16:45 10.06.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Депутат сайловчи қабулида


O`zLiDeP фракцияси аъзоларининг 28 май - 4 июнь кунлари ўз сайлов округларидаги сайловчилар билан учрашувларида асосий эътибор кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга доир қонунчиликни янада такомиллаштириш масалаларига қаратилди.

Маълумки, Юртбошимизнинг «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш — устувор мақсадимиздир» номли маърузасида парламент кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳал қилувчи кучига айланиши лозимлиги таъкидланиб, депутатларнинг ўз сайлов округидаги тизимли фаолиятини яхшилаш борасида зарур тавсиялар берилган эди. Ушбу дастурий маъруза асосида ҳар йили Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ишлари юзасидан дастури қабул қилиниб, шу асосда парламентнинг тизимли фаолияти олиб борилмоқда.

«Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» эса парламент фаолиятида бутунлай янги босқични бошлаб берди, албатта. Таҳлилчилар ана шу муҳим ҳужжатда жамиятни демократлаштириш ва модернизация қилишни изчил давом эттириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доир қонунчилик асосларини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини таъкидламоқдалар.

Хўш, ана шундай муҳим жараёнда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари қай даражада фаоллик кўрсатаяптилар? Сиёсий партияларнинг фракциялари аъзолари томонидан Концепцияда белгилаб берилган вазифалар талаб даражасида ижро этилаяптими? Ана шундай саволлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламентининг 68-моддасига мувофиқ ўтказилган сайловчилар билан учрашувларда асосий мавзуга айланди, десак муболаға бўлмайди.

Бу галги учрашувларнинг фарқли жиҳити шундаки, қуйи палата аъзолари ўзлари мансуб бўлган партиянинг дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан боғлиқ масалаларни ўргандилар. Агар «Миллий тикланиш» ДП аъзолари асосан жойларда туризмни ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни таҳлил этган бўлсалар, «Адолат»чилар эътибори мактабгача таълим муассасаларида тиббий хизматнинг қай даражада йўлга қўйилганига қаратилди. «ЎзХДП» фракцияси вакиллари эса бандлик дастурларининг жойлардаги ижросини ўргандилар.

O`zLiDeP фракцияси аъзолари томонидан эса жойларда саноат ва халқ истеъмоли молларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига бирламчи эътибор қаратилди. Шунингдек, фракция аъзолари тадбиркорлар дуч келаётган муаммоларни аниқлаш, уларни қонунларни янада такомиллаштириш орқали бартараф этиш юзасидан сайловчилар фикр-мулоҳазасини таҳлил этдилар. Зеро, айни пайтда бутун дунёда сифатли озиқ-овқат ва саноат маҳсулотларига бўлган талабнинг ортиб бораётгани маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рақобатбардошлик масаласини кун тартибига қўймоқда. O`zLiDeP кичик бизнес улушида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар салмоғининг кўпайиши бозорни сифатли товарлар билан тўлдириш билан бир қаторда юртимизнинг янада равнақ топишига хизмат қилади, деб ҳисоблайди. Шу боис партия соҳада кузатилаётган ўзгаришларни яна бир бор таҳлил қилиш асносида, унинг ҳуқуқий асосини такомиллаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Таҳлилчилар учрашувларда сайловчилар томонидан янги қонун лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилганини ҳам таъкидлашаяпти. Шу ўринда учрашувлар давомида амалдаги қонунларни такомиллаштириш, улар шаффофлигини таъминлашга оид 350 дан ортиқ таклифлар келиб тушдики, бу сайловчиларнинг депутатлар фаолиятига нисбатан муносабатлари кескин ўзгарганини кўрсатмоқда. Шу ўринда сайловчиларнинг у ёки бу масалани қамраб олган 700 га яқин мурожаатларида кўтарилган масалаларнинг аксарияти жойларнинг ўзида ҳал этилганини таъкидлаш мумкин.

 Бухоро вилоятидаги учрашувлар ҳам сайловчиларнинг сиёсий етуклик даражаси ҳамда ҳуқуқий маданияти ошиб бораётганини намойиш этди. 23-Шоҳруд сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Насимжон Алимовнинг сайловчилар билан учрашувида саволлардан кўра кўпроқ таклифлар билдирилганини таъкидлаш жоиз.

— Бу борада сайловчиларнинг амалдаги қонун ҳамда қонуности ҳужжатлар орасидаги номувофиқликлар, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш борасидаги таклиф ва мулоҳазалари,  айниқса, эътиборга моликдир, — дейди Н.Алимов. — Масалан, Вобкент туманидаги учрашувда «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида» ва «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунларнинг кучга киргани кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда ниҳоятда муҳим экани таъкидланди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки Бухоро азалдан оилавий тадбиркорлик марказларидан бири саналиб, ҳудуддаги маҳаллаларнинг аксарияти уй шароитида тадбиркорлик билан шуғулланади. Улар орасида уста-новвой, зардўз ва кулоллар кўпчиликни ташкил этади. Бухоро туманидаги учрашувлар чоғида эса ушбу қонунлар ижросини таъминлаш, қонуности ҳужжатлари сонини камайтириш лозимлиги тўғрисида фикрлар билдирилди. Бундай мулоҳазалар депутатлар фаолиятини янада такомиллаштириш лозимлигини кўрсатаяпти.

94-Боғдод сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган Қобилжон Тошматовнинг таъкидлашича, «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунга фарғоналик сайловчилар жуда катта қизиқиш билдирмоқдалар. Чунки айни кунда биргина Фарғона водийсининг ўзида 2,5 миллиондан ортиқ аҳоли у ёки бу шаклда оилавий тадбиркорлик билан шуғулланади. Бу кўрсаткич қонун кучга кириши билан янада ортиши муқаррар. Аҳолиси энг зич жойлашган ҳудудда ўз оилавий бизнесини йўлга қўйган оилалар сонининг кўпайиши эса мамлакатимиз иқтисодиётининг янада ривожланиши, турмуш сифатининг бунданда яхшиланишига хизмат қилади.

Шу ўринда сайловчилар билан учрушувларда O`zLiDeP фракцияси аъзолари партия электорати бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ва фермерлар билан очиқ мулоқотлар ҳам ташкил этганларини тилга олиш мумкин. O`zLiDeP фракцияси аъзоси Клара Жумамуротованинг таъкидлашича, хоразмлик сайловчилар, асосан, янги ташкил этилаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш ҳамда жойлардаги маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ўрта синф вакилларига ер участкалари, шунингдек, нотураржой бинолари ажратишда амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, банклар томонидан кредитлар ажратишда қонуний талабларга риоя этилишини ўрганиш ҳамда бу билан боғлиқ ишларнинг аҳволи борасидаги масалалар юзасидан кўплаб саволларни ўртага ташладилар. Шунинг учун ҳам учрашувларда айнан ана шу масалаларни ижобий ҳал этишга хизмат қилувчи «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсатномалар бериш тартиб-қоидалари тўғрисида» ва «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилди.

— Кейинги пайтларда депутатларнинг ўз сайлов округидаги учрашувлари янгича ёндашувлар асосида ташкил этилмоқда, — дейди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Абдуқодир Тошқулов. — Жумладан, юзма-юз мулоқотлар чоғида депутатлар ўз сайловчилари олдида ўтган давр мобайнидаги фаолияти юзасидан ҳам ҳисобот бермоқдалар. Учрашувлар давомида ариза ва мурожаатлар билан ишлаш жараёнига ҳам тегишли ўзгартишлар киритилди. Хусусан, фуқаролар учун қабул кунлари ташкил этиш институтидан фойдаланиш йўлга қўйилгани натижасида мурожаатларга амалий жавоб қайтариш сифати бирмунча яхшиланди. Биргина 70-Термиз сайлов округида фуқаролардан келиб тушган 16 та мурожаатнинг 5 таси ижобий ҳал этилди. 7 таси маҳаллий, 4 таси эса марказий давлат идораларига юборилди.

122-ўузор сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган Шоира Ҳайдарованинг таъкидлашича, учрашувлар давомида унга 50 дан ортиқ оғзаки ва ёзма мурожаатлар келиб тушган. Хусусан, депутатнинг Деҳқонобод тумани сайловчилари билан учрашувлари чоғида «М.Ибрагимов» номли ширкат хўжалиги аҳолисидан ҳудудда телефон ва алоқа воситаларидан фойдаланишдаги муаммоларни ҳал этишда ёрдам сўралган. Депутат мурожаати асосида эса Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги мутасаддилари томонидан ширкат хўжалиги ҳудудига янги антенна ўрнатилди.

Бир сўз билан айтганда, O`zLiDeP  фракцияси аъзолари бугунги глобаллашув даврда мамлакатимизда кечаётган туб ўзгаришларни оддий сайловчига етказиш, уларни давлат ва жамият қурилишидаги иштирокини янада фаоллаштиришга ҳаракат қилаяптилар. Юзма-юз мулоқотлар эса сайловчиларнинг онги ва тафаккури юксалиб бораётганини, эндиликда уларни популистик қарашлар билан чалғитиб бўлмаслигини ҳам кўрсатмоқда. Бу эса депутатларнинг сайловчилар олдидаги масъулиятини янада ошириши баробарида уларнинг қуйи палатадаги фаолиятини такомиллаштириш лозимлигини ҳам англатади, албатта.

Қаҳрамон САЙДАЛИЕВ тайёрлади.

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме