23:15 07.02.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ЭЛЕКТОРАТ МАНФААТИ УЧУН КУРАШАМИЗ

Бошланғич партия ташкилотлари фаолияти янада такомиллаштирилиши лозим




Бошланғич ташкилотлар ишини такомиллаштириш ва юксалтириш ҳар доим O‘zLiDeРнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб келган. 

БПТларнинг якунланган йилги ишлари атрофлича таҳлил қилингани, тегишли хулосалар тайёрлангани ҳамда ҳар бир қуйи бўғиннинг ташкилий, мафкуравий, сиёсий нуқтаи назардан мукаммаллигига эришиш учун тегишли чора-тадбирлар амалга оширилганини қайд этиш керак. Хусусан, O‘zLiDeР Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан қуйи тузилмалар фаолиятини янада ривожлантириш билан боғлиқ комплекс чора-тадбирлар режаси асосида етакчилар ва фаоллар билан амалий мулоқотлар уюштирилгани ҳам ижтимоий-сиёсий фаолликни оширишда муҳим аҳамият касб этди. Айни йўналишда 2013 йил мобайнида 800 дан ортиқ тадбир ўтказилди ва уларда партиянинг 31 мингга яқин аъзоси қатнашди. Ушбу жараёнда ташаббускор, иқтидорли фаоллардан 835 нафари O‘zLiDeР кадрлар захирасига олингани ҳам диққатга сазовор. Тизимли саъй-ҳаракатлар муайян натижалар берди, албатта.

Амалий самарадорлик нуқтаи назаридан қаралганда, БПТларнинг электорат вакилларини ташвишлантираётган масалалар мониторингини муттасил амалга ошириб, депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорликда жойлардаги муаммоларни кўтариб чиқувчи ва ечимини топишга кўмаклашувчи салоҳиятли кучга айланаётгани эътиборга молик.  Шу ўринда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатларидан 2190 нафарининг қуйи ташкилотларга бириктирилганини таъкидлаш лозим. Кутилганидек, электорат билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб, мавжуд нуқсон-камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш имкони кенгайди. Қуйи бўғинларнинг турли масалалар юзасидан юқори партия ташкилотига ҳамда ўзига бириктирилган депутатларга доимий тарзда таҳлилий материал ва таклифлар тақдим этиши, лозим топилганлари депутатлик гуруҳлари муҳокамасига киритилиши тизими ҳам тобора такомиллаштириляпти. Ижроия қўмитанинг ўтган йилнинг февраль ойида “БПТлар томонидан жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ва бошқа муаммоларни ўрганиш ва уларни партиявий воситалар орқали ҳал этиш тўғрисида”ги қарори ва тегишли йўриқномаси қуйи бўғинлар учун бу жабҳада дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. 

Қуйидаги рақамларни эса эришилган ижобий ўзгаришларга далил сифатида келтириш мумкин: ўтган йили партия депутатлик гуруҳлари томонидан тегишли ташкилот ва идораларга йўлланган 2872 та депутатлик сўровининг 1603 таси, 681 мансабдор шахс ҳисоботининг 158 таси  ҳамда 315 маротаба ўтказилган назорат-таҳлил текширувининг 136 таси айнан БПТлар томонидан кўтарилган масалаларга оиддир. Ушбу кўрсаткичлар 2012 йилга нисбатан қарийб 50 фоиз зиёд.  

Ташаббускор қуйи бўғинлар томонидан жойларда кенг қамровли оммавий-сиёсий тадбирлар уюштирилиши ҳам муҳим жараён. Ўтган йили ўтказилган тадбирлар қатнашчилари томонидан электорат манфаатлари ифодаланган 500 га яқин асосли таклиф киритилди, улар сараланиб, умумлаштирилди ҳамда партия юқори органларига тақдим этилди. Ана шундай йўсинда юртдошларимиз турмуши янада фаровонлашувига хизмат қилувчи янги имкониятлар ишга солинди, БПТларнинг депутатларнинг яқин ҳамкори ва сайловчилар билан партия кенгашлари ўртасидаги кўприк сифатидаги аҳамияти яққол намоён бўлди. 

Бевосита мулоқотлар, учрашувлар айни вақтда тарафдорларимиз, сафимизга қўшилувчилар ортишига хизмат қилаётир. Чунончи, ўтган йилда БПТлар 91 тага кўпайиб, жами 7828 тани ташкил этди. 6756 та қуйи бўғин 5 нафардан 29 нафаргача аъзони бирлаштирган кичик тузилмалар тоифасига киради, бу эса уларнинг нисбатан ҳаракатчанлигини, уюшқоқлигини, ижронинг тезкорлигини таъминлайди.  

2014 йил 1 январь ҳолатига кўра, БПТлар аъзолари сони  178352 нафарни ташкил қилди, бошқача айтганда, 2012 йилга нисбатан 2401 кишига ортди. Аъзоларнинг 39 фоизини аёллар, 53 фоизини эса навқирон авлод вакиллари ташкил этаётгани либерал-демократик ғояларга қизиқиш ва хайрихоҳлик муттасил ошаётганидан дарак беряпти.

Айниқса, навоийлик маслакдошларимизнинг  зиммаларидаги вазифаларга масъулият билан ёндашаётгани яққол кўзга ташланди — ҳисобот даврида вилоятда 39 та янги БПТга асос солинди. Андижон ва Сурхондарё вилоятларида эса қуйи ташкилотлар сонида ўсиш мутлақо кузатилмади... 

Қуйи бўғинлар сонини ошириш ягона мақсад эмас. Бироқ мулкдорлар ўртасида партия дастурий мақсад ва ғояларини кенг тарғиб этиш, O‘zLiDeР Сайловолди платформасида белгиланган вазифалар моҳиятини жамоатчиликка етказиш сиёсий мавқеимизни мустаҳкамловчи асосий омил экани инобатга олинса, масаланинг нақадар долзарблиги ойдинлашади. Яна бир камчиликни холисона айтайлик. Талай БПТ етакчиларида партия фаоли учун зарур бўлган айрим хислатлар, хусусан, журъат ва ташаббускорлик етишмаяпти. Ваҳоланки, шиддатли давримизда шижоаткорлик ва сабот-матонат, ташаббус кўрсатиш билангина кўзланган мақсадлар рўёбига эришиш мумкин.  Шу маънода, O‘zLiDeР махсус ишчи гуруҳларининг республикамизнинг 14 та туман ва шаҳрида олиб борган қизғин фаолияти ҳаммамиз учун том маънода ибрат бўлди. Яъни фақат ва фақат реал ишлар, амалий натижалар билангина сайловчилар ишончига сазовор бўлишимиз мумкин. 

Партия ўз олдига аъзоларининг ўртача 60 фоизи хусусий сектор вакиллари бўлиши талабини қўйган. Аммо 2013 йилги бу кўрсаткич салкам 54 фоизни ташкил қилди. Демак, бу янада изчилроқ ва қатъиятлироқ иш олиб боришимиз зарурлигини тақозо қилаётир.

Бошланғич ташкилотларнинг шу ойдан бошлаб ўтказилиши мўлжалланаётган навбатдаги ҳисобот-сайлов йиғилишларида ана шу нуқсонларни бартараф этиш учун бор куч-ғайрат ва имкониятлар сафарбар этилади. Чунончи, БПТ етакчилари сифат таркибини янада яхшилаш масаласига, яъни ёш, ташаббускор, шижоатли тадбиркор ва фермерларнинг БПТ раислигига сайланишига бирламчи эътибор қаратилади.  Шунингдек, мазкур жараёнда партия аъзолари, БПТлар сонини ошириш ва сифатини яхшилаш ҳам диққат марказимизда бўлади.

Мухтасар айтганда, партиянинг куч-қуввати, салоҳияти бошланғич ташкилотлар фаоллигига бевосита боғлиқ. Шу боис, қуйи бўғинлар фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг электорат, сайловчилар билан ҳамкорлигини янги босқичга кўтариш учун жорий йилга мўлжалланган ишлар режаси ишлаб чиқилди. Муҳим, кечиктириб бўлмайдиган вазифалар олдимизга қўйилар экан, БПТларга оид фаолият ҳам янада такомиллаштирилиши лозим.  Бахтиёр АҲМЕДОВ,O‘zLiDeР Сиёсий Кенгаши  Ижроия қўмитасиаппарати сектор мудири

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме