18:00 30.05.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Энг аввало сифат керак


Фуқаролик жамиятини шакллантириш узлуксиз жараён бўлиб, бунда сиёсий партиялар муҳим ўрин тутади.

Сиёсий куч илгари сураётган ғоя ва мақсадларни тарғиб қилиш ва ана шу ғоялар атрофида маслакдошларни бирлаштириш эса бошланғич ташкилотлар зиммасидаги асосий вазифадир.

«Ўзмевасабзавотузумсаноат-холдинг» компанияси қошида ташкил этилган БПТ аъзолари буни тўғри англаган ҳолда ўз фаолиятларини мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва партия дастури асосида олиб  боришга ҳаракат қилмоқдалар.

– Партия аъзолиги ҳар бир киши зиммасига алоҳида масъулият юклайди, – дейди компания ходими Рустам Мамарайимов. – Мен ҳам турли партияларнинг низом ва дастурларини ўрганиб, O’zLiDeP сафига киришга қарор қилдим. Ҳозир партия сафида туриб, олдимизга қўйилган вазифаларни партиявий кўрсатмаларга уйғунлаштиришга интилаяпман. 

 Корхона қошидаги бошланғич ташкилот атрофига Р.Мамарайимовга ўхшаган 20 дан зиёд фаоллар уюшган. Улар ўз бурчларини яхши англашади. Аслида ушбу БПТ партиянинг қалдирғоч қуйи бўғинларидан ҳисобланиб, деярли саккиз йиллик сиёсий тажрибага эга.

— Бугун мамлакатимизда кечаётган сиёсий жараёнлардан ҳеч ким четда туриши мумкин эмас, – дейди БПТ раиси Абдукарим Умаров. – Шу боисдан бошланғич ташкилотимиз корхонамизнинг барча ишчи-ходимлари учун амалий-семинарлар ташкил этишни йўлга қўйган. Бу тадбирларда давлат ва жамият бошқарувини янгилаш, мамлакатни модернизация қилиш жараёнларида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар моҳияти очиб берилаяпти. Бу амалда ўз самарасини бериб, ишчи-ходимларнинг меҳнат коэффициентини оширишга хизмат қилаяпти.

Кўриниб турибдики, ушбу БПТ аъзолари ўз сиёсий қарашларига эга. Уларнинг шахсий ташвишлар билан ўралашиб қолмай партия тақдири, юрт келажаги  учун жиддий қайғуришлари кишини мамнун этади.

– БПТда мунтазам равишда Президентимизнинг «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» китобининг мазмун-моҳияти, унда баён этилган муҳим жиҳатларни тарғиб этишга қаратилган чора-тадбирлар кўриб борилмоқда, — дейди ташкилот фаоли Шуҳратилло Азизов. – Бу китобни синчиклаб ўрганар экансиз, мустақилликнинг қанчалар буюк неъмат эканини англайсиз. Биз мутлақо янги замонда, мулки, бойлиги, сиёсий қарашлари, жамиятдаги мавқеидан қатъий назар, ҳар бир инсоннинг фикри давлат бошқарувида муҳим ҳисобланадиган бир даврда яшаяпмиз. O’zLiDePнинг сиёсий интилишлари эса ушбу жараёнларни жадаллаштириш, турмуш маданияти ва фаровонлигини янада оширишга қаратилгандир.

Ҳаётда ҳамма иш силлиқ кетавермайди. Биз ушбу БПТ фаолияти билан танишар эканмиз, мавжуд муаммолар билан ҳам қизиқдик. Маълум бўлдики, партия аъзоларининг партиявий-сиёсий билимларини ошириш бўйича туман ва шаҳар кенгашларидан янада фаолроқ бўлиш талаб этилмоқда. Ўтган йилдан бошлаб жорий йилнинг айни чораги мобайнида бирорта партия аъзоси сиёсий таълим курсларига жалб қилинмаган. Шунингдек, уларни қўшимча сиёсий адабиётлар билан таъминлашда ҳам совуққонликка йўл қўйилмоқда. Юқори партия ташкилотлари асосан ҳисоботлар талаб қилиш, турли тадбирлар ўтказиш билан чегараланиб қолаётир. БПТларга бўлган муносабатни тубдан ўзгартирадиган пайт келди. Сабаби — рағбат ва эътибор, маслаҳат ва амалий кўмак бўлмаган жойда қизиқиш сўниб, партиявий-сиёсий ишлардан путур кетиши эҳтимолдан йироқ эмас.

O’zLiDeP Сиёсий Кенгашининг 2012 йил 31 мартда бўлиб ўтган  IV мажлисида, шунингдек, Тошкент шаҳар кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида ҳам қуйи бўғинларга жиддий эътибор қаратиш зарурлиги алоҳида таъкидланган эди. Зеро, гап фақат сонда эмас, балки асосан сифатдадир. Бошланғич ташкилотлар фаолиятини йўлга қўйишда бу асосий мезонга айланиши лозим.

Абулфайз САЙИДАСҚАРОВ,
«XXI ASR»

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме