20:31 12.03.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЕТУК ЁШ КАДРЛАР ШАКЛЛАНИШИ O’ZLIDEP НИГОҲИДА
Андижон қишлоқ хўжалик институтида O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан “Аграр соҳада юқори малакали мутахассислар тайёрлаш – мамлакат қишлоқ хўжалиги ва фермерлик ҳаракати ривожини таъминлашнинг гарови” мавзуида мулоқот бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда мазкур соҳа ҳаракатини янги босқичга кўтаришда муҳим манбаа бўлиб хизмат қилмоқда. O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда ана шу Фармондан келиб чиқадиган вазифалар, хусусан, малакали ёш кадрлар тайёрлаш масаласи атрофлича муҳокама этилди.
– Аграр ва сув хўжалиги соҳасида эришаётган ютуқларимизда, шубҳасиз фермерлик ҳаракатининг ўрни беқиёс, фермер ва тадбиркорларнинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя этиш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш O’zLiDePнинг дастурий вазифларидан ҳисобланади, – дейди O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Содиқжон Тудиев. Биз ушбу амалий мулоқотларни Республикамизнинг барча туманларида фаолият кўрсатаётган 154 та қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган коллежларда ўтказдик ва бу ўзининг натижаларини бера бошлади. Мазкур тадбирларни республика миқиёсидаги ушбу соҳага ихтисослашган олий таълим муассасаларида давом эттиришдан асосий мақсад талаба ёшларни тажрибали мутахассислар билан амалий мулоқотини йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалигига янги инновацияларни жорий этиш жараёни билан уларни яқиндан таништириб, билимларини янада мустаҳкамлашга ёрдам беришдан иборатдир.
Бугунги кунда кўп тармоқли фермер хўжаликларимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан бирга, уларни қайта ишлаб маҳаллий ва хорижий бозорларга тайёр маҳсулот сифатида етказиб бериш фаолияти самарали йўлга қўйилмоқда. Айнан мана шу эзгу мақсадларимизни муваффақиятли амалга оширишда замонавий билимларга эга бўлган ёш кадрларга таянамиз.
Мулоқотда, шунингдек, “Фермерлик ҳаракати – қишлоқдаги ҳал қилувчи етакчи куч”, “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг пойдевори” каби мавзуларда маърузалар ўқилди.
– Мазкур тадбирда фермер ва тадбиркорларнинг амалий билимларини ўрганишга ҳаракат қилдик ва айни пайтда кўникмаларимизни ошириб бориш имкониятига ҳам эга бўлдик, мен келажакда кўп тармоқли фермер хўжалиги ташкил этишни мақсад қилиб олдим, – дейди институт талабаси Зоҳиджон Каримов.
– Фермерлик ҳаракати фақатгина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан иборат эмас. Бугунги тадбиркор ёки фермер чуқур билим ва малакага эга бўлиши керак. Шундагина кўзлаган мақсадига эришади, – дейди Олтинкўл туманидаги “Кўҳна водий гавҳари” фермер хўжалиги раҳбари Умидахон Эгамова. – Ўз навбатида бу каби тадбирларнинг мунтазам ўтказилиб бориши ёшлар учун катта аҳамият касб этади. Бизнинг хўжалигимизда 75 нафар киши фаолият юритадиган бўлса, уларнинг 70 фоизини ёшлар ташкил қилади. Бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, фермерлик фаолиятини янада такомиллаштириш учун салоҳиятли, масъулиятни ўз зиммасига оладиган ёш мутахассисларни етиштиришга биз ҳам масъулмиз.
Хулоса ўрнида шуни айта оламизки, фермерлар қишлоқ инфратузилмасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиш билан бирга, қишлоққа саноатни олиб кириш, хизмат кўрсатиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда ўзларининг катта ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бугунги ўқув-машғулотлари юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш, ижтимоий фаол ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
Сожида САИДОВА,O’zLiDeP Андижон вилоят КенгашиМатбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме