17:15 24.10.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Диплом билан бизнесга




Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг мамлакатимиз келажагини яратиш йўлидаги изланишлари, тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини мунтазам чуқурлаштириб ҳамда рағбатлантириб бориш ЎзЛиДеП ёшлар сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ана шу мақсадда ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Республика Марказий банки ҳамкорлигида жорий йилнинг апрель-май ойларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат Дастури ижросини таъминлаш, ёшларни кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолиятига кенгроқ жалб этишга кўмаклашиш ва ёшларда тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган “Диплом билан бизнесга” лойиҳаси доирасида олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежларининг битирувчи босқич талабалари учун махсус ўқув курсларининг вилоят босқичлари ўтказилди.

Республикамизнинг барча минтақаларида мазкур лойиҳа доирасида ташкил этилган тадбирларда 1450 нафардан ортиқ битирувчи ёшлар иштирок этишди ва энг яхши бизнес-лойиҳа соҳиблари бўлган 124 нафар битирувчига тижорат банклари томонидан имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи махсус сертификатлар топширилди.



Жорий йил 19 октябрь куни Тошкент шаҳар Ҳамза туманидаги “ОАЗИС АСАКА” мажмуасида “Диплом билан бизнесга” лойиҳасининг Республика босқичи бўлиб ўтди. Унда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, ЎзЛиДеП «Ёшлар қаноти» фаоллари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан мазкур ўқув-семинарининг республика босқичига йўлланма олган ёшлар иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққанлар партиянинг бу ташаббуси ЎзЛиДеПнинг ёшларга оид Дастурий мақсад-вазифаларини амалга ошириш билан бирга, ёшлар орасида тадбиркорлик ва кичик бизнес, фермерлик ҳаракатига интилишни кучайиб боришига муносиб ҳисса қўшаётганлигини таъкидлашди.

Мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад Олий таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ёшларнинг иновацион лойиҳа ва ташаббусларини иқтисодиётнинг реал секторига жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, якка тартибдаги меҳнат фаолиятини, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда уларга микромолиявий хизматлар кўрсатиш орқали янги иш ўринларини яратиш, шунингдек, битирувчи ёшларни таълимдан кейинги даврда кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасига жалб этишга кўмаклашишдан иборат.



Ўқув-семинарнинг республика босқичида номзодларнинг амалий ишлари, билимлари нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб борилди.  Иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда “Бизнес режа нима ва уни ёзиш талаблари”, “Тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонуний-меъёрий ҳужжатлар”, “Кредитни қайтариш жадвали”, “Нақд пул оқими жадвалини тузиш”, “Кичик бизнес вакиллари учун жорий қилинган солиқлар ва яратилган солиқ имтиёзлари”, “Бухгалтерия хисоботлари асослари”, “Корхона фаолиятининг молиявий таҳлили” мавзуларида амалий машғулотлар олиб боришди. 

Тадбирда  ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш орқали жамият ҳаётидан муносиб ўрин эгаллашларига яқиндан кўмаклашиш, ривожланган бозор муносабатлари ва фуқаролик жамияти шаклланиши жараёнларида фаол иштирок этишга тайёр йигит-қизларни тарбиялаш, уларга етарли эътибор ва шарт-шароитлар яратиб бериш, иқтисодий ва ҳуқуқий билимларини оширишга кўмаклашиш каби масалалар иштирокчиларнинг муҳокама марказида бўлди.

Шунингдек, семинар – тренингда  иштирокчиларнинг олган билимлари асосида уларнинг бизнес режалари қайта ишлаб чиқилди. Семинар – тренинг якунида ҳар бир иштирокчи ўз бизнес режалари тақдимотини намойиш қилишди. Бизнес-лойиҳалар тақдимотининг натижалари танлов асосида ҳакамлар ҳайъати томонидан одилона баҳоланиб, танлов ғолиблари аниқланди.



Ғолиблар ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг махсус сертификатлари билан тақдирландилар.

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме