19:15 22.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ЭКСПОРТ САЛОҲИЯТИНИ ОШИРИШНИНГ ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАРИ

Пойтахтимиздаги “Кўргазмасавдо” маркази анжуманлар залида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан “Тадбиркорлар мулоқот форуми” лойиҳаси доирасида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда фермер хўжаликларининг экспортини янада кенгайтириш: амалий таклиф ва тавсиялар” мавзуида амалий мулоқот ўтказилди. 

Унда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Халқ депутатлари Тошкент вилоят ва Тошкент шаҳар кенгашлари депутатлари, Иқтисодиёт ва Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, Давлат солиқ, божхона ва статистика қўмиталари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, партия электорати ҳисобланган тадбиркор ва фермерлар ҳамда партия фаоллари иштирок этди.

Тадбирни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Мухлиса Акромова кириш сўзи билан очиб, бугунги “амалий мулоқот” бизлар учун аввало, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш ва уларнинг экспорт фаолиятини кенгайтиришга кўрсатадиган таъсири билан жуда долзарб аҳамиятга эга ҳисобланади, - деди М.Акромова. - O‘zLiDeP ташкил топган илк кунлариданоқ хусусий тадбиркорлик, кичик бизнес, фермерлик ҳаракати ҳамда кўп укладли бозор иқтисодиётини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги ўз мақсад-интилишларини қатъий илгари сурмоқда. 

Бўлиб ўтган муҳокамалар давомида кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликлари, ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўшимча рағбатлантириш ва экспорт фаолиятига жалб қилиш, маҳсулотлар экспорт қилинишини кенгайтириш, шунингдек, 2014 йилда улар иштирокида кўргазма ва ярмаркалар ташкил этиб, экспорт шартномаларини тузиш масалалари муҳокама этилди. 

Тадбирда Президентимизнинг 2013 йил 8 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакат экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини рағбатлантириш бўйича қабул қилинаётган чораларга оид ишлар ҳолатини ҳар томонлама таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, асосий маҳаллий экспорт маҳсулотлари турлари нархлари номақбул ўзгариб туришига қарамай, маҳаллий ишлаб чиқарувчи-экспортчилар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, маҳсулотларининг ташқи бозордаги рақобатбардошлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар туфайли жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида экспорт ҳажми 13 фоиз ўсиши ва ташқи савдо айланмасининг салмоқли ижобий сальдоси таъминланди. 

Йил бошидан буён илгари ўз маҳсулотини экспорт қилмаган 469 та корхона экспорт фаолиятига жалб этилди. Ҳудудий корхоналарнинг умумий экспорт ҳажмидаги улуши икки баравар ўсиши таъминланди. Шунингдек, кичик бизнеснинг экспорт ҳажмидаги ўрни ва мавқеи барқарор юксалиб, унинг улуши 2012 йилдаги 13,5 фоиздан жорий йилда 19,1 фоизгача ўсди. 

- Бугунги кунда Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга ошириш жараёнларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик роли ва мавқеини ошириш масалалари муҳим аҳамият касб этмоқда, - дейди Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази директори Акром Алимов. - Жаҳон тажрибаси кўрсатмоқдаки, кичик бизнес иқтисодиётнинг энг муҳим таркибий сектори сифатида ички бозорни зарур товарлар ва хизматлар билан тўлдириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини таъминлашнинг асосий манбаси бўлиб хизмат қилади. 

Таъкидлаш зарурки, кичик бизнес нафақат иқтисодиётдаги муайян камчиликларни тўлдиради, балки уни диверсификациялаш ва барқарор ўсиш суръатларини таъминлашда ҳам муҳим роль ўйнайди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси мамлакатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташқи иқтисодий фаолиятдаги иштирокини тобора кенгайтириш борасида яратилган қулай муҳит, шарт-шароитлар ва имтиёзлардан самарали ва унумли фойдаланишни кенг тарғиб қилиш, хусусан, тадбиркорлик субъектларини маҳсулотлар ва хизматлар экспорт-импорт амалиётларини бажаришда ўрнатилган тартиб-қоидалар, хорижий давлатларнинг стандартлари талаблари тўғрисида етарли даражада ахборот билан таъминлаш, мазкур йўналишда тарғибот-тушунтириш ва ахборот ишларини тизимли олиб бориш мақсадга мувофиқлигини эътироф этади.

Шу билан бирга, хусусий сектор манфаатини ҳимоя қилаётган сиёсий куч сифатида партиянинг парламентдаги фракцияси, халқ депутатлари туман (шаҳар), вилоят кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари ваколат ва имкониятларини тўлақонли ишга солиш, соҳада тадбиркор ва ишбилармонлар учун яратилган имтиёз ва енгилликлардан ўз ўрнида мақсадли ва самарали фойдаланилишига қаратилган жамоатчилик ва депутатлик назоратларини доимий равишда тизимли олиб бориш ушбу йўналишдаги натижаларнинг янада салмоқли бўлишига хизмат қилади.

Шу боис, партия ўзининг стратегик ҳамкорлари билан биргаликда бугунги кунда мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда фермерлик ҳаракати вакилларининг бу жараёнда янада кенг иштирокини таъминлаш учун янги имкониятлар яратишни, шунингдек, мазкур масалада юзага келаётган муаммо, тўсиқ ва ғовларни аниқлаш ҳамда уларнинг ижобий ечимига қаратилган амалий таклифлар ишлаб чиқишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.

- Қишлоқ хўжалиги корхоналари ишлаб чиқариш базасини янада такомиллаштириш мақсадида 2006 йилдан бошлаб ҳар йили қишлоқ хўжалиги учун “UzbekistanAgrominitechExpo” минитехнология ва ихчам ускуналар халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдоси ўтказилади, - дейди Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчиси Шокир Жўраев. - Дунёдаги 30 мамлакатдан 220 дан зиёд компания кўргазма-савдолар иштирокчиси бўлди. Уларнинг якунлари бўйича ускуналарни етказишга доир 2000 дан ортиқ шартнома имзоланди ва амалга оширилди. Бу чора-тадбирлар бугун Ўзбекистон мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари экспортини ошириш соҳасида улкан салоҳиятга эга эканини қайд этиш имконини беради. Сўнгги 10 йил давомида мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти қарийб 2 баравар, нарх нуқтаи назаридан 12 баравар ошди.

Бу нафақат аҳолининг озиқ-овқат билан таъминланганлик даражаси ва мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш имконини беради, балки қишлоқда қайта ишлаш саноатини ривожлантириш ҳисобига бандлик даражаси ва аҳоли даромади ўсишига хизмат қилади.  

Бугун бизнинг энг муҳим вазифамиз – тармоқнинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқишдан иборат. Кун тартибидаги масалалар – кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликлари, ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўшимча рағбатлантириш ва экспорт фаолиятига жалб қилиш; кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликлари маҳсулотлари экспортини кенгайтириш; 2014 йилда кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликлари иштирокида кўргазма ва ярмаркаларни ташкил этиш ва уларда экспорт шартномалари имзоланишига кўмаклашишдан иборат. 

Тадбир иштирокчилари экспортга йўналтирилаётган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ва номенклатурасини кенгайтиришга оид мавжуд захираларни аниқлаш ва сафарбар этиш бўйича ишларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Тадбир якунида мавзу юзасидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида O‘zLiDePнинг тегишли хулоса ва тавсиялари қабул қилинди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме