18:30 13.09.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Давра суҳбати
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик:
жадал ривожланиш учун янги имкониятлар
Мустақил ривожланиш даври мобайнида мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик, эркинлаштириш йўналишидаги ислоҳотларнинг муҳим устуворлиги мулкдорларнинг ўрта бўғинини шакллантириш, миллий иқтисодиётнинг барқарор тараққиётини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадлари ўсишининг, истеъмол эҳтиёжи ортишининг муҳим омили бўлган кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни, имтиёз ва преференцияларни яратишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 24 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ушбу соҳа субъектлари фаолиятининг ҳуқуқий кафолатлари ишончлилигини мустаҳкамлаш учун янада кенгроқ имкониятларни яратди.
ЎзЛиДеП фаоллари, экспертлар ва тадбиркорлар иштирокидаги “давра суҳбати” ана шу мавзуга бағишланди.
Мустаҳкам қонунчилик базаси – кичик бизнес ва
ҳусусий тадбиркорлик ривожининг кафолати
Насим Алимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси:
«Мамлакатимиз иқтисодиётида босқичма-босқич ва изчил тарзда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг бош мақсади – халқ фаровонлигини юксалтириш, Ўзбекистоннинг иқтисодий, шу жумладан, экспорт салоҳиятини, унинг жаҳон хўжалик муносабатларидаги иштирокини оширишдир. Аҳолининг истеъмол талабларини ошириш, ички бозорни маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган сифатли, рақобатбардош товарлар билан тўлдириш, замон талабларини ҳисобга олган ҳолда хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш, экспорт таркибида дунё бозорларида харидоргир бўлган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни кўпайтириш каби ушбу муҳим вазифаларни бажаришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси вакиллари бевосита иштирок этмоқда.
Халқаро ҳуқуқий меъёрлар ва мамлакатимиз ҳаётининг янги шароитларга тўлиқ жавоб берадиган, мустақиллик йилларида шаклланган тегишли қонунчилик базаси республикада кичик бизнес жадал ривожланишининг мустаҳкам пойдевори бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мулкнинг барча шакллари тенг аҳамиятга эгалиги билан бирга хусусий мулкнинг устуворлиги белгилаб қўйилган, бу эса замонавий бозор муносабатлари шаклланишининг бош омилидир. Мазкур соҳадаги муносабатлар Фуқаролик, Ер, Солиқ ва Божхона кодекслари, қатор қонунлар, шу жумладан, “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатлари тўғрисида”ги, “Хусусий корхона тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунлар билан тартибга солинади. Улар нафақат мамлакат иқтисодиётини янада либераллаштириш ва модернизация қилишнинг ҳуқуқий базаси, балки амалга оширилаётган бозор ислоҳотларининг ортга қайтмаслигининг кафолатидир.
Мамлакатимизда ишлаб чиқаришни диверсификациялаш, корхоналар ўртасида кооперацион алоқаларни мустаҳкамлаш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнга кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектлар янада кенг жалб қилинмоқда, бунинг эвазига иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларида, шу жумладан, аграр сектор ва хизмат кўрсатиш соҳасида сифат жиҳатдан таркибий ўзгаришлар юз бермоқда.
Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун янада қулай шароитларни яратиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Мазкур дастурий ҳужжатда қайд этилганидек, хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва ҳимоясини мустаҳкамлашимиз, ҳар қайси хусусий мулкдор қонуний йўл билан қўлга киритган ёки яратган ўз мулкининг дахлсизлигига асло шубҳа қилмаслигини таъминлайдиган ишончли кафолатлар тизимини яратишимиз зарур. Ҳар бир тадбиркор аввало шуни аниқ-равшан билиб олиши керакки, давлат хусусий мулкдор ҳуқуқларининг ҳимоячисидир. Шунинг учун ҳам тадбиркорлар ўз бизнесига бехавотир инвестиция киритиши, ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириши, маҳсулот ҳажми ва олаётган даромадини кўпайтириши, ўз мулкига ўзи эгалик қилиши, фойдаланиши, тасарруф этиши лозим.
Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари мамлакат парламенти олдига қатор муҳим вазифаларни қўйди. Концепцияда баён қилинган қонунчилик ташаббусларига мувофиқ ҳозирги вақтда “Кредит ахбороти алмашуви тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг “Банкротлик тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунлар қабул қилинди. “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-қоидалари тўғрисида”ги, “Рақобат тўғрисида”ги қонун лойиҳалари кўриб чиқилмоқда.
ЎзЛиДеП фракцияси томонидан Концепцияда назарда тутилган қонун лойиҳалари сифатини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қонун лойиҳаларининг муҳокамасига мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг жамоатчиликни, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес соҳаси вакилларини фаол жалб қилиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Концепция доирасида қабул қилинаётган қонунларнинг мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳимлигини инобатга олиб, ЎзЛиДеП ўз электоратини имкон қадар, яъни мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудуларидаги электорат вакилларигача кенг қамраб олишга интилмоқда.
Бугунги кунгача “Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-қоидалари тўғрисида”, “Рақобат тўғрисида”ги каби қонун лойиҳалари бўйича туркум тадбирлар ўтказилди. Тадбирлар мамлакатнинг 9 вилоятида ташкил қилинди, уларда қарийб 800 нафар партия электорати вакиллари қатнашди. Иштирокчиларнинг таклифларини қонун лойиҳаларининг қуйи палатада муҳокама қилиш жараёнида ҳисобга олиш учун тавсиялар ишлаб чиқилаётганини олиб борилаётган ишларнинг аниқ натижаси сифатида баҳолаш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 24 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида белгиланган иқтисодиётимиз салоҳиятини оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик роли ва аҳамиятини изчил оширишга қаратилган ўзгаришлар стратегиясининг мантиқий давоми бўлди. Фармонда Юртбошимиз томонидан белгиланган комплекс чора-тадбирлар “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастурини бажаришга қаратилган, унинг рўёбга чиқарилиши жараёнида тадбиркорлик фаолияти учун янги, янада кенг имкониятлар яратилмоқда.
Бунда хўжалик юритувчи субъектларга (шу жумладан, кичик бизнес субъектларига) солиқ тўловлари бўйича имтиёзлар ва преференцияларнинг кенг турларини тақдим этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан:
- 2012 йил 1 январдан саноат соҳасидаги микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкасини 6 дан 5 фоизгача камайтириш кўзда тутилган;
- 2011 йил 1 октябрдан солиқ, божхона тўлови ва йиғимларини ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлашнинг муддатларини бузганлик учун ҳар бир муддатидан ўтган кун учун пеня миқдори уни ҳисоблаш тартибини сақлаб қолган ҳолда амалдагига нисбатан учдан бир қисмига камайтирилмоқда.
Агар бугунги кунда солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддатларини бузганлик учун ҳар бир ўтказиб юборилган кун учун 0,05 фоиз миқдорида пеня ҳисобланган бўлса, энди 2011 йил 1 октябрдан пеня миқдорини уни ҳисоблаш тартибини сақлаб қолган ҳолда 0,03%гача камайтириш назарда тутилган. Бу тадбиркорлик субъектларига йилига 158,0 млрд.сўм миқдорида маблағ тежаш имконини беради.
Айни пайтда юридик шахслар текширувлар натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни, шунингдек, молиявий санкцияларни ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб олти ой мобайнида тенг улушларда тўлаш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, солиқ ҳисобдорлигини такомиллаштириш ва соддалаштириш мақсадида барча кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини 2014 йилнинг охиригача солиқ ва молиявий ҳисоботларни топширишнинг электрон тизимига босқичма-босқич ўтказилиши кўзда тутилган.
Қайд этилган чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида солиқ юки салмоқли равишда камаймоқда. Саноат соҳасидаги микрофирма ва кичик корхоналар тасарруфида 2012 йилнинг ўзида солиққа солинишдан озод бўладиган 34,8 млрд.сўм миқдорида қўшимча маблағлар сақланиши кутилмоқда. Ушбу маблағлар кичик бизнес субъектлари томонидан айланма маблағларни тўлдириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, қайта тиклаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ҳамда маҳсулотнинг янги турларини ишлаб чиқаришга йўналтирилади.
Фармонга мувофиқ тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш характеридаги ҳужжатларни янада такомиллаштириш, экспортга йўналтирилган товарларни ишлаб чиқариш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, инновацион технологияларни жорий этишга доир қатор масалаларга ойдинлик киритилган.
Жумладан, жойлардаги давлат бошқаруви ва давлат ҳокимияти органлари томонидан қонунчиликда кўзда тутилмаган янги рухсат бериш тартиб-қоидаларини жорий этиш ман этилган. Тадбиркорлик фаолияти эркинлигини чекловчи, бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштиришнинг замонавий шароитлари ва талабларига жавоб бермайдиган рухсат бериш қоидаларини бекор қилиш ва соддалаштириш ҳақида қарорларни қабул қилиш учун идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг инвентаризация-хатлови ўтказилмоқда.
Шу муносабат билан таъкидламоқчи эдимки, ушбу чора-тадбирларни тўлиқ амалга оширилиши қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият бўғинларининг, шу жумладан, жойлардаги мутасаддиларнинг ўзаро боғлиқ, мувофиқлашган фаолиятига ва шу билан бирга тақдим этилаётган катта имтиёзлар, преференциялар ва имкониятлардан фойдаланишда ташаббус кўрсатиши лозим бўлган бевосита тадбиркорларга боғлиқ.
Устувор мақсад – тадбиркор манфаатлари
Сайёра Сулаймонова, ЎзЛиДеП фаоли – тадбиркор (Тошкент вилояти):
«Амалиётчи-тадбиркор сифатида Президентимиз Фармонига мувофиқ эндиликда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги барча қарама-қаршиликлар ва тушунмовчиликлар тадбиркорлар манфаатлари йўлида изоҳланиши мени қувонтирмоқда. Бу дегани, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг барча даражадаги давлат бошқаруви органлари, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари, тижорат банклари билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлар ҳуқуқлари устуворлиги тамойили амал қилиши лозим.
Юртбошимиз Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда амалдаги қонунчилик ҳужжатларига тадбиркорлар ҳуқуқлари устуворлиги тамойилини белгилашни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш ҳақида таклифларни ишлаб чиқиш ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритишни топширди.
Менинг ҳамкасбларим – кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари мазкур қонунчилик ҳужжатига алоҳида эътибор қаратишларини истардим. У мамлакатимиз бизнес-маконини ривожлантириш жараёнида янги ва сезиларли бурилиш ясаб, уни янада юқори даражага олиб чиқмоқда.
Президент Фармонига биноан микрофирма ва кичик корхоналар ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)нинг экспортидан тушадиган валютадаги даромадларининг 50 фоизини мажбурий сотишдан озод қилинди. Шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича республиканинг барча ҳудудларида ваколатхоналарига эга бўлган “Ўзтадбиркорэкспорт” ихтисослашган ташқи савдо компаниясини очиш кўзда тутилган.
Хўжалик субъектлари технологик ускуналарга Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича республика ҳудудига олиб келинадиган эҳтиёт ва бутловчи қисмлар учун 2016 йилнинг 1 январигача божхона тўловларини (божхона расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно) тўлашдан озод этилди.
Ушбу барча чоралар, шубҳасиз, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятда қатнашишлари, экспорт салоҳиятини оширишлари, экспорт маҳсулотларини минтақавий ва жаҳон бозорларига олиб чиқиш, ишлаб чиқаришга замонавий инновацион технологияларни жорий этиш учун кенг имкониятлар яратади.
ЎзЛиДеП фаоли ва унинг электорати вакили сифатида яна бир бор шуни таъкидламоқчиманки, мамлакатимиз мустақиллиги йилларида турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бирга, маҳаллий бизнеснинг интеллектуал ва иқтисодий ўсиши юз берди ва энг муҳими, менимча, бугунги тадбиркор қонунга таянмоқда, унга ва барқарор келажакка ишонмоқда”.
Кичик бизнес субъектларининг устувор молияланиши
Шуҳрат Султонходжаев, ЎзЛиДеП фаоли – тадбиркор (Тошкент шаҳри):
«Президентимиз Фармонида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг энг муҳим устворликларидан бири сифатида ушбу соҳа субъектларини имтиёзли кредитлаш кўзда тутилган. Ушбу маблағларнинг юқори технологияли маҳсулотларни харид қилишга, банк тизими томонидан тадбиркорларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишга йўналтириш мўлжалланмоқда. Маълумки, бизнесни тўлақонли ривожлантириш учун молиялашни тартибга солиш, шунингдек, юқори технологияли жиҳозларни харид қилиш кўзда тутилмоқда.
Бунинг учун Фармонга биноан, тижорат банкларида миллий валютада ҳисоб рақами очганлик учун тўлов ундириш бекор қилинди, тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг келишилган ҳажмда кредитлар ажратиш ҳақидаги аризаларини кўриб чиқиш муддати уч банк кунидан ошмайдиган муддат билан чегараланди, тўлов терминаллари чекларини бирламчи бухгалтерлик ҳужжатларига тенглаштирилди.
ЎзЛиДеП тадбиркорлар манфаатларини таъминлаш ишига ўзининг устувор йўналиши деб қарамоқда. Шу нуқтаи назардан қайд этиш зарурки, партия фаоллари Марказий банк ва 10 та тижорат банки билан ҳамкорликда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлаш механизмини такомиллаштириш ва ҳажмини кўпайтириш, уларнинг бошланғич капиталини шакллантириш, ҳуқуқий маданиятини ва бизнес кўникмаларини оширишга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Жумладан, ҳудудларда “Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш – аҳоли фаровонлигини ошириш гарови” мавзуида семинарлар туркуми ўтказилмоқда. Улар тадбиркорлик фаолиятини жонлантиришга ва аҳоли бандлиги масалаларини ҳал қилишга йўналтирилган. Бўлиб ўтган семинарларда банк тузилмалари томонидан тадбиркорлик субъектлари учун яратилган қулай шарт-шароитлар, бизнесни очиқ ва самарали бошқариш, бошланғич сармояни шакллантириш масалалари муҳокама қилинмоқда. Семинарлар иштирокчилари партиявий тадбирлар давомида амалга оширилган бизнес лойиҳалар намуналари билан танишди, уларга кредит олиш, керакли ҳужжатларни расмийлаштириш борасида маслаҳатлар берилмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш зарурки, Марказий банк маълумотларига кўра, банк соҳасида кичик бизнес ва фермерлик субъектларини кредитлаш механизмларини такомиллаштириш, уларга ажратилаётган кредитлар ҳажмини кўпайтириш, биринчи галда инвестициявий мақсадларга мўлжалланган, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, бошланғич сармояни шакллантириш учун ўрта муддатли ва узоқ муддатли кредитларни ажратиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилган. Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар ҳажми барча манбалар ҳисобидан 2010 йилда 2 690, 2 миллиард сўмни ташкил этди ва 2000 йилга нисбатан 26 баравар ортди. Шу йилнинг биринчи ярим йиллигида 2 триллион сўмдан ортиқ кредитлар берилди.
Президент фармонида кўзда тутилган яна бир муҳим янгилик шундаки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан янги технологик ускуналар харид қилиш учун бериладиган кредитларнинг гаров билан қопланмаган қисми бўйича таъминотни тақдим этиш учун Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича кафолатлаш фондини ташкил этиш кўзда тутилган. Кўплаб хорижий давлатларда шундай кафолат фондлари муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Бу орқали шу соҳада фаолият юритаётган субъектларни қўллаб-қувватлаш баробарида янги субъектлар ташкил этилиши рағбатлантирилмоқда.
Мамлакатимизда бундай фонднинг ташкил этилиши тадбиркорларнинг кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради. Бу эса кичик бизнес ва тадбиркорлик корхоналарида жадал ривожланиш, техник ва технологик янгиланиш, бу соҳанинг мамлакат иқтисодиётидаги улушини кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этади”.
Ўрта синф мулкдорлари – демократик жамият таянчи
Шавкат Халилов, ЎзЛиДеП бошланғич ташкилоти раҳбари:
Муҳтарам Юртбошимиз томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси Ўзбекистонда жамият ва давлат ривожининг тубдан янги босқичини бошлаб берди.
Мустақил ривожланишнинг йигирма йили мобайнида қилинган ишларни таҳлил қилар эканмиз, ислоҳотларнинг «ўзбек модели» босқичма-босқич ва изчил ривожлантирилиши, пухта ўйланган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларнинг амалга оширилиши миллий иқтисодиётнинг, фуқаролик жамиятининг барқарор ва динамик ривожланишини, аҳоли фаровонлиги ўсишини таъминлади дейиш учун барча асосларимиз бор.
Биз ҳаммамиз мулкчилик таркибида содир бўлган ўзгаришлар, кўп укладли иқтисодиётнинг шаклланиши, хусусий мулк устувор тарзда ривожланганлигига гувоҳмиз. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакат иқтисодиётида устувор ўрин эгаллаши баробарида бозорни зарур товарлар ва хизматлар билан тўлдириш, аҳоли даромадлари ва фаровонлигини ошириш, аҳоли бандлигининг муҳим омилига айланди.
Сўнгги ўн йил давомида ялпи ички маҳсулот таркибида кичик бизнес улуши 31,1 дан 52,5 фоизгача ортди, иқтисодиётнинг турли соҳаларида ишловчилар даражаси – 49,7 дан 74,5 фоизгача кўпайди. Тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар аҳоли даромадининг 47 фоизини ташкил этади. Бу мамлакатимизда хусусий тадбиркорликни тараққий эттиришга, демократик жамиятнинг асоси бўлган мулкдорларнинг ўрта бўғинини ривожлантиришга қаратилаётган эътиборнинг яққол далилидир.
Бевосита электорат билан иш олиб бораётган партия бошланғич ташкилотининг раҳбари сифатида шуни ишонч билан айтишим мумкинки, тадбиркорлар ва партия фаоллари «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» давлат дастурининг қабул қилиниши ва амалга оширилишини миллий иқтисодиётни мустаҳкамлаш, бу жараёнда хусусий сектор ролини ошириш, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам деб баҳоламоқда.
Бу йил тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш бўйича давлат божи ставкаси икки баравар қисқартирилди. Кичик корхоналар ишчилариниг ўртача йиллик сони 100 кишигача кўпайтирилган фаолият турлари жиддий тарзда кенгайтирилди. Кичик бизнес субъектларини давлат харидлари жараёнига кенг жалб қилиш механизми ишлаб чиқилди ва жорий этилди.
Давлат ва назорат органларининг корхоналарнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашувларини тубдан қисқартиришга ҳамда тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий эркинликлари ва ҳуқуқларини жиддий равишда кенгайтиришга йўналтирилган бир қатор қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди. Кичик корхоналар ва микрофирмалар фаолияти бўйича режали солиқ текширувлари ўтказилмайдиган муддат икки йилдан уч йилгача узайтирилди. Солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаётган, шунингдек барқарор ривожланиш суръатларига ва ишлаб чиқариш рентабеллигига эришган кичик тадбиркорлик субъектларида уч йил давомида солиқ текширувларини ўтказиш тақиқланади.
“Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” ва тегишли давлат дастури вазифаларининг босқичма-босқич амалга оширилиши ушбу соҳанинг ривожланишига, мамлакатимизда мулкдорларнинг ўрта бўғини мустаҳкамланишига ижобий таъсир кўрсатаётган салмоқли натижаларни бермоқда. 2011 йил 1 июль ҳолатига кўра ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кичик бизнес корхоналарининг саноат ишлаб чиқариши ҳажми 20,4 фоизга, ўз маҳсулотларини биржа савдолари орқали экспорт қилиш ва сотиш ҳажми 1,5 баравар ортди, улар томонидан ишлаб чиқарилган саноат маҳсулоти ҳажмининг ўсиши 999.4 миллиард сўмни ташкил этди. Маҳсулотлар ва хизматлар экспорти ҳажми 302,3 миллион АҚШ долларига ошди, фермерлар томонидан 2010 йилга нисбатан 392,2 миллиард сўмдан кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқарилди. Фаолият юритаётган бизнес субъектлари сони 283,3 мингтага кўпайди, бу эса 284 минг кишининг бандлигини таъминлади.
Биз Давлат дастурининг барча устувор йўналишларини амалга оширишни ўзимизнинг устувор вазифамиз деб белгиладик. Йилнинг бошидан электорат ва молия-бизнес соҳаси, солиқ ва божхона вакиллари иштирокида бир қатор муҳим масалаларга бағишланган 50 дан ортиқ «давра суҳбатлари» ва семинарларни ўтказдик. Бу тадбирлар, жумладан, саноат тармоқларида кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга, замонавий юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этишга, давлат ва назорат органларининг корхоналарнинг молиявий-хўжалки фаолиятига аралашувини қисқартиришга бағишланди. Бунда асосий эътибор ҳам тадбиркорларнинг, ҳам назорат органлари ходимларининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилди. Ушбу тадбирлар давомида ишлаб чиқилган таклифлар юқори партия ташкилотлари ва партиямиз депутатларига назорат-таҳлилий ва қонун ижодкорлиги фаолиятида фойдаланиш учун тақдим қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 24 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, шубҳасиз, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва эркинлаштириш йўлида олиб борилаётган тизимли ишларга янги туртки бериши, тадбиркорларга кўпроқ эркинлик яратишга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни баратараф этишга, соҳанинг экспорт салоҳиятини ривожлантиришга, аҳоли бандлиги ва даромадини орттиришга хизмат қилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу ЎзЛиДеПнинг асосий дастурий вазифасидир. Шундан келиб чиққан ҳолда бошланғич партия ташкилотимизнинг бош вазифаси – тадбиркорлар ва фермерлар, мулкдорларнинг ўрта синфи, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари, молия-банк тузилмалари билан мазкур Фармон ва «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» давлат дастурининг барча бандларини бажариш йўлидаги ишларни янада жонлантиришдан иборат.
Умуман, “давра суҳбати” иштирокчиларининг фикрича, бозор муносабатларини ва хусусий мулкчилик ҳуқуқини эътиборга олган ҳолда жаҳон бозорида рақобатбардош бўлган миллий иқтисодиётни ривожлантириш доимий ва изчил ривожланиб бораётган жаарён. Президентимизнинг 2011 йил 24 августдаги Фармонининг қабул қилиниши бу соҳа учунгина эмас, балки бутун иқтисодиётимизни ривожлантириш учун катта аҳамиятга эга. Ушбу муҳим ҳужжатнинг амалга оширилиши тадбиркорлик фаолияти йўлида ғов бўлаётган жойлардаги ҳал қилинмаган муаммоларни енгиб ўтишда ёрдам беради.
Фармон тадбиркорлик фаолиятининг самарадорлигини ошириш, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини жадал ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади, зеро ушбу соҳанинг мустаҳкамланиши ва кенгайтирилиши мамлакатимиз иқтисодиётнинг салоҳиятини ошириш истиқболларини белгилаб беради.
ЎзЛиДеП Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме