19:30 02.11.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Депутатлар нега сукут сақламоқдалар?

Маълумки, миришкорликларнинг аксарияти чорвачилик билан машғул. Туманда қадимий ҳунармандчилик турлари ҳам сақланиб қолган. Жейновнинг зардўзлик мактаби, араби гиламлари, миришкорнинг чопон ва сўзаналари, чандирнинг жундан тайёрланадиган бетакрор маҳсулотлари ўзига хослиги билан ажралиб туради. Истиқлол йиллари туманда бир қатор замонавий касб-ҳунар коллежлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилди. Айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани боис аҳоли фаровонлиги йил сайин юксалиб бораётир. Ўтган йили туманда 235 та янги тадбиркорлик субъекти иш бошлади. Иқтисодчиларнинг фикрича, айни пайтда ҳудудда 3890 та янги иш ўрни яратилиб, шунинг 1086 таси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, 1343 таси эса  касаначилик, ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмасини ривожлантириш ҳиссасига тўғри келади. Уларга тижорат банклари томонидан 5284,6 млн. сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Ҳозир туманда мингдан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатаётир. — Президентимизнинг халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгашининг  навбатдан ташқари сессиясидаги маърузасида қайд этилган хато ва камчиликларни тузатиш, маҳаллий  ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида махсус чора-тадбирлар амалга оширилди, — дейди туман ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Алишер Мейлимуродов. — Ўтган 9 ой мобайнида 148 та тадбиркорлик субъекти иш бошлади. Туман иқтисодиётини юксалтириш, аҳоли бандлигини ошириш мақсадида жорий йилнинг олти ойида саноат, савдо ва хизмат кўрсатиш, паррандачилик, иссиқхона, балиқчиликни ривожлантириш мақсадида 160 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларини ишга тушириш юзасидан дастур тайёрланиб, ҳозирга қадар уларнинг асосий қисми ўз фаолиятини бошлаб юборди. Помуқ қўрғончасида “Помуқ текстиль” масъулияти чекланган жамияти  ишга тушгач, 130 нафар йигит-қиз учун янги иш ўрни яратилади. Фермер Дурдона Одилова банкдан ажратилган кредит эвазига 60 бош зотдор чорва моллар харид қилди. Тадбиркор Ашурбой Шариповнинг  гўштни қайта ишлаш цехи ҳам ҳадемай ишга тушади. Зафарбек Абдуғаффоров 210 млн. сўм кредит олиб, мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида Янги Миришкор шаҳарчасида 12 турдаги хизмат кўрсатиш шохобчаси, 30 ўринли замонавий меҳмонхона, Жейнов шаҳарчасида эса 14 турдаги хизмат кўрсатиш шохобчаси қурилиши олиб борилаяпти. Маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш борасида 11 та саноат, қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи янги корхоналар иш бошлади. Тадбиркор Фарҳод Сариқовнинг бир йилда 5 млн. дона ғишт ишлаб чиқариш  қувватига эга корхонаси юқори қувват билан ишламоқда.  3 та гўзаллик салони, 3 та тегирмон, 1 та пойабзал тузатиш устахонаси,  тўйхона, сартарошхона, 4 та автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, 2 та уяли алоқа воситаларини таъмирлаш, 24 та савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари ўз фаолиятини бошлади.  Шу ўринда жорий йилда бир қатор қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. 23-сонли мактаб ва Миришкор саноат касб-ҳунар коллежи бинолари капитал таъмирланди, Ирригация ва мелиорация коллежи талабалари учун ётоқхона, 33-сонли янги мактабда спорт зали, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби бунёд этилди. Аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш мақсадида 22 та “Мидибус ISUZI SAZ NP” русумли автобуслар келтириш учун шартномалар имзоланди.  Туманда 19100 та деҳқон хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. 755 та фермер хўжалигида 11003 нафар киши иш билан банд. “Тошатов Нормўмин”, “ФАМ”, “Жейнов чорвадори” фермер хўжаликларида наслли моллар кўпайтирилиб, фермер хўжаликлари ва аҳолига етказиб бериш борасида ибратли ишлар амалга оширилаяпти. — Юртбошимиз вилоятимизга ташрифлари чоғида  Қашқадарё  катта иқтисодий салоҳият, улкан имкониятларга эга эканлигини таъкидлаган эдилар, — дейди “ФАМ” фермер хўжалиги раиси Амир Файзиев. — 21 йилдан буён фермерлик қиламан.  Фермерликнинг ривожланиши мамлакат иқтисодиётининг янада барқарор ривожланишига, энг муҳими, аҳоли турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилмоқда. Хўжалигимизда деҳқончилик, чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик ривожлантирилмоқда. Ҳар гектар ердан 40-50 центнердан пахта ҳосили етиштираяпмиз. 300 бош «Голдштейн» қора ола зотли молларни   зооветеринария талаблари асосида парваришлаяпмиз. Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари фермерларига 30 бош сигир сотдик. Айни пайтда йилига 300 тонна сут ва 50 тонна гўшт ишлаб чиқараяпмиз. Олинган фойдани ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун сарфлаб, кам бўлаётганимиз йўқ. Соғиб олинган сутни ўз ҳолича эмас, балки тайёр маҳсулот сифатида сотиш иқтисодий жиҳатдан фойда келтиришини назарда тутиб, замонавий минитехнология келтирдик ва сутни қайта ишлайдиган цех фаолиятини йўлга қўйдик. Ҳақиқатан ҳам А.Файзиев таъкидлаганидек, ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш кўп жиҳатдан тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллий хом ашёни қайта ишлаб, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга бевосита боғлиқдир. Аммо Миришкор туманида хорижий инвестициялар иштирокидаги қўшма корхоналар ташкил этиш борасидаги ишлар етарлича эмаслигини ҳам таъкидлаш жоиз. Масалан, ҳудудда атир совун ишлаб чиқаришга мўлжалланган қўшма корхона ташкил этилган эди. Бироқ ҳозиргача у маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўя олмади. Шу ўринда мавжуд ички имкониятлардан самарали фойдаланиб, маҳаллий хом ашёни қайта ишлаб, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлари билан жаҳон бозоридан ўз ўрнини топиб олиш мақсадида интилаётган туман тадбиркорларининг янги-янги ташаббусларини қўллаб-қувватлашда сиёсий партиялардан сайланган депутатлар сукут сақлаётганларини афсус билан тилга олиш мумкин.  Айни пайтда туман кенгашида 30 нафар депутат бўлиб, уларнинг 13 нафари O’zLiDeP, 12 нафари ХДП, 5 нафари эса МТДПдан сайланган. Аммо ўтган даврда туман кенгашидаги бирорта ҳам депутат сессияларга янги иш ўринлари ташкил этиш, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш борасидаги масалаларни киритмаганини қандай баҳолаш мумкин? Зеро, туманда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш борасида вилоят ва туман ҳокимлиги томонидан ижобий ишлар олиб борилаяпти. Эндиликда туманнинг ижтимоий-иқтисодий ўсиш суръатларини ошириш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун бор куч-ғайрат, билим ва тажрибани ишга солиш талаб этилади. Бу борада халқ ишонч билдирган депутатлар туманда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида томошабин эмас, балки ҳақиқий иштирокчилар, жонкуярларга айлансалар, фаровонликнинг янада ошишига ҳисса қўшган бўлардилар.Бундай фикрлардан эса O’zLiDeP вилоят кенгаши, халқ депутатлари Миришкор туман кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз аъзолари ҳам жиддий хулосалар чиқарадилар, албатта. 

Сайфулла ИКРОМОВ, 
«ХХI asr» ижтимоий-сиёсий газетаси 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме