14:15 13.12.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Депутатлик гуруҳи қарори:Назорат-таҳлил якунлари Жўқорғи Кенгесга киритилсин
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи Юртбошимизнинг 2009 йил 15 майдаги «Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан ўтказилган депутатлик назорат-таҳлил фаолияти якунларини муҳокама қилди.
Мажлисда таъкидланганидек, бугун Қорақалпоғистондаги 21669 та тадбиркорлик субъекти фаолиятига назорат қилувчи идораларнинг асоссиз аралашувини олдини олиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлат рўйхатидан ўтганига ҳали 3 йил тўлмаган 5 та, солиқ тўловларини кечиктираётган, бироқ ишлаб чиқариш ҳажмини оширган 17 та тадбиркорлик субъекти белгиланган тартибга кўра режали текширувлар жадвалидан чиқарилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида фойдаланилмаётган 622 та бино ва иншоотнинг 546 таси тадбиркорларга ижарага берилгани натижасида 651 та янги иш ўрни яратилгани кичик бизнеснинг бандликни таъминлаш ҳамда аҳоли даромадларини оширишдаги ролини кўрсатиб турибди. Республиканинг ҳудудий ялпи маҳсулоти таркибида хусусий секторнинг улуши 2010 йилнинг шу даврига нисбатан 6 фоизга ошгани ҳам бежиз эмас.
Шу ўринда хусусий сектор вакилларининг хизмат кўрсатиш соҳасидаги фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида тижорат банклари томонидан 19 миллиард 166 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилганини ҳам алоҳида таъкидлаш мумкин. Соҳа мутахассисларининг фикрича, ўрта қатламни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган банк кредитлари йил бошидан буён 134 миллиард 282 миллион сўмни ташкил этмоқда. Эътиборлиси, ҳудудий инвестиция дастури доирасида шу йилнинг январь-сентябрь ойларида саноат соҳасида 242 та кичик корхонани ишга тушириш учун жами 8 миллиард 539,3 миллион сўм маблағ сарфланган.
Жўқорғи Кенгесдаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Ботир Мирзаевнинг фикрича, амалга оширилаётган кўплаб ижобий ишлар қаторида тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ бўлаётган айрим ҳолатлар ҳам учрамоқда. Республика Хўжалик суди томонидан Нукус шаҳри, Хўжайли, Беруний, Амударё, Қораўзак, Тахтакўпир туманлари ҳокимларининг тадбиркорлар манфаатига зид келадиган ўнлаб қарорлари бекор қилингани бунга мисол бўлиши мумкин. Эътибор беринг: бўш турган иморатларни тадбиркорлик субъектларига ноль қийматда тақдим этиш ва уларга ҳар томонлама кўмаклашиш борасида маҳаллий ҳокимликларга аниқ кўрсатмалар берилган бўлса-да, ҳалигача республика бўйича жами 96 та объект бўш тургани ҳам мутасаддиларда интилиш ва ташаббускорлик етишмаётганини кўрсатмоқда.
Музокараларда сўзга чиққан — Тўрткул туманидаги «Динур агро» қўшма корхонаси таъсисчиси Даврон Қўчқоров, Тахиатош туманидаги «Мак Жанет Нурбиби» хусусий фирмаси раҳбари Гўзал Нуржанова жойларда фаолият кўрсатаётган ахборот-консалтинг марказлари ҳам бугунги кун талабларига жавоб бермай қолганини таъкидладилар. Уларнинг айтишича, тадбиркорлик субъектлари учун ташкил этилаётган ўқув-семинарлар аксарият ҳолларда номигагина ўтказилмоқда, холос. Натижада қабул қилинаётган янги қонунлар, фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини чекка ҳудудлардаги ишбилармон доира вакилларига етказишда қийинчиликлар пайдо бўлмоқда.
Кун тартибидаги иккинчи масала – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 26 январдаги «Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёт вазири Баҳром Гулимовнинг ҳисоботи эшитилди.
Маълумки, бутун дунёда истеъмол моллари нархи тобора ошиб бораётгани озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, зарур чоралар кўришни тақозо этмоқда. Аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда эса тадбиркор ва фермерларга яратилган шароит, қабул қилинган қарорларнинг ўз вақтида бажарилиши ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Йиғилиш кун тартибига қўйилган масалага, энг аввало, ана шу нуқтаи назардан ёндашиш мақсадга мувофиқдир.
Тадбирда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзолари Пўлат Реймов, Гулжан Холмуратова, Барнохон Абдуллаева таъкидлаганидек, Юртбошимизнинг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси”да кўрсатиб ўтилган устувор йўналишлар депутатлик назоратини янада кучайтириш, ижро ҳокимияти органларининг амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатлари, фармон ва қарорларни сўзсиз бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш имконини берди. Жойларда тегишли раҳбарларнинг муайян масалалар юзасидан ахборотлари тингланиб, мавжуд муаммо ва камчиликларнинг ечими изланаётгани ҳам Концепция талаблари амалда қўлланилаётганидан далолатдир.
Б.Гулимовнинг ҳисоботидан маълум бўлишича, республикада мева, сабзавот ва полиз маҳсулотлари экиладиган ер майдонларини кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, 2008 йил 8,2 минг гектарда сабзавот, 6,4 минг гектарда полиз, 3,2 минг гектарда мева етиштирилган бўлса, айни пайтда бу кўрсаткичлар тегишли равишда 9,1 минг, 6,9 минг ва 5,2 минг гектарни ташкил қилмоқда. Картошка экиладиган ер майдонлари эса икки баробарга ошган.
Маълумки, Қорақалпоғистон шароитида чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликни ривожлантириш имкониятлари анча юқори. Жорий йилнинг ўтган даврида бу ерда 65 минг тонна гўшт, 198 минг тонна сут ва 75 миллион донадан зиёд тухум етиштирилгани ҳам ана шу имкониятдан оқилона фойдаланилаётганини кўрсатади. Зеро, бу рақамларни 2008 йилнинг мос даврига қиёслаганимизда, сезиларли ўзгаришларга эришилгани маълум бўлади: гўшт 14,5 минг тоннага, сут 39,3 минг тоннага, тухум эса 36,3 миллион донага кўпайган.
Деҳқон ва фермерларнинг пешона тери эвазига етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини замонавий технологиялар асосида қайта ишлаш уларнинг даромадини ошириш билан бирга кўплаб янги иш ўринларини яратиш манбаи экани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун ҳам ҳудудда МЧЖ шаклидаги бизнес субъектларини ташкил этиш масаласи мутасаддилар диққат марказида турибди. 2011 йилнинг январь-сентябрь ойларида 9 та гўшт, сут ва мева-сабзавотларни қайта ишлашга ихтисослашган корхоналар очилгани ҳам бунга мисол бўлиши мумкин. Бу лойиҳалар учун жами 6313,0 миллион сўм маблағ сарфланиб, 176 та янги иш ўрни ҳам яратилди.
Қорақалпоғистон Республикасининг саноат салоҳиятини ошириш бўйича 2010-2012 йилларга мўлжалланган ҳудудий дастури доирасида тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида 203 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Дастурга мувофиқ, шу йилнинг тўққиз ойида мазкур лойиҳаларнинг 65 таси ҳаётга татбиқ этилиши натижасида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган 33 та кичик корхона, 15 та иссиқхона ва 17 та паррандачилик хўжалиги ташкил этилди. Энг муҳими, умумий қиймати 15719,1 миллион сўм бўлган ушбу лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилиши туфайли яна 503 та янги иш жойи очилди.
O`zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоларининг фикрича, Президентимизнинг «Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорини сўзсиз бажариш борасида олиб борилаётган ижобий ишлар билан бирга ҳали ечими кутаётган муаммолар, баъзи туман ҳокимликлари, идора ва ташкилотлар фаолиятида камчилик-нуқсонлар ҳам мавжуд. Жумладан, ишчи гуруҳи томонидан кун тартибидаги масала жойига чиқиб ўрганилганида, қарорда белгилаб берилган 3 та гўштни, 2 сутни қайта ишлаш корхонасини фойдаланишга топшириш жараёни пайсалга солинаётгани маълум бўлди. Ишга туширилганларида ҳам самарадорликни ошириш борасида долзарб вазифалар мавжуд. Баъзи туманларда қайта ишланган гўшт ва сут маҳсулотларининг салмоқли қисми бошқа ҳудудлардан олиб келинаётгани ҳам ана шу жиҳатларга келиб тақалади.
Қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавоб тарзида муҳокама қилинган ҳар икки масаланинг O`zLiDeP электорати учун нақадар долзарблигини инобатга олган ҳолда, уларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиш ҳақида депутатлик гуруҳининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Озод РАЖАБОВ,
«ХХI asr»
Обсудить новость на Форуме
25 декабря 2024
« | Декабрь 2024 |
Пн | Вт | Ср | Чт | Пт | Сб | Вс |
1 | ||||||
2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 |
9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 | 15 |
16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 | 22 |
23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 | 29 |
30 | 31 |