10:45 11.07.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Эл-юрт хизматига камарбаста
...Жиззах шаҳрининг «Кўк бозор»идаги озиқ-овқат дўконлари харидорлар билан гавжум. Сотувчиларнинг қўли қўлига тегмайди. Сут маҳсулотлари дўкони пештахтаси олдида турган онахоннинг жавобига илҳақ сотувчи қиз яна саволини қайтарди:
— Пластик карточкангизнинг кодини айтинг.
Онахон унинг гапини эшитмагандек қўлидаги идишни синчковлик билан айлантира бошлади.
— Қарилик қурсин, кўзим ўтмайди, болам. Жуда чиройли қадоқланган экан. Бунақасини илгари кўрмаган эдим. Чет элникими? — деди онахон чорак килолик идишдаги қаймоқни ортида турган аёлнинг қўлига тутқазар экан.
— Она, бу ўзимизда тайёрланган. Мана, «Мевазор қишлоғи» деб манзилини, телефон рақамларини ёзиб қўйибди. “Уста Сафар ота” фермер хўжалиги корхонасида ишлаб чиқарилган экан. Дўстлик туманида жойлашган бу қишлоқ, — дея онахонга тушунтира бошлади аёл.
— Фермерлар ҳам заводчи бўлиб кетибди-да, а? Ўзимизники бўлса, яна яхши. Қизим, буни ҳам қўшиб ҳисобла. — Онахон қўлидаги идишни сотувчига узатди....
«Уста Сафар ота» фермер хўжалиги маҳсулотлари ҳақиқатан ҳам вилоят марказидан анча олисда, Дўстлик туманининг Мевазор қишлоғида, Дўстмамат Қодирқулов бошчилик қилаётган фермер хўжалигига қарашли корхонада тайёрланмоқда.
Дўстмамат Қодирқулов фермерликка бошқаларга қараганда сал кейинроқ — 2004 йилда қўл урди. Бу пайтда вилоятдаги деҳқончилик қилинадиган ерлар тўлиқ эгали бўлган, фермер хўжаликлари анча сараланиб қолган эди. Табиийки, унумдор ерни ҳеч ким қайтариб бермайди. Шу боис унга эгаси бир неча марта алмашган, унумдорлиги паст, ташландиқ ер тегди.
Дала кенг, фермер кўп. Аммо қишлоқ одамлари қайси майдоннинг ҳолати қандай эканини яхши билади. Дўстмамат Қодирқулов фермерлик фаолиятини унумсиз ерда бошлаганидан хабар топганларнинг баъзилари унинг «кўкариши»га ишончсизлик билан қаради.
— Президентимиз раҳнамолигида фермерлар учун барча шарт-шароит яратиб берилмоқда, — дейди Дўстмамат ака. — Ўғит, ёнилғи, банк кредитлари, лизингга техника олиш мумкин. Фақат ишлаш, имкониятдан самарали фойдаланиш, агротехникани тўғри йўлга қўйиш, ерни меъёрида озиқлантириш керак.
У мана шундай йўл тутди. Билмаганларини тажрибали деҳқонлардан сўраб ўрганди. Аниқ режа асосида иш юритди. Ташландиқ майдонни ҳосилдор ерга айлантирди. Биринчи йилиёқ ғалладан ҳам, пахтадан ҳам мўлжалдаги ҳосил олинди.
80 гектар ерда деҳқончилик қилаётган фермер 2007-2009 йилларда 386 тонна пахта, 226 тонна ғалла етиштирди. Пахта ҳосилдорлиги 32-35, ғалланики 45-50 центнерни ташкил этди.
Дастлабки ютуқ одамни руҳлантиради. У деҳқончиликдан олган даромади ва банк кўмагида бошқа тармоқларни ҳам йўлга қўйишга киришди.
— Деҳқончилик — иқтисодиётнинг энг тез самара берадиган соҳаси, — дейди Д.Қодирқулов. — Ота-боболаримиз деҳқончилик бир йилда, чорвачилик ўн йилда, деб бежиз айтишмаган. Агар бу икки тармоқ замонавий технологиялар асосида қўшиб олиб борилса, чинакам хазинага айланади. Бунинг учун давлатимиз томонидан барча имконият ва шароитлар яратиб берилаётир. Бундан самарали фойдаланишимиз керак.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 21 апрелда қабул қилинган «Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори фермерни кўнглидаги режаларини амалга оширишга ундади. У хўжалигида чорвачиликни йўлга қўйишга, қайта ишлаш корхонаси барпо этишга аҳд қилди. Иқтисодчи мутахассис сифатида ўз лойиҳасининг истиқболларини аниқ ҳисоб-китоб қилиб, чорвачиликни йўлга қўйди. 200 бош қорамолга мўлжалланган ферма, бузоқлар учун алоҳида жой, ем сақлаш ва озуқа тайёрлаш жойларини қурди.
Чорвачиликни янги технология асосида бошлаган фермер хориждан зотдор қорамолларни олиб келиб кўпайтирди. Бугунга келиб хўжаликда наслли моллар 170 бошга етказилди. Шунингдек, 400 бошга яқин қўй-эчки, 14 бош йилқи боқилаётир. 2010 йилнинг ўзида 82 тонна сут, 18 тонна гўшт етиштирилди.
— Президентимизнинг ташаббуси билан «Ўзэкспомарказ»да ташкил этилган минитехнологиялар кўргазмаси қайта ишлаш корхонаси қуриш бўйича лойиҳамни амалга оширишда катта имконият яратди, — дейди Д.Қодирқулов. — Исроил давлатининг «Bekline» компанияси билан шартнома тузиб, сутни қайта ишлаш технологиясини олиб келдик.
Деҳқончиликда ҳосилдорликнинг, чорвачиликда маҳсулдорликнинг оширилиши, қайта ишлаш корхонасининг узлуксиз ва самарали ишлаши эвазига фермер хўжалиги даромади изчил кўпайиб бормоқда. Буни 2008-2010 йилларда 625 миллион сўм даромад олингани ҳам яққол кўрсатиб турибди.
Хўжалик даромадининг кўпайиши ишчилар моддий фаровонлигини ошириш имконини кенгайтирмоқда.
Корхонада ишлаб чиқарилган пастерланган сут, қатиқ, қаймоқ, пишлоқ, бринза, мевали творог, парҳез творог, йогурт, сариёғ ва бошқа турдаги маҳсулотлар Жиззах ва Сирдарё вилоятлари соғлиқни сақлаш, халқ таълими муассасаларига, ички бозорга етказиб берилаётир.
«Ташаббус-2010» кўрик-танлови мамлакат босқичининг «Менинг юртим — менинг ифтихорим» номинацияси ғолиби Дўстмамат Қодирқулов Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йилида ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, қишлоқда хизмат кўрсатишнинг янги турларини барпо этиш йўлида ҳаракат қилмоқда. Эл-юртга хизмат кўрсатишни ният қилган бундай одамларнинг эзгу орзулари албатта рўёбга чиқади.
Обсудить новость на Форуме