11:46 04.04.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Декларацияни электрон шаклда жўнатаверинг
Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қабул қилинган аксарият қонунларда O`zLiDeP электорати бўлган тадбиркор ва ишбилармонлар учун қўшимча қулайликлар яратиш назарда тутилган
«Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам ана шундай қонунлардан бўлиб, ушбу муҳим ҳужжат Президентимизнинг «Ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Шу ўринда янги қонунга биноан товарларни божхона назоратидан ўтказишда электрон ва оғзаки шаклда дастлабки декларациялаш тизими жорий этилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Шу муносабат билан Божхона кодексининг 90-моддаси электрон ва оғзаки шаклда декларациялаш ҳуқуқини берувчи янги норма билан тўлдирилмоқда. Маълумки, амалдаги кодексда декларациялаш жараёни товарлар ва транспорт воситалари, улар жойлаштириладиган божхона режимлари ҳақидаги аниқ маълумотларни белгиланган шаклда баён этиш орқали амалга оширилиши кўрсатилган. Аммо декларация айнан қайси шаклда тўлдирилиши ва тақдим этилиши аниқ белгиланмаган. Янги қонун лойиҳаси айнан ана шундай ноаниқликни бартараф этиш баробарида декларацияни электрон ва оғзаки шаклда тузиш ҳамда божхона постига жўнатиш учун ҳам ҳуқуқий асос яратади.Божхона органларида электрон декларациялаш тизимининг жорий этилиши айниқса ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчилар учун қўшимча қулайликлар яратади. Чунки божхона юк декларациясини расмийлаштириш учун интернет тармоғи орқали электрон шаклда божхона постларига юборилиши, ўз навбатида, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг ҳам вақтини, ҳам маблағини тежайди. Бир сўз билан айтганда, декларацияларни электрон тарзда тақдим этиш механизмининг амалиётда қўлланилиши божхона органлари фаолиятини жаҳон андозалари даражасига кўтариш баробарида ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини соддалаштиради ҳам.Кези келганда, божхона органларида янги тартибни қўллаш учун барча имкониятлар яратилгани, хусусан, ягона электрон ахборот тизими мавжудлиги, республикамиздаги барча ташқи иқтисодий фаолият ва чегара-божхона постлари ушбу тизимга уланганини таъкидлаш жоиз. Яъни, Давлат божхона қўмитасида ўрнатилган сервер нафақат ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан интернет орқали юборилган маълумотларни қабул қилиш, балки уларнинг ахборот хавфсизлигини ҳам таъминлайди. Шу ўринда мазкур қонун лойиҳасига кўра, амалдаги Божхона кодексидаги «Дастлабки божхона декларацияси» деб номланувчи 96-моддани ўз моҳиятидан келиб чиққан ҳолда «Муваққат ва тўлиқ бўлмаган божхона декларацияси» номи остида янги таҳрирда баён этиш таклиф этилаётганини таъкидлаш лозим.Бундан кўзда тутилган асосий мақсад Президентимиз фармонида қайд этилганидек, тадбиркорларга божхона расмийлаштирувини амалга оширишда янада қулайлик яратиш, айниқса, узлуксиз ишлаб чиқариш жараёнида зарур бўлган хом ашёларни четдан келтиришда божхона расмийлаштирувини енгиллаштириш ва тезлаштиришдан иборатдир. Бошқача айтганда, эндиликда товар мамлакатимиз ҳудудига кириб келмасдан аввал ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиси томонидан божхона постига электрон кўринишда юборилган бирламчи ҳужжатларга асосан божхона расмийлаштирувини амалга ошириш мумкин. Бундан ташқари ушбу қонун лойиҳаси ўз маъно-мазмунига кўра, иқтисодиётни либераллаштириш йўналишида илгари сурилаётган ғоя ва ташаббусларга тўла мос келади. Зеро, O`zLiDeP Дастурида белгилаб қўйилганидек, тадбиркор ва ишбилармонларнинг янада кенгроқ фаолият юритиши учун янги-янги имкониятлар яратиш, уларнинг истиқболини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан асослаб бериш, жамиятнинг ушбу табақаси манфаатларини ишончли ҳимоялаш бугунги кундаги энг муҳим вазифалар сирасига киради. “XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме