13:15 04.04.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Енгил саноатнинг юки енгил эмас

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган «Мамлакатимизда енгил саноатни ривожлантиришнинг истиқболлари, муаммолари ва ечимлари» мавзуидаги семинарда янги иш ўринлари яратиш ҳамда истеъмол бозорини зарур маҳсулотлар билан тўлдиришда енгил саноат тизими олдида турган долзарб вазифалар  муҳокама қилинди.

«Ўзбекенгилсаноат» компанияси маълумотларига кўра, бугунги кунда юртимизда енгил саноат молларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи 3481 та корхона бўлиб, уларнинг 256 таси компания тасарруфига киради. Тўқимачилик, тикувчилик, трикотаж ва ипакчилик тармоқларидаги корхоналар йилига 291,5 минг тонна калава ип, 56,3 тонна трикотаж, 157,9 млн. кв. метр газлама ва 26,3 млн. жуфт пайпоқ маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда.

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси Илҳом Насриевнинг таъкидлашича, Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли мамлакат индустриясини ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсати енгил саноат тизимини ҳам бугунги талаблар даражасида ривожлантириш имконини берди.

— Бунда айниқса давлатимиз раҳбарининг «2006-2008 йилларда тўқимачилик саноати корхоналарини модернизация қилиш ва техникавий қайта жиҳозлаш дастури тўғрисида»ги қарори муҳим аҳамият касб этди, — деди И.Насриев. — Натижада кейинги икки йилда тармоқда 44 та йирик корхона ишга туширилиб,  тўқимачилик соҳасида ишлаб чиқариш ҳажми 1,6 маротаба ошди. Соҳанинг жаҳон андозалари асосида ривожланиб бориши эса уни тартибга солувчи қонунчиликни ҳам такомиллаштириш ва уларнинг бажарилиши юзасидан қатъий парламент назоратини амалга оширишни тақозо этмоқда. Бугунги тадбирдан кўзда тутилган мақсад ҳам соҳанинг айни кундаги ҳолатини таҳлил қилиш орқали унинг ривожига тўсиқ бўлаётган айрим муаммоларни аниқлаш ҳамда уни бартараф этишнинг амалий чораларини ишлаб чиқишдан иборатдир.

Анжуман иштирокчиларининг фикрича, «2011-2015 йилларда саноатни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги Президент қарорининг қабул қилиниши соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади, енгил саноатни диверсификация қилишга, экспорт салоҳиятини ўстириш ва соҳадаги таркибий ўзгаришларни чуқурлаштиришга ёрдам беради.

— Юртбошимизнинг мазкур қарори асосида тайёрланган дастурга кўра, 55 та инвестицион лойиҳани амалга ошириш белгиланган бўлиб, улар асосан саноати у қадар ривожланмаган минтақаларда жорий этилади, — деди «Ўзбекенгилсаноат» компанияси раиси Илҳом Ҳайдаров. — Натижада 2015 йилга бориб ички бозор эҳтиёжи учун ип газламалар ва трикотаж-тикув маҳсулотлари ишлаб чиқариш миқдори бир неча маротаба ошади.

Йиғилишда ана шундай ижобий натижалар қаторида соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган айрим муаммолар ҳам мавжудлигига эътибор қаратилди. Ўтган йилда эса ушбу секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши бор-йўғи 1,2 фоизни, тармоқнинг мамлакат саноатидаги улуши эса 11,8 фоизни ташкил этган.


Ана шундан келиб чиқиб, мавжуд корхоналарнинг пахта толасидан реал нархларда фойдаланиш имконияти, республика ичида пахта толасини реализация қилиш шартлари ҳамда йигирилган ип, тайёр газламалар ва трикотаж матосидан фойдаланишдаги муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилиш иштирокчиларининг фикрича, мамлакатда енгил саноатни ривожлантириш соҳасидаги ҳозирги ҳолатни акс эттирувчи ҳамда мавжуд муаммолар ечимини топиш ва уларни тартибга солиш, соҳанинг истиқболли йўналишлари стратегиясини ифодаловчи ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган Концепциясини ишлаб чиқишни даврнинг ўзи тақозо этаяпти. Бунда эса соҳа фаолиятини тартибга солишга кўмак берувчи  «Саноат сиёсати тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ниҳоятда зарурдир.

Шунингдек, йиғилишда  компания тизимидаги корхоналарнинг барқарор ишлаши учун айрим ҳолларда электр таъминотидаги узилишлар ҳам салбий таъсир этаётганига эътибор қаратилди. O`zLiDeP фракцияси аъзолариниг фикрича, бу саноатнинг мазкур тармоғи билан шуғулланувчи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Айрим ҳудудлардаги маҳаллий раҳбарларнинг масъулиятсизлиги туфайли электр энергияси масаласидаги муаммолар кичик корхоналарнинг молиявий барқарорлигига салбий таъсир этмай қолмаяпти. Натижада маҳсулот ишлаб чиқариш сифати пасаймоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этган йиғилишда ана шу каби масалалар юзасидан Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилиниб, мутасадди идораларга тавсиялар берилди.


Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме