19:45 31.07.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Диплом бор, энди навбат бизнес дипломини қўлга киритишга

– Учрашувлар жараёнида ана шундай ўзгаришлар яққол сезилмоқда, – дейди O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Фирдавсий Жабборов.
– Агар аввалги тадбирларимизда ёшлар сиёсий партияларнинг мақсад-вазифалари билан кўпроқ қизиққан бўлсалар, бугунга келиб улар сиёсий партияларнинг дастурий мақсадларини чуқур таҳлил қилиб, ютуқ ва камчиликларга ҳам муносабат билдиришмоқда. Бу эса ўз навбатида ёшлар иқтидорини юзага чиқариш, истеъдодини рағбатлантиришга қаратилган амалий ишларни кучайтириш лозимлигини кўрсатади. Бугун Қашқадарёда 11691 нафар партия аъзоси бўлиб, уларнинг 6581 нафарини ёшлар ташкил этмоқда. Айни пайтда воҳадаги 130 та касб-ҳунар коллежи ва 7 та академик лицейини 42139 нафар ёш битириб, мустақил ҳаётга қадам қўяди. Шу боис партия фаоллари асосий эътиборни ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, шу орқали улар бандлигини таъминлашга қаратмоқдалар. Бунда «Мустаҳкам оила йили»да амалга оширилаётган партиявий лойиҳалар, айниқса, «Диплом билан — бизнесга» лойиҳаси яхши самара бераётир. Таъкидлаш керак, илк марта ушбу лойиҳада вилоятнинг 30 нафар йигит-қизи иштирок этган бўлса, тарғибот ишлари кучайтирилганидан кейин яна 100 нафардан ортиқ ёш лойиҳага жалб этилди. 10 нафарига бизнес-режаларини молиялаштириш учун банк сертификатлари топширилди. Лойиҳанинг энг фаол иштирокчиси Бегзод Набиев биринчилардан бўлиб шам ишлаб чиқаришни йўлга қўйди, Нодирбек Авлаев эса паррандачилик билан шуғуллана бошлади. Жорий йилда мазкур лойиҳада иштирок этиш истагидаги ёшлар сони янада ортган. Шаҳар ва туман босқичларида мингдан ортиқ ёшлар қатнашган бўлса, улардан 140 нафари кейинги босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Аксарият иштирокчилар лойиҳа доирасида маҳаллий шароитдан келиб чиқиб паррандачиликни йўлга қўйиш, иссиқхона барпо этиш бўйича бизнес-режалар тақдим этганларини қайд этиш керак. Яккабоғ, Касби, Миришкор, Чироқчи туманларида лойиҳанинг дастлабки босқичи уюшқоқлик билан ўтказилган бўлса-да, аммо Қарши ва Муборак туманларидаги касб-ҳунар коллежи раҳбарларининг ушбу лойиҳага бефарқ қараганлари боис бу ердаги ёшлардан бирорта ҳам бизнес-режа келиб тушмади.Яна бир нарсани назардан қочирмаслик керакки, вилоятдаги тижорат банклари ёшларнинг бизнес-режалари учун кредит беришга тайёр бўлса-да, гаров таъминоти муаммосининг сақланиб қолаётгани бу йўналишдаги ишлар суръатини сусайтирмоқда. Шу боис тадбирлар давомида иқтидорли ёшлар учун гаров таъминотисиз кредит ажратиш, ота-она кафиллигини амалда кенг жорий этиш, бизнес турига қараб ҳудуддаги маълум бир корхонанинг ушбу лойиҳага ажратилаётган кредитни тўлаш учун кафиллигини таъминлаш бўйича таклифлар берилмоқда. Ф. Жабборовнинг таъкидлашича, ёш авлодни тадбиркорликка жалб этиш ва уларнинг ижодий фикрлаши, ташаббусларини рағбатлантириш мақсадида ишлаб чиқилган «Ишбилармон талаба» махсус стипендия лойиҳасида ҳам вилоят ёшлари фаол иштирок этмоқдалар. Уларда Қарши шаҳри, Чироқчи, Қамаши, ўузор, Касби, Миришкор, Яккабоғ туманлари ёшлари ҳунармандчилик, тикувчилик, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, сервис ва қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш борасидаги инновацион лойиҳалар, замонавий компьютер технологиялари ҳамда дастурий маҳсулотлари билан фаол иштирок этаяптилар. Бироқ Қарши, Шаҳрисабз ва Китоб туманларида лойиҳа етарлича тарғиб этилмагани натижасида унга ёшларни жалб этиш қийин кечмоқда. «Ёшлар қаноти» масъул ходимларининг билдиришича, лойиҳаларнинг айрим ҳудудларда оммалашмаётганига партия кенгашлари ходимлари, жамоатчилик асосида ишловчи ўринбосарларнинг ёшлар билан ишлаш борасида етарли тажрибага эга эмаслиги сабаб бўлмоқда. Гарчи аксарият ёшлар шаҳар ва туман кенгашларида захира кадр сифатида танлаб олинган бўлса-да, уларни давлат ва жамоат ташкилотларига тавсия этиш масаласига юзаки қаралмоқда. Агар бу масалага жиддийроқ эътибор қаратилса, ёшлар рағбатлантирилган, бошқа соҳа ва тизимларда ҳам ўзларини синаш имконига эга бўлардилар.
Шуҳрат РАҲИМОВ
,«XXI ASR» ижтимоий-сиёсийгазетаси 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме