15:46 17.07.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Депутат ҳисобот эшитиш билан чекланмаслиги керак
Шунингдек, 2012 йилнинг ўтган даврида жойларда 46 та назорат-таҳлил фаолияти амалга оширилиб, маҳаллий кенгаш сессияларига киритилган таклифларнинг 32 таси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Партия фаолларининг фикрича, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳлари ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг у ёки бу соҳаларини тартибга солишга хизмат қилаётган қонунларнинг ижро этувчи ҳокимият томонидан жойларда қандай бажарилаётгани юзасидан қатъий назорат ўрнатишда алоҳида жонбозлик кўрсатмоқдалар. Шу маънода марказда ва жойларда ижроия ҳокимияти раҳбарларининг уларга ишониб топширилган тармоқларда қонун ҳужжатлари ижроси бўйича ҳисоботларни эшитиш O`zLiDeP депутатлик гуруҳлари фаолиятининг асосий ишига айланмоқда, десак муболаға бўлмайди. Бунда асосий эътибор давлат тузилмаларининг тадбиркорлик соҳасига асоссиз аралашувини камайтириш, шунингдек, 2009-2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастурида кўзда тутилган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилаяпти. Агар ўтган 2011 йилда O`zLiDePнинг барча бўғинлардаги депутатлик гуруҳлари томонидан 186 нафар турли даражадаги мансабдор шахслар ҳисоботи эшитилган бўлса, жорий йилнинг олти ойида бу кўрсаткич 122 тани ташкил этди. Шунингдек, 2012 йилнинг ўтган даврида 46 та назорат-таҳлил фаолияти амалга оширилиб, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига киритилган таклифларнинг 32 таси сессияларда муҳокама қилинди. Маълумки, сўров билан мурожаат қилиш депутатлик назоратининг самарали шаклларидан бўлиб, айни пайтда депутатлик назоратини кучайтириш вазифасини муваффақиятли ҳал этиш, маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш, мавжуд муаммолар юзасидан зарур тавсияларни ишлаб чиқиш имкониятини яратади. Бошқача айтганда, депутат сўровида кўтарилган масалалар бўйича ҳар томонлама тушунтириш бериш давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари мансабдор шахсларининг бевосита вазифаси ҳисобланади. Шу сабабли ҳам Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси депутат сўровининг аҳамиятини ошириш борасида депутатлик гуруҳларига доимий равишда партиявий кўрсатмалар бериб келмоқда. Натижада жорий йилнинг ўтган даврида O`zLiDeP депутатлик гуруҳлари ва алоҳида депутатлар томонидан турли идора ва ташкилот мутасаддиларига 142 та сўров юборилди. Бу борада Хоразм вилоятидаги депутатлар фаолияти, айниқса, диққатга сазовордир. Маҳаллий кенгашлардаги депутатларимиз режага киритилган муҳим масалалар, энг аввало, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича мутасадди идораларга депутатлик сўровлари билан мурожаат қилиб, олинган маълумотларни депутатлик гуруҳи йиғилишларида муҳокама қилмоқдалар.Масалан, халқ депутатлари Янгиариқ туман кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Оллаберган Эрназаров туман иқтисодиёт бўлими бошлиғи Ҳурмат Давлетовга ¤збекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 24 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат бошқаруви идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, тижорат банклари билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлар ҳуқуқлари устуворлиги принципига амал қилиниши, яъни меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги бартараф этиб бўлмайдиган барча зиддият ва ноаниқликлар тадбиркорлар фойдасига талқин этилишининг ҳолати бўйича мурожаат қилди. Сўров юзасидан олинган маълумотларни таҳлил этган О.Эрназаров депутатлик гуруҳи йиғилишида айни шу масалани муҳокама этиш ташаббуси билан чиқди. Зеро, туманда 103 та кичик бизнес субъекти ўз фаолиятини тўхтатган ва уларнинг таъсисчилари O`zLiDePдан сайланган депутатларга ечимини кутаётган масалалар бўйича мурожаат қилган эди. Туманда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига қулай шароит яратиш, банк, солиқ, статистика ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан муайян ишлар амалга оширилган. Бизнес вакилларига услубий ёрдам кўрсатиш учун қишлоқ фуқаролар йиғинлари биносида тадбиркорлар бурчаги ташкил қилинган. Маълумотлар базаси доимий равишда янгилаб борилаяпти. Шунингдек, туман ҳокимлигида тадбиркорлик субъектлари учун «ишонч телефони» ўрнатилди. Бундай саъй-ҳаракатлар натижаси сифатида “Баҳром” фермер хўжалигига 55 минг АҚШ доллари қийматидаги замонавий ускуна келтирилди. Бу ерда банк кредити ҳисобидан йилига 360 тонна сутни қайта ишлашга мўлжалланган янги технологик линия ўрнатилгач, қишлоқда ўнлаб янги иш ўринлари ташкил этилганини ҳам таъкидлаш жоиз. Бундан ташқари, аҳолига хизматлар кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари асосида умумий қиймати 613 млн. сўм бўлган 16 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилди. Натижада 37 та янги иш жойи очилди. — Ҳисоботда қайд этилган ижобий ўзгаришлардан қониқиш ҳосил қилиш мумкин, албатта. Лекин шунга қарамай, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада кенгайтиришга тўсиқ бўлаётган айрим муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ тавсияларни ишлаб чиқиш керак, — деди O`zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Ҳожибой Отажонов. — Масалан, 2012 йилнинг ўтган ярмида туман бўйича бор-йўғи 15 та бизнес субъекти рўйхатга олингани, улардан атиги биттаси кичик корхона эканини қандай изоҳлаш мумкин? Кўриниб турибдики, халқ депутатлари Янгиариқ туман Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари асосий эътиборни электорат фаолиятига қаратмоқдалар. Шу ўринда депутатлик гуруҳи — O`zLiDeP туман Кенгаши томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини айтиб ўтиш лозим. — Туман Кенгашида 11 нафар депутатимиз бор, — дейди кенгаш раисининг биринчи ўринбосари Сардорбек Машарипов. — Улар фаолияти асосан ҳудудимизда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик кўламини янада оширишга қаратилган. Шу сабабдан депутатларимиз билан яқин ҳамкорлик қилиш, уларга партиявий кўрсатмаларни ўз вақтида етказишни устувор вазифамиз, деб биламиз. Хулоса қилиб айтганда, O`zLiDeP депутатлик гуруҳлари ва алоҳида депутатларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада тараққий эттириш борасидаги фаолият кўлами тобора кенгайётгани улардаги масъулият ва дахлдорлик ҳисси ошиб бораётганини кўрсатади. Янгиариқлик либерал-демократларнинг ишлари эса катта бир занжирнинг кичик халқаси, холос.
Озод РАЖАБОВ
«XXI-asr» ижтимоий-сиёсийгазетаси
Обсудить новость на Форуме
29 декабря 2024
« | Декабрь 2024 |
Пн | Вт | Ср | Чт | Пт | Сб | Вс |
1 | ||||||
2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 |
9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 | 15 |
16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 | 22 |
23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 | 29 |
30 | 31 |