02:15 19.06.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИ ФАОЛИЯТИ ҚОНУНИЙ МУСТАҲКАМЛАНАДИ

Аввал хабар қилинганидек, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан 2013 йил 13 июнь куни ташкил этилган навбатдаги ишчи йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2013 йил 17 май куни киритилган ҳамда Қонунчилик палатаси Кенгаши ҳузуридаги Киритилаётган қонунлар лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ томонидан рўйхатга олинган «Фермерлик фаолиятини ташкил этиш янада такомиллаштирилиши ва фермерлик ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси дастлабки тарзда кўриб чиқилиб, барча сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Экоҳаракат депутатлар гуруҳи вакиллари томонидан концептуал жиҳатдан тўла қўллаб-қувватланган эди.

Жорий йилнинг 17 июнь куни эса Қўмита томонидан мазкур қонун лойиҳасининг моддама-модда муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда амалдаги Ўзбекистон Республикасининг «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуни ва бошқа қатор қонун ҳужжатлари асосида фермер хўжаликлари манфаатлари ҳамда ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, жойларда ишлаб чиқариш ва ташкилий масалалар ўз вақтида ҳал этилишига хизмат қилаётганлиги эътироф этилди ва айни пайтда эса ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида бажарилиши белгиланган қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш жараёнлари ва уларни муваффақиятли амалга ошириш, авваламбор, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг асосий субъекти бўлмиш фермер хўжаликларининг янада самарали фаолият олиб боришини таъминлашга қаратилган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳолати билан бевосита боғлиқ эканлиги қайд этилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 22 октябрдаги «Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4478-сонли Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган қонун лойиҳасининг асосий мақсади - кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш учун зарур шароитларни яратиш, шу асосда фермерлар фаолиятининг молиявий барқарорлиги ва самарадорлигини оширишни таъминлаш, мамлакат қишлоқ хўжалигини модернизация қилишда фермер хўжаликлари иштирокини янада фаоллаштиришдан иборат.Эътиборлиси мазкур ҳуқуқий ҳужжат асосида Аграр соҳага оид энг муҳим учта, яъни «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги ва «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонунларга ҳамда Солиқ кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, Қонун лойиҳаси билан “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддаси иккинчи қисмига фермер хўжалигининг устав фондини шакллантириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган янги нормани киритиш таклиф этилмоқда. Унда фермер хўжалиги бошлиғи томонидан фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаси бериш бўйича танловда кўрсатиб ўтилган мол-мулк, техника ва пул маблағлари фермер хўжалигининг устав фондига киритилиши назарда тутилмоқда.

Экспертлар ва фермерларнинг фикрича, бу ўз навбатида, фермер хўжаликларининг молиявий активларини ошириш, қўшимча асосий воситалар, айланма маблағлар, захира базасини яратиш, гаров капиталини кўпайтириш орқали ўз моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қолаверса, кредит ресурсларидан фойдаланишда қўлланилмаётган резервларни ишга солиш, маблағларни ўз хўжалигини капиталлаштириш учун йўналтириш ҳамда иқтисодий барқарорлигини таъминлашга кўмаклашади.

Шунингдек, Қонуннинг 32-моддасида белгиланган фермер хўжалигини тугатиш асослари ҳам кенгайтирилмоқда. Ушбу қўшимча билан фермер хўжаликларининг устав фондини шакллантириш бўйича мажбуриятлари бажарилиши масалалари қатъий равишда белгилаб қўйилмоқда. Бунда фермер хўжаликлари юритиш учун ер участкаси бериш танловида фермер хўжалигининг бошлиғи томонидан кўрсатиб ўтилган мол-мулк, техника ва пул маблағларининг устав фондига киритилмаган тақдирда фермер хўжалиги тугатиш асоси белгиланмоқда. Бундан ташқари, фермер хўжаликлари томонидан товарларни ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажаришда риоя этилиши талаб этиладиган нормативлар ва стандартлар талаблари рўйхати кенгайтирилмоқда.

Қайд этилганидек, амалиётга томчилатиб суғоришни жорий қилган юридик шахслар томчилатиб суғорилаётган ер майдонлари бўйича беш йил муддатга ягона ер солиғидан озод қилинишини назарда тутувчи қўшимчаларнинг киритилиши, авваламбор, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга, қолаверса замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этган ҳолда ерларнинг мелиортив ҳолатини яхшилаш, экинлар ҳосилдорлигини оширишга хизмат қилади. Пировард натижада эса фермер хўжаликларининг иқтисодий барқарорлиги таъминланиши таъкидланди.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжат асосида жисмоний шахсларнинг солиқ солинмайдиган даромадлари қаторига пахта йиғим-терими учун мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган жисмоний шахсларнинг ушбу ишларни бажарганликдан олган даромадлари ҳам киритилмоқда, яъни пахта йиғим-теримига мавсумий жалб қилинган жисмоний шахсларнинг даромадлари даромад солиғидан озод қилинаётгани пахта йиғим-терими мавсумида қатнашганлар учун қўшимча даромад манбаи эканлиги эътироф этилди.Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон фермер хўжаликларининг иқтисодий мустақиллиги ва молиявий барқарорлигини ошириш, фермерларнинг ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва қишлоқ хўжалик хом ашёсини комплекс қайта ишлаш, шунингдек қишлоқда янги ишлаб чиқаришлар ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил қилиш ҳамда ривожлантириш ҳисобига механизациялаш даражаси ва рентабелликни оширишдан манфаатдорлигини рағбатлантириш учун қўшимча қулай шароитлар яратиш имконини бериши алоҳида эътироф этилди.

Депутатлар томонидан мамлакатда фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кенгайтириш борасида қатор амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди. Шунингдек, тадбирда иштирок этган фермер хўжаликлари раҳбарлари, олим ва мутахассислар ҳамда экспертлар томонидан қонун лойиҳасини янада маромига етказиш бўйича билдирган таклиф ва тавсиялари қонун лойиҳаси ижодкорлари ва депутатлар томонидан таҳлил этилган ҳолда инобатга олиниши белгиланди.

Тадбир якунида унда билдирилган фикр, мулоҳаза ва амалий таклифлар асосида хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқилди.  

www.parliament.gov.uz

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме