11:00 08.02.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Енгил саноатнинг «юки» енгиллашгани йўқ
2011 йил 25 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасида «Мамлакатимизда енгил саноатни ривожлантириш истиқболлари, муаммолар ва уларнинг ечими» мавзуида қўмита эшитуви ўтказилиб, унда «Ўзбекенгилсаноат» компанияси раиси Илҳом Ҳайдаровнинг ҳисоботи эшитилган эди.
Хўш, орадан 9 ой ўтиб қўмита қарори ижроси юзасидан қандай ишлар амалга оширилди?
Мутахассисларнинг таъкидлашларича, ўтган йили компания тизимидаги корхоналарда 1560,9 млрд.сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.
Бу шубҳасиз мустақиллик йилларида Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакат индустриясини ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсати даражасидаги эътибор натижасидир. Маълумки, енгил саноат тизимида маҳсулот турлари ишлаб чиқариш имконияти кенг бўлиб, соҳани замон талаблари даражасида ривожлантириш иқтисодий ва ижтимоий масалаларнинг ижобий ҳал этилишида ҳам муҳим роль ўйнайди. Бинобарин, янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда бозорни зарур маҳсулотлар билан тўлдиришда ҳам ушбу тармоқ муҳим аҳамият касб этади. Бунда энг аввало, тармоқда тадбиркорлик тузилмаларининг кўпайиши ва мамлакат экспорт салоҳиятининг ошишига кенг йўл очилишини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Шу боисдан ҳам O`zLiDeP фракцияси аъзолари 2011 йилда амалдаги қонунлар ва давлат дастурларининг жойлардаги ижроси юзасидан ўтказилган назорат-таҳлил тадбирлари давомида енгил саноатни ривожлантиришнинг истиқболлари, соҳани ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммоларга алоҳида эътибор қаратдилар. Парламент қуйи палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган эшитувда ҳам тизим фаолияти атрофлича таҳлил этилиб, соҳа мутасаддилари зиммасига бир қатор вазифалар юклатилган эди.
Хусусан, қўмита эшитувида енгил саноат корхоналарини техник жиҳатдан модернизация қилиш, тармоққа инвестиция жалб этишни кенгайтириш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида рақобатни кучайтириш, соҳани ривожлантиришнинг яқин, ўрта ва истиқболдаги йўналишлари концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилган эди.
«Ўзбекенгилсаноат» компанияси раиси Илҳом Ҳайдаровнинг айтишича, қўмита қарорида акс этган вазифаларни бажариш учун компания тизимида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди. Бунда айниқса, «2011-2015 йилларда Ўзбекистон саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги Давлат дастури ана шу мақсадга қаратилган ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этди. Натижада акциядорлик компанияси тасарруфидаги корхоналар сони 256 тадан 273 тага кўпайди. Тўқимачилик, тикувчилик, трикотаж ва ипакчилик тармоқларидаги корхоналар йилига 400 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш, 373 минг (2010 йил 291,5 минг) тонна ип калава, 81,8 минг тонна (2010 йилда 56,3 минг) трикотаж мато, 282 млн. кв. метр (2010 йилда 157,9 млн. кв. метр) газлама маҳсулотлари ишлаб чиқариш қуватига эга бўлди.
Қўмита қарорининг енгил саноат корхоналарини техник жиҳатдан модернизация қилиш ва тармоққа инвестициялар жалб этишни кенгайтириш бандидан келиб чиқиб, 2011 йилда Фарғона, Сирдарё, Тошкент, Наманган, Жиззах, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 28 та янги ва модернизация қилинган енгил саноат корхоналари ишга туширилди. «Индорма» МЧЖ, «Булут текстил МЧЖ», «Мусаввир» МЧЖ, «Лос Гигантес текстил» МЧЖ, «Қўқон-Асака текстил» МЧЖ ва «Сангринтекстил» қўшма корхоналари шулар жумласидандир. Янги қувватларнинг ишга туширилиши натижасида тармоқда 92,1 миллион АҚШ долларидан ортиқ инвестиция ўзлаштирилиб, 5045 та янги иш ўрни яратилди. Пахта толасини қайта ишлаш қувватлари 53,6 минг тоннага, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қуввати эса 18,5 млн.донага кўпайиб, экспорт салоҳияти 133,4 миллион долларга ошди.
Соҳа мутахассислари 2011 йилда 114 та ана шундай лойиҳалар бўйича ишлар олиб борилганини, жорий йилда эса бу кўрсаткич 85 тага кўпайишига алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Хусусан, айни кунларда дунёнинг энг нуфузли — Швейцариянинг «Ритер» тўқимачилик компанияси билан собиқ «Ўзбектекстилмаш» ИЧБ негизида йигирув дастгоҳларини йиғиш, уларни эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш ва сервис хизмати кўрсатиш лойиҳаси бўйича қурилиш ишлари якунланмоқда.
Компания раиси И.Ҳайдаров имзоси билан қарор ижроси юзасидан қўмитага тақдим этилган маълумотлар ҳақиқатан ҳам тармоқда жиддий изланишлар олиб борилаётганини кўрсатмоқда.
Бироқ депутатларнинг фикрича, ҳали соҳада ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар мавжуд. Мисол учун, қўмита аъзолари томонидан ўтказилган таҳлилларда ўтган йилларда республикада пахта толасидан газламалар ишлаб чиқариш ҳажми 2,5 мартага камайгани, жун ва ярим жун матолар деярли ишлаб чиқарилмагани қайд этилган эди. Тармоқнинг мамлакат саноатидаги улуши эса 12 фоиз атрофида экани ҳам соҳада мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланилмаётганини кўрсатиб турибди.
Шу ўринда Юртбошимизнинг 2011 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2012 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисида айтилган қуйидаги фикрларига алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз: «Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини бошқариш тизимларини жорий этиш, маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мослигини таъминлаш масаласи барча корхоналарда ҳам ҳал этилган, деб бўлмайди. Бу камчилик, айниқса, биз учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган енгил саноат, фармацевтика ва қурилиш материаллари саноати каби истеъмол товарлари ишлаб чиқариладиган тармоқларга тегишлидир».
Айни пайтда 2012 ва кейинги йиллар учун дастуриламал, дея эътироф этилаётган ушбу ҳужжатда келтирилган фикрлардан енгил саноат тизими мутасаддилари тегишли хулоса чиқаришлари ҳамда ўз ишларига масъулият билан ёндашишлари лозим, албатта.
Обсудить новость на Форуме
26 декабря 2024
« | Декабрь 2024 |
Пн | Вт | Ср | Чт | Пт | Сб | Вс |
1 | ||||||
2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 |
9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 | 15 |
16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 | 22 |
23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 | 29 |
30 | 31 |