20:45 16.09.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЭРИШГАН НАТИЖАЛАРИМИЗ ЮКСАК
Саломат НОРОВА,Бухоро муҳандислик-технология институти ўқитувчиси, 2 ўрин ғолиби
Жорий йилда Қорақалпоқ давлат университетида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган “Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотлар: тизимлилик, изчиллик ва ўзаро боғлиқлик” мавзуидаги ёш олимлар ва катта илмий ходим-изланувчилар илмий-амалий анжумани ўта самарали ташкил этилди.
Мен анжуманда “Иқтисодий барқарорликни таъминлашда тўғридан-тўғри инвестицияларнинг аҳамияти” мавзуидаги илмий мақолам билан иштирок этдим. Тадбир жараёнида республикамизнинг турли ҳудудларидан келган ёш олимлар билан учрашиб, ўзаро тажриба алмашиб, илм-фан соҳасидаги билимларимизни яна бойитишга эришдик. Анжуманнинг ҳар бир иштирокчиси турли мавзулардаги чиқишларида мамлакатимизда давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида, жумладан, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий йўналишларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини ҳар томонлама, чуқур тушунтириб беришга интилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги “Бош мақсадимиз – кенг кўламли ислоҳотлар ва модернизация йўлини қатъият билан давом эттириш” номли маърузасида фаол инвестиция сиёсати мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг энг муҳим шарти ва манбаи бўлмоғи кераклигини, Ўзбекистонда сўнгги беш йил мобайнида инвестицияларнинг йиллик ўсиш суръати 9 фоиздан зиёдни ташкил этгани ва бу дунёдаги юқори, барқарор кўрсаткичлардан бири эканини, жаҳон миқёсида глобал молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётганини инобатга оладиган бўлсак, бугунги мураккаб шароитда биз эришган бу натижанинг муҳим аҳамияти ва моҳиятини алоҳида таъкидлаб ўтганди.
Алоҳида таъкидлашим керакки, ёш педагог олим сифатида O‘zLiDeP лойиҳаларини бир неча йиллардан буён мунтазам кузатиб келаман. O‘zLiDeP Дастурида партия инсон маънавий салоҳиятининг узлуксиз ўсишини таъминлашга интилиши, замонавий илмий билимлар билан қуролланган ва баркамол инсонни шакллантиришга хизмат қиладиган таълимнинг янги миллий моделига тўлиқ ўтиш жараёнини қўллаб-қувватлаши ва унда фаол иштирок этиши белгилангани таҳсинга лойиқ. Шунингдек, Дастурда партия сармоялар оқимини таъминловчи, уларнинг оқилона тақсимоти ва фойдаланилишини амалга оширувчи самарали иқтисодий тизим яратилишига кўмаклашиши қайд этилгани кўпчилик ёшлар қатори менда ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Дастурдаги: “Сармояларни жалб этиш сиёсати юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқариш соҳалари ривожига бевосита таъсир кўрсатувчи лойиҳаларни молиялаштириш, давлатнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш, ички бозорни аҳоли учун арзон, маҳаллий, рақобатбардош маҳсулот ва хизматлар билан тўлдириш каби йўналишлардан таркиб топган бўлиши лозим”, - деган тамойилни илмий ишимнинг асоси қилиб белгиладим.
Ҳозирги иқтисодиётни модернизациялаш, техник-технологик жиҳатдан янгилаш шароитида инвестицияларнинг ўрни беқиёсдир. Зеро, сармояларни жалб этиш муҳим ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиб, бўш турган ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланишга эришиш, маҳаллий хомашёдан импорт ўрнини босувчи юқори сифатли экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариб, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашади.
Анжуман давомида биз – ёш олимларга экспертлар томонидан берилган йўл-йўриқ ва маслаҳатлар илм-фан соҳасидаги изланишларимизни келгусида янада аниқ ва пухта олиб боришга кўмаклашади.
Хулоса ўрнида айтмоқчиманки, O‘zLiDePнинг асосий мақсади - ёш олимларни илмий тадқиқот ва бунёдкорлик фаолиятига кенг жалб этиш, давлат ва жамиятимизнинг турли соҳа ва тармоқларида юқори малакали, мустақил ижодий фикрлайдиган кадрлар, ҳар томонлама етук комил инсонни шакллантиришдир. Шундай экан, биз мустақил юртимизда яратиб берилган шарт-шароитлар, партиянинг қўллаб-қувватловидан самарали фойдаланиб, Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши соҳасида тинмай изланиб, мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторига қўшилиши учун янада тиришқоқлик билан ҳаракат қилишимиз зарур, деб ўйлайман.
Обсудить новость на Форуме