19:30 21.12.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Эзгу мақсад — ютуқларимиз гарови
«Инсон манфаати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳаётимизнинг янада эркин ва обод бўлишига эришиш — бизнинг бош мақсадимиздир». Юртбошимизнинг Конституциямизнинг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси ана шундай эзгу мақсад билан номлангани бежиз эмас, албатта. Зеро, янги Ўзбекистон тарихига тамал тошини қўйган давлатимиз раҳбарининг ўтган йиллар мобайнида турли сана ва воқеалар, катта-кичик тадбирлар, турли вилоятларда турли соҳа вакиллари билан юзма-юз мулоқотларида қутлуғ ният, олийжаноб мақсад, азалий қадриятларимиз ҳисобланмиш эзгу анъаналаримизни алоҳида тилга олиш яхши анъанага айланган. Тарих учун ўта қисқа муддат — 20 йилда мамлакатимизда эришилган улкан муваффақиятлар замирида аввал бошдан тўғри йўл танлангани, эндиликда жаҳон иқтисодиётида «ўзбек модели» сифатида тан олинган ўзига хос тараққиёт дастурига изчил амал қилинаётгани бўлса, иккинчидан хилқимизнинг эртанги кунига бўлган улкан ишончидир.Шу маънода кириб келаётган Янги йил арафасида якунланаётган йилга холисона баҳо берилиб, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиз учун ўта зарур ҳисобланган устувор йўналишлар белгилангани ва шу асосда йилга ном қўйилиши таъбир жоиз бўлса қадриятларимиздан бирига айланди. «Мустаҳкам оила йили»да амалга оширилган кенг кўламли вазифалар бунга яққол мисол бўла олади.Бу муҳим ишда мамлакатимиз икки палатали парламенти томонидан қайта-қайта ўрганилиб, қабул қилинаётган қонунлар, шубҳасиз, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Масалан, шу йил қабул қилинган «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга кўра бундан буён мулк эгаси билан давлат органлари ўртасидаги муносабатларда пайдо бўладиган барча зиддиятлар ва тушунмовчиликлар мулкдорлар фойдасига ҳал этиладиган бўлди. Эндиликда янги таҳрирда амал қилаётган «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида», «Рақобат тўғрисида», «Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги тўғрисида»ги қонунлар ва улар асосида имзоланган «Ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида», шунингдек, «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицезияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонлари, шубҳасиз, хусусий мулк эгалари фаолиятини янада эркинлаштириш, халқимиз ҳаётини яна сермазмун қилиши баробарида юртимиз тараққиётига хизмат қилади. Умуман олганда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан тасдиқланаётган қонунлар ва ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар кундалик ҳаётимизда амалга оширилаётган барча ишларимиз, мамлакатни изчил ривожлантириш ва модернизация қилиш, пировардида юртимизни дунёдаги энг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олишидек эзгу орзуларимиз рўёбини яна тезлаштиришга хизмат қилмоқда. Ватанимиз сарҳадларининг мустаҳкам ҳимоя қилинаётгани, юртимиздаги тинчлик ва осойишталик меҳнатсевар ва яратувчан халқимизни янги-янги марраларга руҳлантирмоқда. Кириб келаётган «Обод турмуш йили»да ҳам бунёдкорлик ишларимиз янада кенг кўлам касб этади, албатта. Зеро, пок ният, қутлуғ орзулар ва ягона мақсад атрофида бирлашган ҳар қандай халқнинг келажаги порлоқ бўлади.
“XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме