16:15 11.01.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ФЕРМЕР НЕГА O‘ZLIDEPНИ ТАНЛАЙДИ.

Бир муҳим воқеа юз бермаганида, балки Қуйичирчиқ туманидаги “Қуйичирчиқ агро маскан” фермер хўжалиги раҳбари Владимир Аннинг O‘zLiDeP фаолиятига қизиқиши бунчалик ортмаган,  ҳаётини сиёсий партия билан боғлашга аҳд этмаган, ўз хўжалигида бошланғич ташкилот тузишга ҳам астойдил қунт қилмаган бўлармиди... Эндиликда эса буларнинг ҳаммаси тўла-тўкис амалга ошди ва фермер аввалгидан зиёд ғайрат-шижоат билан меҳнат қилаётир.   
Деҳқончилик илмидан андак хабардор одам биладики, сув йиғилиб қоладиган, зах, устига-устак, сизот сув юзага яқин бўлган ерларда бу шароитга мослашмаган экинларни ўстириб бўлмайди. В.Ан тасарруфидаги жами 87,5 гектар ердан 21 гектари ана шундай захкаш, таъбир жоиз бўлса, жуда “инжиқ” далалар сирасига киради. 
Туман ҳокимлигидаги айрим мутасаддилар ўтган йилнинг баҳорида шу жойга ҳам чигит қадаш тўғрисида кўрсатма берди. O‘zLiDePнинг тадбиркор ва фермерларни ҳам қўллаб-қувватлаётганидан бохабар В.Ан мадад истаб “Олмос агрофайз” фермер хўжалигидаги бошланғич ташкилотга расман мурожаат қилди. Бу бежиз эмас эди: мазкур БПТ етакчиси Дилором Тилянова партиявий фаолиятнинг самарадорлиги электорат фойдасига ҳал қилинган масалаларнинг сони ва сифати билан ҳам ўлчаниши зарур, деб ҳисоблайди ва бунга қатъий амал қилади. 
БПТ етакчиси маслакдошлари иштирокида мазкур шикоятни атрофлича муҳокама қилди. Чунончи, кўтарилган муаммони бевосита жойида ўрганиш учун партия фаолларидан иборат жамоатчилик комиссияси тузилди. Масала ўша куниёқ пишиқ-пухта ўрганилиб, чиқарилган хулоса партиянинг туман ва вилоят кенгашларига етказилди.  Вилоят Кенгаши эса Халқ депутатлари Тошкент вилояти ва Қуйичирчиқ тумани кенгашлари депутатлари, партия ходимлари, туман ҳокимлиги вакиллари ҳамда соҳа мутахассисларидан иборат махсус ишчи гуруҳ ташкил этди. Вилоят кенгаши депутати А.Абдуллаев раислигидаги ишчи гуруҳ йиғилишида фермер мурожаати батафсил муҳокама қилинди ва масалани жадаллик билан бевосита хўжаликка бориб ўрганиш лозимлиги белгиланди.
Ишчи гуруҳ таркибидаги тажрибали агрономлар фермер арзига сабабчи бўлган ўша  ҳар жой-ҳар жойида қўшни далалардан оққан сув халқоб бўлиб ётган ер майдонинг ҳолатини тадқиқ ва таҳлил этиб, барча агротехник тадбирлар ўз вақтида, бекаму-кўст бажарилган тақдирда ҳам бу ер майдони экин экишга тайёр бўлиши учун энг камида 20 кун керак бўлади, деган хулосага келди. Чигитни бундай кеч экиш эса кўсаклар очилишини ноябрь-декабрь ойларига мўлжаллаш билан баробар. Ҳосилни йиғиштира олмаган фермер эса шартнома мажбуриятини бажара олмайди, яъни катта зиён кўради. 
Натижада комиссия аъзолари фермерга 32-контурда белгиланган мазкур ерни қора шудгорга қолдириш ёки кейинги йилга қадар тупроқнинг мелиоратив ҳолатини яхшиловчи, ер ости сувлари таъсирига чидамли, эртапишар экин турини экишни тавсия қилди. Ишчи гуруҳ томонидан тузилган далолатнома асосида вилоят ҳокимига хат юборилди. Унда муаммони ҳал этиш учун амалий ёрдам сўралди. Пировардида вилоят ҳокимлиги топшириғига биноан туман ҳокимлигининг фермер хўжалиги фаолиятига аралашуви тўхтатилди ва заминдорга ернинг мелиоратив ҳолатига мос бошоқли экин экишига рухсат берилди.  
Шу ўринда айрим рақамларни келтириш жоиз: таҳлилларга кўра, ўтган йили вилоятдаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарларига юборилган 123 та депутатлик сўровининг 51 таси, 67 нафар мансабдор шахс ҳисоботининг 12 таси, 7 та назорат-таҳлил текширувининг 3 таси бевосита БПТларда кўтарилган масалаларга тааллуқлидир. Демак, ушбу ҳудуддаги қуйи бўғинлар ҳам ўзларига билдирилган ишончни оқлашга астойдил ҳаракат қиляпти.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сайловчи, электорат вакилининг ҳар бир мурожаати партия аъзолари, айниқса, БПТлар ва депутатлар зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Юқоридаги сингари мисоллар ҳам O‘zLiDeP Сиёсий Кенгашининг бошланғич ташкилотлар фаоллигини оширишга йўналтирилган қарор ва фармойишлари жойларда изчиллик билан амалга татбиқ этилаётганидан далолат беради.   O‘zLiDeP Тошкент вилоят КенгашиМатбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме