзгаришлар бўлиши ҳамда замонавий фикрлашга ўтаётганлигини ҳам кўрсатади. Яъни, «Куч — билим ва тафаккурда» деган шиор бугунги фермерлар фаолиятида ўз исботини топмоқда.Фермерлар фаолиятидаги бундай ўзгаришлар қишлоқ хўжалиги соҳаларига юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ўқитишни халқаро стандартлар асосида олиб бориш, илғор фермер хўжаликларида амалиёт дарсларини ташкил қилиш орқали уларни кадрлар тайёрлаш жараёнларида кенг иштирок этишларини таъминлаш масаласини ҳам кун тартибига қўймоқда.Тан олиш керак: бугунги фермер ободончилик ва қурилиш ишларини жадал ривожлантиришда ҳам асосий кучга айланиб улгурди. Ҳатто энг чекка қишлоқларда барпо этилаётган замонавий ва янги типдаги бинолар, маданий-маиший марказлар, спорт стадионлари ва майдончалари, савдо-сотиқ марказлари, умумий овқатланиш ва дам олиш масканлари қурилиши, тарихий ва маданий обидаларни тиклашдаги ташаббуслари билан улар бунёдкор халқнинг муносиб ворислари эканликларини намоён этмоқдалар. Фермерларнинг ана шундай кўп қиррали фаолияти уларда, аввало, касбига хос маданиятнинг шаклланиши, жамиятнинг етакчи кучи сифатида юксак маънавиятга интилиши, ўз турмуш тарзи билан бошқаларга ҳам намуна бўлишига яқиндан ёрдам бермоқда. Бу уларнинг таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларида олиб борилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этиши, тарихий ва миллий-маънавий меросимизни қайта тиклашда алоҳида жонбозлик кўрсатишларида яққол намоён бўлмоқда.Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш зарурки, мустақиллик йиллари аграр соҳани ислоҳ қилиш мақсадида қабул қилинган қонунлар, фермерлар ҳаракатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган Президент фармон ва қарорлари бир маҳаллар колхоз ёки совхозга муте бўлган деҳқоннинг тафаккур тарзи ва дунёқарашини тубдан ўзгартириб, унда янгича фикрлаш, дунёқарашга эга бўлган қишлоқ мулкдорларини шакллантирди. “XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме