21:30 08.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ФЕРМЕРЛАР ҚИШЛОҚДАГИ ТУБ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ АМАЛГА ОШИРУВЧИЛАРИ ВА КАТАЛИЗАТОРЛАРИДИР

2013 йил 6 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси ва партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Ўзбекистон Фермерлари кенгаши билан ҳамкорликда фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш бўйича қонунчиликни такомиллаштиришнинг долзарб масалалари муҳокамасига бағишланган форум ўтказди.

Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга кўмаклашиш, фермерлик ҳаракатини ва самарали зарурий инфратузилмаларни шакллантиришни қўллаб-қувватлаш O`zLiDePнинг устувор дастурий вазифаларидандир. Чунки, O`zLiDeP ишонадики, айнан фермерлар қишлоқдаги ҳаёт сифатини белгилаб берувчи, туб ислоҳотларнинг, аграр соҳага замонавий технологиялар ва инновациялар жорий этилишининг катализаторлари ва амалга оширувчилари ҳисобланади.  

Партия фикрича, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар мантиғи фермерлик ҳаракатини янада юқори, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришни талаб этади. Фермерларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш масалалари бундан кейин партия диққат марказида бўлиши лозим. Форумда жамият ва ижтимоий-иқтисодий муносабатлар тизимида, қишлоқ хўжалигини тараққий эттириш ва унинг самарадорлигини оширишда, қишлоқ қиёфасини тубдан ўзгартиришда фермерлик ҳаракатининг роли ва аҳамиятини янада кучайтириш учун жойлардаги депутатлик гуруҳлари ишини фаоллаштириш муҳим экани таъкидланди. O`zLiDeP учун яна бир муҳим масала, бу замонавий билим ва малакага эга фермерларнинг янги авлодини шакллаштириш, ёш авлодни дунёнинг ривожланган мамлакатлари тажрибаси асосида тарбиялашга кўмаклашишдир.

Анжуман иштирокчилари O`zLiDeP ва Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик муваффақиятли ривожланаётганини қайд этди. Жумладан, бугунги кунда O`zLiDeP аъзолари бўлган қарийб 300 нафар фермер Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига сайланган. Бу эса, партиянинг фермерлик ҳаракатини қудратли ижтимоий-сиёсий кучга айлантириш, унинг аграр ва унга боғлиқ бошқа соҳалар ривожи, шунингдек, қишлоқда турмуш даражаси ва сифатини юксалтиришдаги роли ва аҳамиятини ошириш жараёнларига кўмаклашишдек устувор вазифани ҳал этиш механизмларидан биридир. 

Энг асосийси, форумда эътироф этилганидек, бу омиллар фермерларга ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кишилар, биринчи навбатда қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини янада яхшилаш жараёнларига фаол қатнашишга имкон беради.

Тадбирда O`zLiDeP ва Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги бош битим имзолангани эслаб ўтилди. Ушбу ҳужжат жамиятни демократлаштиришни чуқурлаштириш, иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш бўйича бугунги кунда фермерлик ҳаракати олдида турган вазифаларни амалга ошириш, фермер хўжаликларининг мамлакат аграр секторини барқарор ва самарали ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришнинг ўта муҳим бўғини сифатидаги роли ва аҳамиятини оширишга қаратилган.

Тадбирда O`zLiDePнинг қишлоқ хўжалигида қайта ишланган маҳсулотларнинг экспортини кўпайтириш учун энг қулай шароитлар яратишга қаратилган ҳуқуқий базани такомиллаштиришдек муҳим дастурий вазифалари ечимига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Партия нафақат экспортни ташкил этишдаги, балки Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва қайта ишланган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини стандартлаштириш ва сертификациялашдаги қоғозбозлик ва расмиятчилик ҳолатларининг бартараф этилиши тарафдоридир.

Форум қатнашчилари қайд этганидек, Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари, ишлаб чиқарувчи корхоналар экспортини, ўз маҳсулотларини етказиб беришни кенгайтиришни рағбатлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бундай ёндашувнинг муҳимлиги шундаки, O`zLiDeP фикрича, етиштирилган маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш фермер хўжаликлари фаровонлиги даражасининг сезиларли ўсишига олиб келади. Шу муносабат билан, давлатимиз раҳбарининг «қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларнинг якуний натижаси деҳқонларнинг ўз меҳнатидан муносиб фойда олиши, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси ва сифати юксалиши билан ўлчанади», деган сўзлари келтириб ўтилди.

Анжуман иштирокчилари таъкидлаганидек, O`zLiDeP ва унинг парламентдаги фракцияси томонидан ташкил этилган форум электорат манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиш ва намоён этишга, энг асосийси, фермерларнинг мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини юксалтиришга хизмат қилади.  

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме