16:45 10.06.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Депутат фаолиятига сайловчи баҳо беради


O`zLiDeP ташаббуси билан Бухорода маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари фаолиятини такомиллаштириш масаласига бағишланган икки кунлик  семинар бўлиб ўтди.

Унда халқ депутатлари Бухоро вилоят кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Муҳиддин Эсанов сўзга чиқиб, халқдепутатлари туман, шаҳар кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари фаолиятини кучайтириш бугунги кундаги энг долзарб вазифалардан эканини таъкидлади.

— Президентимиз томонидан илгари сурилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» бу борадаги фаолиятимизда муҳим аҳамият касб этиши лозим. Нотиқ кейинги пайтда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашларининг қўшма мажлисларини ўтказиш амалиёти яхши натижа бераётганини таъкидлаб, 30 май куни ўтказилган навбатдаги қўшма мажлисда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, бу борада мавжуд имкониятлардан кенг фойдаланиш юзасидан атрофлича фикр юритилганини тилга олди.

Анжуманда Президентимизнинг «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» номли асаридан ўрин олган нутқ ва маърузаларда мустақиллик мавзуси бош мавзу бўлгани, мазкур асарни ўрганиш O`zLiDeP ғоявий йўналишининг асосини ташкил этиши лозимлиги ҳам таъкидланди. Бундан ташқари, Юртбошимизнинг 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ОАВ ходимларига берган интервьюси ҳам сиёсий партиялар, жумладан, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳларининг ёшлар тарбиясига алоҳида эътиборда бўлишларини тақозо этди. Зеро, улар миллат таянчи, мамлакат келажагидир.

Семинарда «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг кичик бизнес  ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, бу борадаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда тадбиркорлик фаолияти эркинлигини кенгайтириш борасида халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг долзарб вазифалари атрофлича муҳокама қилинди.

— Президентимиз Концепцияси асосида қабул қилинган «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлди, — деди семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси И.Насриев. — Зеро, дунё қонунчилик тарихида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам бугунги кунга қадар бизнеснинг «оилавий корхона» тарзидаги янги ташкилий-ҳуқуқий шакли кузатилмаган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси Н.Алимов эса халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан қонунлар ижросига алоҳида эътибор қаратилиши лозимлигини уқтириб ўтди. Токи партия депутатлик корпуси олдида турган энг муҳим вазифалар O`zLiDePнинг Сайловолди платформаси, дастурий ғоя ва мақсадларидан келиб чиққан ҳолда оғишмай амалга оширилсин.

Шунингдек, кун тартибидаги масалалар юзасидан O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарат раҳбари Ф.Ҳотамов, Вобкент тумани ҳокими, халқ депутатлари вилоят ва туман кенгашлари депутати А.Жаводов, фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро минтақавий бўлинмаси раҳбари Ш.Бафоев, O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати депутатлар билан ишлаш сектори мудири А.Ҳусаинов, Бухоро туман партия кенгаши раиси, халқ депутатлари туман кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Ў.Раҳматов сўзга чиқиб, депутатлик гуруҳлари фаолиятини ҳар томонлама такомиллаштириш бу борадаги услубий қўлланма ва меъёрий ҳужжатлар партиявий-ташкилий ишларни сифат жиҳатидан юқори даражага кўтаришга хизмат қилажагини таъкидладилар.

Семинар иштирокчилари тушдан сўнг «Бухара-Гранд» меҳмонхонаси мажлислар залида гуруҳларга бўлинган ҳолда бир қатор амалий ва назарий машғулотлар ўтказдилар. Жумладан, Бухоро, Когон ва Навоий шаҳарлари ва Кармана тумани вакиллари ўз йиғилишларида депутатлик гуруҳининг назорат-таҳлил фаолиятини ташкил қилиш ҳамда ўтказиш, унинг якунларини депутатлик гуруҳида муҳокама этиш масаласини кўриб чиққан бўлсалар, Бухоро, Вобкент ва Нурота туманлари партия фаоллари депутатлик гуруҳи йиғилишида ижро ҳокимияти идораси раҳбарининг ҳисоботи, унинг муҳокамаси, муҳим  таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар. Жондор, Когон, Олот ва Учқудуқ туманлари депутатлари иштирокидаги мулоқотлар эса депутатлик гуруҳи томонидан сўров билан мурожаат қилиш, зарур тушунтириш ва маълумотлар олиш, якуний натижаларни таҳлил этиш, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш масалаларига бағишланди. Пешку, Ромитан, Шофиркон ва Навбаҳор туманлари вакиллари қатнашган йиғилишларда асосан депутатлик гуруҳларининг БПТлар билан ҳамкорлиги, бу борадаги асосий йўналишлар, партия электоратининг ҳудудий муаммоларини ўрганиш якунлари кенг муҳокама қилинди. Шунингдек, Қоровулбозор, Қоракўл, Хатирчи ва Fиждувон туманларидан ташриф буюрган иштирокчилар ўз гуруҳлари йиғилишида партиянинг дастурий мақсадлари, электорат манфаатларига жавоб берадиган муқобил лойиҳаларни тайёрлаш мезонлари ва бошқа масалалар билан шуғулландилар.

Пешку туманидаги «Малишояк» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, халқ депутатлари туман кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Санам Жумаеванинг таъкидлашича, навоийлик маслакдошлар билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир ўзаро тажриба алмашиш имконини ҳам берди.

— Семинарда иштирок этиб, партия фаоллари, унинг турли бўғинлардаги етакчилари назарий-амалий жиҳатдан етук бўлишлари кераклигини қалбан тўла ҳис этдик. Бундай  тадбирларнинг тез-тез ташкил этилиши ва ОАВда кенг ёритилиши умумий ишимизга катта ёрдам беради, албатта.

Шунга ўхшаш фикрларни O`zLiDeP Навоий вилоят кенгаши ҳузуридаги «Сиёсий таълим» маркази раҳбари ўринбосари УмрзоқЭшонқулов, халқдепутатлари Навоий вилоят кенгаши O`zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Акмал Халилов ва бошқалардан ҳам эшитдик. Улар партия фаолларининг сиёсий билим даражасини оширишда Бухорода ташкил этилган икки кунлик амалий семинар муҳим аҳамият касб этишини, бундай тадбирларни тез-тез ўтказиб туриш фойдадан ҳоли эмаслигини таъкидладилар.

Тадбир қатнашчиларини қизиқтирган саволларга ташкилотчилар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди. Халқ депутатлари Бухоро ва Навоий вилоятлари кенгашлари, шаҳар, туман кенгашларидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳлари иш тажрибасини кенг оммалаштириш мақсадида бундай семинарларни вақти-вақти билан ўтказиб туришга келишиб олинди.

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме