13:00 20.09.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Электорат ишончини қозониш осон эмас

Мустақиллигимизнинг 20 йиллиги кенг нишонланган шу кунларда ўтган даврга назар ташласак, бозор иқтисодиётига асосланган демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрни кескин ошганига амин бўламиз. Ўтган йиллар давомида аёлларни ижтимоий ҳимоялашга қаратилган 100 га яқин қонун ҳужжатлари қабул қилингани, cайлов тўғрисидаги қонунларимизга Олий Мажлис ва маҳаллий вакиллик органларига номзод кўрсатишда хотин-қизларга камида 30 фоизли квота ажратиш шарти белгилангани ҳам опа-сингилларимизнинг ижтимоий мавқеини янада мустаҳкамлаш имконини берди. Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга давлат ва жамоат ташкилотлари қатори O`zLiDeP ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

Айни пайтда партия аъзоларининг 35 фоизи, яъни 59716 нафарини хотин-қизлар ташкил қилаяпти. Уларнинг аксарияти турли соҳаларда, жумладан, иқтисодиётнинг нодавлат секторида фаолият юритиши баробарида хотин-қизларни фаол турмуш тарзига кенг жалб этаётганликлари ҳам фикримизга мисол бўлиши мумкин.


Севара МУСЛИМОВА,
O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Аёлларнинг сиёсий фаоллиги,
жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири:

—  Президентимиз Ислом Каримовнинг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да сиёсий партияларнинг янада фаол иштирок этишлари лозимлигига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Чунки демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнларининг муваффақиятли ҳал этилиши кўп жиҳатдан сиёсий институтлар ролига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан олиб қаралса, партиянинг “Аёллар қаноти” зиммасидаги масъулиятни англагандек бўламиз. Ўтган ярим йил мобайнида аёлларнинг сиёсий билими, ижтимоий-иқтисодий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш юзасидан жойларда ўтказилган 1122 та давра суҳбати, очиқ мулоқот, учрашув ва семинар-тренингларда ана шу фикрлар тилга олинди. Уларда фаол иштирок этган 62628 нафар хотин-қизлар ҳам O`zLiDeP «Аёллар қаноти» томонидан амалга оширилаётган ишларнинг устувор йўналишлари сифатида давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш чора-тадбирларининг самарадорлиги хусусида фикр юритдилар. Зеро, бу борада Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Марказий банк, «Маҳалла» хайрия жамғармаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти каби ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди.

Аммо таъкидлаш жоизки, бундай натижалар масъулиятимизни бир зум бўлса-да, енгиллаштирмайди. Аксинча, биздан тинимсиз изланиш, мавжуд имкониятлардан тўлароқ фойдаланиш тақозо этилмоқда.


Марҳабо  ЧУЛИЕВА,
O`zLiDeP Самарқанд  вилоят кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллиги,
жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири:

— Бугун вилоятдаги 2 та шаҳар ва 14 та туман кенгашида “Аёллар қаноти” ҳамда улар қошидаги “Ёш фаол қизлар клуби” фаолият олиб бормоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ҳамкор ташкилотлар иштирокида 40 дан ортиқ сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий ва маърифий мавзуларда тадбирлар ўтказдик.

Айни пайтда вилоятимиздаги 1402 нафар тадбиркор опа-сингилларимизнинг 603 нафари, фермерлик соҳасидаги аёлларнинг 63 нафари O`zLiDeP аъзоларидир. Бу бизга аҳоли орасида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш учун қўшимча имконият беради, албатта.
Шу боис ҳам «Аёллар қаноти»нинг 2011 йилнинг ўтган давридаги фаолияти таҳлил этилган йиғилишда амалга ошираётган ишимизга берилган ижобий баҳо бизни янги ташаббусларга ундади.


Раъно БОЙҚЎЗИЕВА,
O`zLiDeP Фарғона вилоят кенгаши раиси ўринбосари:


—  Ўтган даврдаги фаолиятимизни таҳлил қилиш  мақсадида ишбилармон, тадбиркор аёлларимиз ўртасида сўровнома ўтказдик.
Сўровномаларнинг 35 фоизида тадбиркор аёллардаги ишчанлик ва ўз мақсадларига интилиш муҳим фазилат деб кўрсатилган бўлса, 50 фоизида ватанпарварлик,  саховатпешалик ва муҳтожларга ёрдам кўрсатиш олий қадрият экани тилга олинган. Респондентларнинг атиги 7 фоизигина тадбиркор аёлларда махсус билим, кўникма кераклигини қайд этганлар. Бу эса тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришимиз лозимлигини англатади. Шундан келиб чиқиб, асосий эътиборни тадбиркорлар манфаатини ифодаловчи тадбир ва ўқув-семинарлар ўтказишга қаратаяпмиз.

Ўтган даврда хотин-қизларнинг иқтисодий билим ва ҳуқуқий онгини ошириш йўлида жами 50 га яқин тадбирлар ташкил этган бўлсак, уларнинг ҳеч бири бесамар кетмади, деб ўйлайман. Чунки ана шу тадбирлардан кейин 88 нафар аёл партиямиз сафига кирди. O`zLiDeP вилоят кенгашидаги «Аёллар қаноти» кўмагида фақат жорий йилнинг иккинчи чорагидагина банклар томонидан 42 млн. сўмлик маблағ тадбиркорликка энди қадам қўяётган опа-сингилларимиз фаолиятига йўналтирилди. Натижада 232 та янги иш ўрни яратилди.


Гулнора ХОЛМАМАТОВА,
O`zLiDeP Сурхондарё вилоят
кенгаши раиси ўринбосари:


Ҳаракатларимиз ўз самарасини бераяпти

—  Ҳақиқатан ҳам жойларда тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини шакллантириш, бандлик муаммоларини бартараф этиш бўйича бизнес-режалар тузиш, кредитлар олиш, оилавий бизнесни шакллантириш бўйича турли тадбирлар ўтказилаётгани яхши натижа бераяпти. «Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари» лойиҳаси доирасидагина 450 нафар хотин-қизга тадбиркорлик кўникмасини шакллантириш бўйича дарслар ўтилди. Ўқув жараёнида энг намунали бизнес-режа тузган 12 нафар қизнинг 3 нафари республика босқичида иштирок этиб, имтиёзли кредит олиш имкониятига эга бўлди. Ушбу лойиҳа доирасида партиямиз сафига қабул қилинган 148 нафар хотин-қизнинг 60 нафари сурхондарёлик дугоналаримиз экани энг катта ютуқларимиздан бўлди, — дея оламан.

Касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларини битириб чиқаётган ёшлар ўз билим ва кўникмаларини амалда кўрсатишлари учун уларни тадбиркорлик соҳасига жалб этишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Бунда Президентимизнинг «Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони биз учун дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Бу муҳим вазифани амалга оширишимизда тадбиркор сафдошларимизга таяниб иш олиб бораяпмиз. Ўтган ярим йилда улар кўмагида 110 нафар хотин-қизларни доимий иш билан таъминлашга эришдик.


Наргиза МАВЛОНОВА,
O`zLiDeP Жиззах вилоят кенгаши Аёлларнинг
сиёсий фаоллиги, жамиятдаги
ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири:
 

Ижтимоий шерикчилик қўл келмоқда

Давлатимиз раҳбарининг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да юртимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа фуқаролик институтлари ролини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, мазкур ҳужжат нодавлат  нотижорат ташкилотлар фаолиятини ривожлантиришда дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Бўлимимизнинг Хотин-қизлар қўмитаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят бўлими ҳамда  бошқа ННТлар билан биргаликдаги фаолияти ҳам бунга мисол бўлиши мумкин. Бундай ижтимоий шерикчилик фаолиятимизни жонлантириши билан бирга барча ёшдаги хотин-қизлар билан яқиндан алоқа ўрнатишда ҳам қўл келаяпти. Масалан, «Ҳунарманд аёл» ассоциацияси, «Истиқболли авлод», «Қалб нури» ННТлари билан ҳамкорликдаги «Оилавий безнесни ривожлантириш»  лойиҳаси доирасида 128 нафар хотин-қиз тикиш-бичиш, кондитер маҳсулотлари тайёрлаш ва компьютер курсларида бепул ўқитилди. Флористлар ассоциацияси билан биргаликда 32 нафар аёлни ўй меҳнатига жалб қилдик. «Истиқболли авлод» нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда одам савдоси, ичкиликбозлик ва бошқа салбий иллатларга қарши тарғибот-ташвиқот ишларини йўлга қўйганимиз ҳам ўз самарасини бермоқда. Мазкур нодавлат ташкилотнинг грант асосида ишга туширган «Маржонтоғ» сутни қайта ишлаш заводи айни кунда ташқи миграцияда азият чеккан, алданган хотин-қизлар, оиладаги зўравонликка учраб, турмуши издан чиққан ва боқувчисини йўқотган аёлларни иш билан таъминлаб, уларнинг соғлом турмуш тарзига қайтишлари учун имконият яратмоқда.

Мақсадимиз жамият қурилишида аёллар иштирокини ошириш экан, бундан буён ҳам ижтимоий шерикчилик йўналишидаги ишларимизни кенгайтириб бораверамиз. Зеро, ҳамкорликдаги саъй-ҳаракат умумишимиз кўламини янада кенгайтириши шак-шубҳасиздир.

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме