14:00 06.04.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ЕТАКЧИЛИК МАСЪУЛИЯТИ

 Мамлакат сиёсий майдонида O’zLiDeP фаолияти бошланган дамларданоқ Оҳангарон туманида бошланғич ташкилотлар фаолиятини йўлга қўйиш, уларга ташаббускор етакчилар сайлашга алоҳида эътибор қаратилган эди. Айни пайтда ҳам ҳудудда «Кучли қуйи бўғиндан — кучли партияга» шиорига қатъий амал қилинмоқда. 1093 нафар партия аъзосини бирлаштириб турган 48 та бошланғич ташкилот орасида эса «Гулилола» хусусий корхонасидаги қуйи бўғин аъзолари фаоллиги ва ташаббускорликлари билан бошқа бошланғич ташкилотларга ўрнак бўлмоқдалар. Мана, неча йилдирки, Дилафрўз Йўлдошева корхона бош ҳисобчиси бўлиш билан бирга бошланғич ташкилотга ҳам етакчилик қилмоқда.  — У етакчилик қилаётган БПТ маҳаллий кенгашдаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи билан ҳам изчил алоқа ўрнатган, — дейди туман кенгаши депутати Шавкат Комилов. — Бу эса электоратимиз бўлмиш тадбиркорлар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг масъулиятини ошириш, жойларда партиявий-сиёсий ишларни намунали йўлга қўйишда ҳам муҳим аҳамият касб этаётир. БПТ етакчисининг ўз юмушларидан ортиб, партиявий-сиёсий фаолиятни ҳам кўнгилдагидек олиб бориши маслакдошларга ҳам ибрат бўлмоқда. Зеро, «Гулилола» хусусий корхонасининг фаолият кўлами, иқтисодий салоҳияти ва кўрсаткичлари катта вақт ва меҳнат талаб қилади. Айтайлик, мазкур корхонанинг биргина 2012 йилдаги товар айланмаси 3 млрд. 300 млн. сўмни ташкил этди. Бундан атиги 5 йил олдин бу кўрсаткич 700 млн. сўмдан зўрға ошар эди.  Кези келганда таъкидлаш керакки, БПТ етакчиси ўз фаолияти орқали бошқалар ҳурматини қозониш билан бирга, аҳолида O’zLiDePнинг, партия фаоли имижининг юксалишига ҳам хизмат қилмоқда. Таркибининг 62 фоизи ёшлар, 71 фоизи аёллардан иборат меҳнат жамоаси вакилларининг 50 нафарга яқини O’zLiDeP аъзоси. Яна бир неча ходим партияга ўтиш истагини билдириб ариза топширган. Ҳозирда улар ҳар томонлама ўрганилиб, партиявий топшириқлар билан синаб кўрилмоқда. Партия сафига кириш истагидаги ёшлар ва хотин-қизлар сафи ҳам кенгайиб бормоқда.  – Биз, хусусий тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратилган бир даврда меҳнат қилаяпмиз, – дейди касб-ҳунар коллежи битирувчиси Достон Асрақулов. – Ўқишни тугатгач, шу ерда ишлаб, тажриба орттирдим. Яқинда алоҳида тадбиркорлик субъекти сифатида фаолият бошлашга муваффақ бўлдим. Д.Йўлдошева каби фаоллар, устозлар яқиндан ёрдам беришди. Корхонада O’zLiDePнинг мавқеи баланд. Унинг сафида бўлиш, тадбиркорлик ҳаракати ривожига муносиб улуш қўшишни дилимга тукканман. Компьютер сирларидан яхши хабардорлигим турли партиявий тадбирлар ва тақдимотларни кўнгилдагидек ўтказишда жуда қўл келаяпти.  Таъкидлаш жоизки, корхонада Достонбекка ўхшаган иқтидорли ёшлар талайгина. Улар эл-юрт манфаати йўлида сидқидилдан меҳнат қилиш, ислоҳотларни жадаллаштиришга муносиб ҳисса қўшишни ўзлари учун шарафли бурч, деб билишади. Бу ҳам жамоанинг бир омадидир. Fоявий-сиёсий ишлар таъсирчанлиги ва самарадорлиги оширилаётганлиги барча соҳада яққол намоён бўлиб турибди. Яқинда ўтказилган ҳисобот-сайлов йиғилишида Д.Йўлдошева БПТ етакчилигига қайта сайланганлиги ҳам бежиз эмас.  Маълумки, «Гулилола» хусусий корхонасига қарашли «Мажнунтол» мажмуаси Тошкент – Андижон – Ўш йўналишида жойлашган бўлиб, ўз кўрку салобати билан ажралиб туради. Икки қавватли замонавий бинолар, аъло даражадаги сервис хизмати ҳар қандай нозик дидли кишини ҳам бефарқ қолдирмайди. «BABY CITY» (болажонлар шаҳарчаси), ўйин майдончалари, ресторан ва банкет заллари, замонавий 5D кинотеатр, энг сўнгги русумдаги спорт анжомлари билан жиҳозланган жисмоний тарбия зали, бепул автомобиль тўхташ жойлари мижозлар хизматида. Шу маънода мажмуа ўзига хос кўнгилочар шаҳарчани эслатади. Энг муҳими, корхонанинг муваффақиятли фаолиятидан нафақат мижозлар, балки атроф-маҳалла аҳли ҳам хурсанд. – Эзгуликнинг умри боқий, – дейди «Навбаҳор» МФЙ раиси Холжўра Раҳмонов. – Йигирма йилдан бери шу маҳаллага бошчилик қилиб келаман. Бугун орамизда эл мушкулини осон қилаётган бағрикенг ва саховатли тадбиркорлар жуда кўп. Уларни ҳар қанча алқасак арзийди. Мана, «Гулилола» корхонаси раҳбариятини олайлик. Уларнинг кўмаги билан ўтган йили маҳалла ҳудудидаги кўприк қайта таъмирланди. Қарийб 300 метрдан иборат автомобиль йўлига бетон қоплама ётқизилди. Олий ўқув юртларида таълим олаётган кам таъминланган оилалар фарзандларининг шартнома пуллари тўлаб берилмоқда. Бундай хайрли ишларга эса бошланғич партия ташкилоти аъзолари бош бўлмоқдалар.  Ҳақиқатан ҳам, БПТ фаолиятини корхонанинг кўп қиррали ҳаётидан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш учун маҳаллий кенгаш депутатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жойларда ғоявий-сиёсий ишларни янада кучайтириш талаб этилади, албатта. Бу жараёнда эса БПТ халқ ва юқори ташкилотлар ўртасидаги ўзига хос кўприкка айланмоқда. Партия фаоли Д.Йўлдошева ва унинг атрофига уюшган маслакдошлар буни дилдан ҳис этиб, сиёсий масъулиятни янада оширишмоқда. Зеро, давр билан ҳамқадам бўлиш,  O’zLiDePнинг ғоя ва мақсадлари йўлида сидқидилдан хизмат қилиш уларнинг эзгу мақсадидир. Абулфайз САЙИДАСҚАРОВ,«XXI asr» 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме