16:15 21.12.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

«ФАОЛИЯТИМИЗНИ ДАВР ТАЛАБЛАРИГА МОСЛАШТИРАМИЗ»

Меҳрибон Йўлдошева,O`zLiDeP Хоразм вилоят кенгаши раиси ўринбосари,
халқ депутатлари Урганч шаҳар кенгаши депутати

Бугун мамлакатимизда аёлларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, опа-сингилларимизни тадбиркорликка йўналтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. 

O`zLiDeP электорати сафида ҳам тадбиркор ва ишбилармон хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Жумладан, шулардан 1000 нафарга яқини вилоятимизда фаолият юритяпти. Ўтган сайловларда 18 нафар сафдошимиз халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари депутатлигига сайланди. Икки нафар партиядошимиз эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида иш олиб бормоқда. 

Ана шундай фаолларимиз иштирокида уюштирилаётган тадбирларда хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, жойларда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш масалалари ҳам доимий эътиборда. Шу мақсадда ўтаётган йилда қирқдан ортиқ учрашув, давра суҳбати, семинар-тренинг ўтказдик. Уларда юртимизда кечаётган туб ўзгаришлар, янги қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти, опа-сингилларимизнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш масалаларига ҳам кенг ўрин бериляпти. 

«Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари», «Оилавий тадбиркорликдан — мустаҳкам оилага», «Соғлом оила — мустаҳкам оила» сингари партиявий лойиҳалар доирасида эса вилоятнинг энг чекка ҳудудларигача кириб боришга ҳаракат қилдик. Масалан, O`zLiDeP Янгиариқ туман кенгашининг «Аёллар қаноти» ташаббуси билан ўтказилган «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик — иқтисодий барқарорлик кафолати» мавзуидаги давра суҳбатида уй бекалари, шунингдек, касб-ҳунар коллежларини тугатган ёш қизларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама этилди. Ана шу мавзудаги тадбирлардан кейин 38 нафар тадбиркор аёл айни масала юзасидан ёшларга мураббий сифатида бириктирилди. Хазорасп, Гурлан, Шовот туманларида ташкил этилган «Тадбиркор аёл — оила файзи, жамият таянчи», «Тадбиркорликни ривожлантиришда аёлларнинг ўрни», «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш — бандликни таъминлашнинг муҳим омили» мавзуидаги тадбирлар ҳам аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ижросига қаратилди. 

Шу ўринда якунланаётган йилда «Аёллар қаноти»нинг «Оилавий тадбиркорликдан — мустаҳкам оилага» лойиҳасида иштирок этган опа-сингилларимизнинг ўндан ортиқ бизнес-режалари учун 140 млн. сўмдан зиёд кредит маблағи ажратилгани, натижада 10 нафар хотин-қиз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш имконига эга бўлганини таъкидлаш мумкин. Лойиҳаларимизда иштирок этган хотин-қизлар бошқарувидаги жамоалар ҳам ҳар жиҳатдан мустаҳкамланмоқда. Қолаверса, жойлардаги маҳаллий ҳунармандлар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. «Аёллар қаноти» ташаббуси билан бир ҳунармандга биттадан шогирд бириктирилиб, улар фаолиятини кенгайтириш учун яқиндан ёрдам кўрсатилмоқда. 

Албатта, хотин-қизларни иш билан таъминлашда сиёсий партияларнинг алоҳида ўрни бор. Биз эса электорат вакилларига таянган ҳолда ушбу муаммонинг ечимини топишга ҳаракат қилаяпмиз. Мана, бир мисол. Янгиариқлик Гулнора Жабборова лойиҳада иштирок этиб, 10 млн. сўм кредит олишга муваффақ бўлди. Айни кунда у қишлоқдош аёллардан 5 нафарини доимий иш билан таъминлаган. 

Шовотлик якка тадбиркор Гуландом Худоёрова, «Яшнарбек Ражапов» хусусий корхонаси раҳбари Гулсара Нуржанова, Урганч туманидаги «Шодлик-шайдо» фермер хўжалиги раҳбари Раъно Рўзметова каби ўнлаб жонкуяр опа-сингилларимиз саъй-ҳаракати билан лойиҳа доирасида 53 та янги иш ўрни барпо этилди.

Бундай саъй-ҳаракатларнинг тизимли равишда амалга оширилаётган ислоҳотлар эса ислоҳотлар натижасига хизмат қилиши шубҳасиз.

Наргиза ҚАҲҲОРОВА тайёрлади.
«XXI asr»

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме