20:45 13.10.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Етакчилик масъулиятини ким қандай ҳис этаяпти?
О’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг БПТлар билан ишлаш сектори мудири Дилшод Мирзаевнинг таъкидлашича, Ховос, Оқолтин, Музрабод, Ангар, Учқудуқ ва Нурота туман кенгашининг бошланғич ташкилотлари билан ҳамкорлиги бугунги кун талабларига жавоб бермаяпти.– Дилшод Артикович, маълумки, ҳар қандай сиёсий партиянинг мақсад ва вазифалари асосан унинг қуйи бўғинлари орқали амалга оширилади. O`zLiDeP Сиёсий Кенгашининг IV мажлисида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган эди. Хўш, жойлардаги бошланғич ташкилотлар ана шу масъулиятни бугун тўла ҳис этаяптиларми? Умуман, ислоҳотлар талабидан келиб чиққан ҳолда партиянинг ҳудудлардаги бошланғич ташкилотлари фаолиятини қониқарли баҳолаш мумкинми?– Бошланғич ташкилотлар фаолияти бошқа партиялар қатори O’zLiDeP учун ҳам мақсад ва вазифалар ижроси ҳамда электорат манфаати кесишадиган асосий нуқта ҳисобланади. Қолаверса, бу тузилма зиммасига Сайловолди дастуримизни ҳаётга татбиқ этиш ва электорат билан ишлаш вазифаси юклатилган. Шундан келиб чиққан ҳолда O’zLiDeP ана шу бўғин фаолиятини мунтазам такомиллаштириб бормоқда. Хусусан, бир йилдан буён «Бошланғич ташкилот — партия асоси: имкониятлар таҳлили ва фаолиятни такомиллаштириш» номли махсус акция ўтказилиб, унда ҳудудий бўлимлар ҳамда БПТлар аъзолари иштирокида аниқ мавзуларда учрашув ва йиғилишлар ўтказилаяпти. Агар 2012 йилнинг ўтган даврида БПТлар ташаббуси билан 10742 та тадбир ташкил этилган бўлса, уларда 145 мингдан ортиқ аъзоларимиз иштирок этдилар. Энг муҳими ана шу тадбирлар давомида аҳоли ўртасида ҳурмат-эътибор қозонган, ташаббускор, етакчилик қобилиятига эга ва масъулиятли кадрлар танланиб, кадрлар захирасига олинди. Шунингдек, акция доирасида Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) кенгаши депутатлари БПТларга бириктирилиб, уларга электорат билан доимий алоқа ўрнатиш, қуйи бўғинлар фаолиятига халал бераётган муаммо ва камчиликларни аниқлаш вазифалари юклатилди. Бундан ташқари, БПТларга хусусий сектор вакилларининг қонуний манфаатлари юзасидан юқори партия ташкилоти ҳамда ўзига бириктирилган депутатга доимий тарзда таҳлилий материаллар ва таклифлар тақдим этиб бориш вазифаси топширилди.Бундай ноанъанавий ёндашув натижалари фаолиятимизни бир мунча жонлантирди, дея оламиз. Масалан, Иштихон туманидаги «Ўзбекистон» маҳалла фуқаролар йиғинидаги бошланғич ташкилот аъзолари ҳудуддаги газ муаммосини ижобий ҳал этиш учун туман кенгаши депутати О.Тошматовга мурожаат этдилар. Орадан кўп ўтмай, БПТ аъзолари кўтариб чиққан масала бўйича 1 км. 700 метр масофага газ қувури тортилиб, муаммо ижобий ҳал этилди.Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли тумани «Қазанкеткен» шаҳарча фуқаролар йиғини қошидаги БПТ аъзолари таклифи эса O`zLiDeP Кегейли туман кенгашидаги депутатлик гуруҳида кўриб чиқилгач, Халқ банки туман филиали раҳбариятига депутатлик сўрови юборилди. Депутатлар, БПТ раислари ва партия фаоллари иштирокидаги депутатлик гуруҳи йиғилишида ушбу сўров натижаси муҳокама қилиниб, «Қазанкеткен» шаҳарчаси фуқароларидан А.Ниязимбетовага 1,5 млн., Р.Жуманазаровага 2 млн., Т.Мухтаровга 1,5 млн., М.Отебековга 1,5 млн. ва А.Алиевага 2 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит олиш имконияти яратилди. Қувонарлиси шундаки, ёш оилалар бу маблағни ўз бизнесларини йўлга қўйиш ва керакли жиҳозлар сотиб олишга сарфладилар. Бундай мисоллар бир қарашда арзимасдек туюлиши мумкин. Аммо ана шундай «арзимас» масалалар баъзан ёш тадбиркорлар, жойлардаги электоратимиз аъзолари ҳаёти билан боғлиқ эканини эътиборга олсак, партиявий ёндашув тўғри эканини англаб етамиз. Умуман олганда, мазкур чора-тадбирлар самараси ўлароқ, БПТлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 134 тага кўпайган бўлса, партия сафига 10 мингдан ортиқ янги аъзолар қўшилди.Шунингдек, акция доирасида минтақавий ўқув-семинарлар ўтказилиб, уларда 10 мингдан зиёд партия фаоллари иштирок этдилар. – Ютуқлар ва юқорида тилга олинган натижалардан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Аммо таҳририятдаги маълумотларда айрим ҳудудларда камчилик ва нуқсонлар борлиги ҳам қайд этилмоқда. Шу хусусда қандай фикрдасиз?— Ҳақиқатан ҳам, таҳлилларимиз айрим БПТлар фаолияти тизимли йўлга қўйилмаганини, айрим ҳудудий кенгашлар билан ишлаш қониқарсиз эканини ҳам кўрсатаяпти. Мана, масалан, қатор ҳудудларимизда бошланғич ташкилот етакчиси бошқа ишга ўтиб кетиши натижасида БПТ фаолияти сустлашиб қолиши ҳолати кузатилаяпти. Бу эса БПТлар бўйича доимий мониторинг тизимини янада такомиллаштиришни тақозо этиши шубҳасиз.Шунингдек, баъзи БПТ раисларининг аҳоли мурожаати ва муаммоларини ўрганиш ҳамда уларни партиявий усул ва воситалар ёрдамида ҳал этиш имкониятларидан тўлиқ фойдалана олмаслиги ҳам фаолиятимизга салбий таъсир кўрсатмоқда. Айрим БПТларда эса турли аҳоли қатлами вакилларини партия сафига жалб этиш жараёни оқсаётгани туфайли, жойларда ўсиш кўрсаткичлари паст даражада қолмоқда. Бошқа бир ҳудудларда БПТлар ишлаяпти. Аммо улар фаолияти кўзга ташланмаяпти. Бунга, шубҳасиз, туман (шаҳар) кенгашлари раҳбарларининг эътиборсизлиги, БПТлар билан алоқа ўрнатилмагани сабаб бўлаяпти.Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё ва Навоий вилоят партия кенгашлари тизимидаги БПТлар фаолиятида ана шундай камчиликлар мавжудлиги аниқланди. Айниқса, Ховос, Оқолтин, Музрабод, Ангор, Учқудуқ ҳамда Нурота туман кенгашларининг БПТларга муносабатини қониқарли, деб бўлмайди.Ушбу ҳудудлардаги БПТларнинг 2011 ва 2012 йилдаги фаолияти ўрганилганда, сиёсий-партиявий ва маънавий-маърифий ишларни янада кучайтириш, партия ғоя ва мақсадлари, дастурий вазифаларини кенг тарғиб этиш борасидаги ишлар талаб даражасида эмаслиги маълум бўлди.– Бундай камчиликларни бартараф этиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?– Айрим ҳудудлардаги партия фаолларининг юқоридагидек муносабатига бефарқ қараб бўлмайди, албатта. Шунинг учун ҳам БПТ аъзоларининг, айниқса, етакчиларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини оширишга эътибор кучайтирилмоқда. Бунда «Сиёсий таълим марказ»лари имкониятларидан кенг фойдаланаяпмиз. Зеро, ишни ташкил этиш, юқори партия ташкилотлари талабларини бажариш учун партиявий тажриба билан бир қаторда сиёсий билимларнинг ҳам тўкис бўлиши мақсадга мувофиқдир.Бу борада Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси томонидан қабул қилинган «O`zLiDePнинг бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш ва янада ривожлантириш Концепцияси» қўл келаяпти. Айнан ушбу ҳужжат БПТлар фаолиятини янги босқичга кўтариб, партиянинг мақсад ва вазифаларини жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда тарғиб қилишда муҳим дастуриламал вазифасини ўтаяпти. Мазкур Концепцияга асосан БПТлардаги ишчан раҳбарларни қўллаб-қувватлаш, ташаббускор ва инновацион ғояларга эга, партия фаолиятини янада ривожлантиришга ҳисса қўша оладиган фаолларни излаш ва уларни партиявий фаолиятга жалб этиш талаб этилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад – БПТларни партиянинг кучли қуйи бўғинига айлантиришдир. Бу эса пировардида сайловчилар билан партия алоқаларини мустаҳкамлайди. Хулоса қилиб айтганда, бугунги кундаги асосий вазифамиз БПТлар мисолида партиянинг мустаҳкам асосини такомиллаштиришдир. Бошқача айтсак, БПТлар жамиятда шаклланаётган қарашларга янада фаол таъсир этиб, жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиши, ижтимоий муаммолар ҳал этилишига кўмаклашиши зарур. Улар ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, тадбиркорлик учун кафолатларни таъминлашда O`zLiDeP ва электорат ўртасидаги мустаҳкам кўприк вазифасини ўтамоғи лозим. Шундагина O’zLiDeP истиқболда ҳам етакчи сиёсий куч бўлиб қолаверади.
Абулфайз САЙИДАСҚАРОВ,«XXI asr»
Обсудить новость на Форуме