20:16 02.10.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Диплом билан — бизнесга: Истиқболли лойиҳалардан – амалий ишларга
O’zLiDeР ташаббуси билан касб-ҳунар коллежлари талабалари ўртасида ўтказилаётган анъанавий “Диплом билан — бизнесга” лойиҳаси Наманган вилоятида ҳам ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларда ишбилармонлик кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилаётир.– Бу галги танловга ҳар сафаргидан-да жиддий тайёргарлик кўриб, аввалги йиллардагига нисбатан кўпроқ талабаларни қамраб олишга эътибор қаратдик, – дейди O’zLiDeР Наманган вилоят кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Мусохон Юсуфжонов. – Унда касб-ҳунар коллежларидан 150 нафарга яқин иқтидорли талаба фаол иштирок этгани ҳам саъй-ҳаракатларимиз самарасиз кетмаганини кўрсатиб турибди. Яқин истиқболдаги марраларни кўзлаган ҳолда ишлаб чиқилган “Диплом билан — бизнесга” лойиҳаси нафақат вилоятимиздаги ёшлар, балки уларнинг ота-оналари ва устозларига ҳам манзур бўлаяпти. Қувонарлиси шундаки, бу йилги танловда қатнашган талабалардан 17 нафарининг бизнес-режаси мутахассислар томонидан амалиётга татбиқ этишга лойиқ, деб топилди. Ва уларга молия муассасаларидан имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди. Танлов ташкилотчилари ташаббусига кўра, банк сертификатларини қўлга киритган талабаларга амалий кўмак бериш мақсадида уларнинг ҳар бирига O’zLiDeРдан маҳаллий кенгашларга сайланган депутатлар бириктирилгани тадбиркорлик фаолиятини эндигина бошлаётган ёшларнинг руҳини янада кўтарди. Аксарият талабаларнинг ажратилган кредитдан оқилона фойдаланган ҳолда ўз ишини йўлга қўйгани ана шундай ҳамкорлик натижаси бўлди. – Дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин ошиб бораётган бир пайтда аҳолини арзон ва сифатли гўшт-сут маҳсулотлари билан таъминлаш долзарб масалалардан бирига айлангани ҳеч кимга сир эмас, – дейди Уйчи туманидаги Ғайрат педагогика касб-ҳунар коллежи талабаси Нигора Жўрабоева. – Юртимизда чорвачиликни жадал ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганининг боиси ҳам шунда. Шунинг учун ҳам ўз бизнес-режамда мини-ферма ташкил этиш лойиҳасини ишлаб чиқиб, танлов ташкилотчиларига топширган эдим. Интилишларим зое кетмади. Бизнес-режам малакали мутахассислардан иборат ҳайъат аъзоларига маъқул бўлди ва «Микрокредитбанк» туман бўлими томонидан 5 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Бундай рағбат эса тадбиркорлик фаолиятимни бошлашга катта туртки берди. Албатта, бу ишни ёлғиз ўзим бажара олмайман. Шунинг учун шижоатли тенгдошларимни чорлаб, уларни ҳам иш билан таъминладим.– Қишлоқда яшаганим учун маҳаллий шароитни, қайси хизмат турларига эҳтиёж юқори эканини яхши биламан, – дейди Уйчи туманидаги Ёрқўрғон иқтисодиёт ва компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи талабаси Аъзамжон Турғунов. – Қишлоқда замонавий технология асосида ишлайдиган тегирмонга эҳтиёж катта. Шуни инобатга олиб, тегирмон цехи очиш бўйича бизнес-режа тайёрлаб, “Диплом билан — бизнесга” лойиҳасида қатнашдим. Ҳисоб-китобларимни атрофлича кўриб чиққан мутахассислар уни қишлоқ шароитидаги энг истиқболли лойиҳалардан бири, деб баҳолашди. Ана шу хулоса асосида «Микрокредитбанк»дан 3 млн. 500 минг сўм миқдорида кредит ажратилди. Маблағни олишим билан зарур ускуналарни харид қилиб, ишни бошлаб юбордим. Хизмат сифати ва тезкорлиги кўпчиликка маъқул тушди шекилли ҳозир қўшни қишлоқлардан ҳам буюртмалар тушаяпти. – Бугун аҳоли, айниқса, ёшларнинг кийиниш маданияти, бежирим либосларга бўлган талаб ва эҳтиёжи тобора ўсиб бормоқда, – дейди Тўрақўрғон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи талабаси Нигора Нажмиддинова. – Уларга манзур бўладиган, миллий ва замонавий услублар уйғунлигидаги кийимлар тикиш ҳар бир чеварнинг орзуси. Мен ҳам ана шундай эзгу ниятларни рўёбга чиқариш мақсадида тикувчилик цехи очиш бўйича бизнес-режа тайёрладим. Уни қандай амалга ошириш йўллари, молиялаштириш манбалари, яратиладиган ишчи ўринларигача аниқ кўрсатдим. “Диплом билан — бизнесга” лойиҳасида қатнашишим эса имтиёзли кредит олиш учун шароит яратиб берди. Бизнес-режам танловда тасдиқлангандан кейин «Микрокредитбанк»дан 3 млн. сўм миқдорида кредит ажратилди. Тез кунларда цехни ишга тушириб, мижозларга хуш ёқадиган либослар тикиш ниятидаман.Худди шундай фикрларни Наманган туман Тепақўрғон педагогика ва сервис касб-ҳунар коллежи талабаси Муҳриддин Раҳимов, Тўрақўрғон туман Хўжанд автотранспорт касб-ҳунар коллежи талабаси Неъматжон Мухиддинов, Янгиқўрғон ижтимоий-иқтисодиёт ва педагогика коллежи талабаси Нодира Мухторжонова ҳам баён этдилар. Улар паррандачилик, чорвачилик, тикувчилик каби тадбиркорлик йўналишлари бўйича банк кредитлари олганларидан мамнунликларини билдирмоқдалар. Бу – O’zLiDeР томонидан амалга оширилаётган ҳаётий лойиҳаларнинг вилоятдаги самараси, албатта.
Шуҳрат РАҲИМОВ,«XXI Asr»
Обсудить новость на Форуме